Жаҳон | 17:15 / 26.08.2024
6553
3 дақиқада ўқилади

ОАВ: Россияда мулозимлар ва бизнесменларга телеграмдаги ёзишмаларини ўчиришга топшириқ берилган

Песков Путин Бокуда Дуров билан учрашгани ҳақида тарқалган хабарларни рад этди ва Telegram асосчиси Францияда қўлга олингани юзасидан хабарга муносабат билдиришни истамади.

Фото: Michele Ursi / Shutterstock.com

25 август куни Францияда Telegram асосчиси Павел Дуров қўлга олиниши ортидан Россиядаги расмийлар ва айрим йирик бизнесменларга ушбу мессенжердаги иш бўйича ёзишмаларини ўчириб юбориш буюрилган. Бу ҳақда Россия ҳуқуқ-тартибот идораларига яқин ҳисобланган Baza телеграм-канали хабар тарқатди.

Нашр манбаларига кўра, бундай топшириқ айрим кучишлатар тузилмалар, президент администрацияси, Россия ҳукумати, шунингдек РФ мудофаа вазирлигининг қатор юқори мартабали мулозимларига келган.

Шу билан бирга, Baza билан суҳбатлашган айрим расмийлар улардан телеграмдаги ёзишмаларни ўчириш сўралмаганини айтишган. Нашр суҳбатдошлари бундай кўрсатма 26-27 август кунлари бўлишини кутишаётганини айтишган.

Шу билан бир вақтда россиялик пропагандачи Маргарита Симонян телеграмдаги каналида «нозик суҳбатлар, ёзишмалар учун телеграмдан фойдаланишга одатланган ҳар бир киши энди бундай ёзишмаларни ўчириб ташлаши ва бошқа бундай қилмаслиги кераклиги» ҳақида ёзган.

РФ президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Павел Дуров қўлга олиниши билан боғлиқ хабарни изоҳлашни истамаган.

«Биз ҳозирча Дуров айнан нимада айбланаётганини билмаймиз, биз бу борада ҳеч қандай расмий баёнотни кўрганимиз йўқ. Нимадир дейишдан олдин вазият ойдинлашишини кутиш лозим: Дуровни айнан нимада айблашмоқчи эканини. Бусиз, қандайдир баёнот бериш тўғри бўлмайди», — деган Песков журналистларга (иқтибос «Вы слушали Маяк»дан).

Песковдан шунингдек Дуров ва Владимир Путин айрим манбалар айтганидек Бокуда учрашгани борасида изоҳ сўрашган. РФ президенти матбуот котиби бунга жавобан қисқа жавоб қайтарган: «Йўқ».

Павел Дуров 24 август куни Париждаги аэропортда қўлга олинди, у бу ерга Озарбойжон пойтахтидан хусусий самолётда учиб келганди. Қўлга олиш тўғрисидаги ордер Франция суд полицияси томонидан «дастлабки тергов» асосида берилган. TF1 телеканалига кўра, Дуровга телеграмда модерация йўқлиги, мессенжер маъмурияти эса
ҳукумат билан ҳамкорлик қилишдан бош тортаётгани туфайли оғир жиноятлар бўйича айбловлар қўйилиши мумкин. Дуров 26 август куни судга келтирилиши кутилмоқда. Франция ҳукумати Павел Дуров қўлга олингани юзасидан расмий баёнот бермаган.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид