Технология | 10:41 / 01.12.2025
3081
2 дақиқада ўқилади

Павел Дуров 100 фоиз махфий Cocoon СИ-тармоғи ҳақида эълон қилди

Павел Дуров сунъий интеллектга бўлган сўровларни қайта ишлаш учун ҳисоблаш тармоғини ишга туширгани ҳақида хабар қилди. Унинг айтишича, Cocoon номи берилган тармоқ 100 фоиз махфийликни таъминлайди, унинг хизматлари эса рақобатчиларникига қараганда арзонроқ.

Фото: Видеодан кадр

Telegram асосчиси Павел Дуров якшанба куни, 30 ноябрда, Cocoon («Кокон») номли сунъий интеллект ҳисоблашлари учун мўлжалланган тармоқни ишга туширгани ҳақида эълон қилди. Дуровнинг сўзларига кўра, мазкур тармоқ фойдаланувчиларга сунъий интеллектдан фойдаланишда 100 фоиз махфийликни таъминлайди.

«Ишлаб чиқувчилар Microsoft ёки Amazon каби марказлашган провайдерларга нисбатан арзонроқ тарифларда ҳисоблаш ресурсларидан фойдаланиш имконини олади. Видеокарта эгалари эса ўз ускуналарини Cocoon тармоғига улаган ҳолда, реал вақт режимида TON криптовалютасида даромад топиши мумкин», — деб ёзди тадбиркор.

Дуровнинг қайд этишича, Telegram’да хабарларни автоматик таржима қилиш билан боғлиқ айрим сўровлар аллақачон ушбу янги тармоқ орқали ўтмоқда.

6 июл куни Дуров томонидан ташкил этилган блокчейн-платформа TON криптовалюта соҳибларига Бирлашган Араб Амирликларида 10 йиллик «олтин виза» олиш имконини беради, деган даъво билан махсус дастур ишга туширилганини эълон қилди. Гўёки бундай виза олиш учун Toncoin’га 100 минг доллар сармоя киритиш ва яна 35 минг доллар комиссия тўлаш керак. Компания сайтида «олтин виза»га ҳужжат топширилганидан сўнг етти ҳафтадан камроқ муддатда эга бўлиш мумкинлиги, шунингдек, ушбу виза орқали эр ёки хотин, фарзандлар, ота-онани ҳам Амирликларга кўчириш мумкинлиги айтилган эди. Бу хабарлар фонида Toncoin курси 12 фоизга ошган.

Бироқ БАА ҳокимияти бу маълумотни рад этди. Федерал идентификация ва фуқаролик бошқармаси (ICP), Қимматли қоғозлар бўйича бошқарма (SCA) ва Дубай виртуал активлар регулятори (VARA)нинг қўшма баёнотида рақамли активларга инвестициялар «олтин виза» олиш учун расмий тасдиқланган мезонлар рўйхатига кирмаслиги таъкидланди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид