АҚШнинг Япониядаги Ҳирошима ва Нагасаки шаҳарларига атом бомбаси ташлаганига 79 йил бўлди. Ўшанда жабрланган япон халқи мислсиз фожиани ҳамон унутгани йўқ.

Ҳанузгача Ҳирошима ва Нагасакида радиация миқдори баланд ва бу ерда чақалоқлар нуқсон билан туғилади.

Инсоният Иккинчи жаҳон урушидан ҳамда Ҳирошима ва Нагасаки фожиасидан етарлича хулоса чиқармади. Ўшандан кейин ҳам дунёда кўплаб урушлар бўлиб ўтди. Қуролли можаролар ва урушлар бугун ҳам давом этмоқда.

Боз устига, ўтган асрнинг иккинчи ярмида ўнга яқин давлат ядро қуролларига эга бўлди ва бу ҳам Ер курраси учун энг жиддий хавф ҳисобланади.

Ядро қуролларига эга давлатлар орасида СССР алоҳида ажралиб турган. Бу давлат XX асрнинг 60–70-йилларида жуда кўп марта атом бомбаси синовларини ўтказган.

Бундан ташқари, турли лойиҳаларни амалга оширишда ўз фуқаролари соғлигини, ҳудудларнинг яроқсиз бўлишини инобатга олмасдан, атом бомбаларини қўллаган.

Советлар Ўртабулоқдаги газ конини ҳам атом бомбаси портлатиб жиловлашади

Узоққа бормайлик, ҳатто Ўзбекистон ҳудудида ҳам икки марта газ конини жиловлаш учун атом бомбадан фойдаланилган. Биринчиси 1966 йилда Бухоро вилоятидаги Ўртабулоқ газ конини, иккинчиси 1967 йилда Қашқадарё вилоятидаги Помуқ газ конини жиловлашда атом бомбаси портлатилган.

Умумий ҳисобда 1965 йилдан 1988 йилгача СССРда тинч мақсадларда, турли лойиҳаларни амалга ошириш учун 124 марта атом бомбаси портлатилган.

Шундан 117 та портлаш махсус полигонлардан ташқарида, аҳоли масканларига яқин жойларда амалга оширилган. Советлар бу портлашларни “Халқ хўжалиги учун ядро портлашлари” дастури доирасида амалга оширган.

Жумладан:

  • Россияда – 80 та;
  • Қозоғистонда – 39 та;
  • Украинада – 2 та;
  • Ўзбекистонда – 2 та;
  • Туркманистонда – 1 та атом бомбаси портлатилган.