БМТ раҳбари глобал исиш Тинч океанидаги орол давлатларга хавф солаётганини маълум қилди
Гутерришнинг таъкидлашича, дунё ҳамжамияти Тинч океани минтақасига нисбатан катта адолатсизлик қилмоқда.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош котиби Антониу Гутерриш атмосферани энг кўп ифлослантираётган давлатлар заҳарли газ чиқиндиларини камайтиришга асосий жавобгар эканини таъкидлади. Бу ҳақда у Тинч океани ороллари форуми раҳбарларининг йиғилишида гапирди.
“Бугун Тинч океани дунёдаги энг заиф минтақа. Бу ҳудудга нисбатан катта адолатсизлик қилинмоқда, шу сабабдан мен бу ердаман”, — деди у.
БМТ денгиз сатҳининг кўтарилиши ва унинг Тинч океанидаги орол давлатларга таҳдиди ҳақида иккита алоҳида ҳисобот эълон қилди.
Жаҳон метеорология ташкилоти ҳисоботида айтилишича, минтақада денгиз сатҳининг кўтарилиши, океан исиши ва кислоталаниш даражаси уч баравар ошган.
“Сабаби аниқ: асосан қазиб олинадиган ёқилғилардан фойдаланиш натижасида ҳосил бўладиган иссиқхона газлари сайёрамизни жизғанак қилмоқда”, — деди Гутерриш форумдаги нутқида. “Денгиз том маънода иссиқликни ютади”.
Бу йилги форум мавзуси “Трансформатив бардошлилик” бўлди. Очилиш кунида меҳмонлар сув тошқинлари ёки зилзила туфайли эвакуация қилинган аҳолига хизмат кўрсатувчи янги бинони синовдан ўтказди.
БМТ эълон қилган ҳисоботлардан бири “Қизиётган сайёрадаги денгизларнинг кўтарилиши” деб номланди, унда ўртача глобал денгиз сатҳи сўнгги 3000 йил ичида мисли кўрилмаган даражада кўтарилаётгани айтилади.
Ҳисоботга кўра, сўнгги 30 йил ичида сув сатҳи ўртача 9,4 сантиметрга кўтарилиб, Тинч океанининг тропик қисмида 15 сантиметрга етган.
Гутерриш Тинч океани ороллари форуми етакчилари йиғилишида иккинчи бор иштирок этмоқда. Ҳар йили ўтказиладиган тадбир Тинч океанидаги 18 та орол, жумладан Австралия ва Янги Зеландия раҳбарларини бир жойга жамлайди.
Бу гал етакчилар расмий очилиш маросимига йиғилган пайтда кучли ёмғир ёғиб, сув тошқинлари юз берди. Кўп ўтмай, Тонга минтақасида 6,9 магнитудали зилзила қайд этилди — бу унинг қанчалик заифлигини кўрсатади, дейилади BBC хабарида.
2019 йилда Гутерриш Тувалуга бориб, у ерда денгиз сатҳининг кўтарилиши ҳақида огоҳлантирганди. Беш йил ўтиб, у чинакам ўзгаришларни кўрганини айтди.
“Муаммо шундаки, Тинч океани ороллари яна бир катта адолатсизликка дучор бўлмоқда — қийин аҳволдаги мамлакатларни қўллаб-қувватлаш учун мавжуд халқаро молиявий воситалар бундай давлатлар учун мўлжалланмаган”.
Конференцияда қатнашган кўпчилик минтақадаги энг йирик донор ва заҳарли газ чиқиндиси манбаи Австралияни ажратиб кўрсатишди.
Қазиб олинадиган ёқилғидан босқичма-босқич воз кечиш ҳақидаги чақириқларга қарамай, 2024 йил бошида бош вазир Энтони Албанезе Австралия бундай энергия манбаларини газ қазиб олиш ва фойдаланишни “2050 ва ундан кейинги йилларда” ҳам давом эттиришини айтган.
“Асосий жавобгарликни атмосферани энг кўп ифлослантираётганлар ўз зиммасига олади”, — деди Гутерриш.
Аввалроқ БМТ раҳбари дунё аҳолисини иссиқликдан ҳимоя қилиш учун шошилинч чоралар кўришга чақирганди. Ташкилот сўнгги ўн йил кузатувлар тарихидаги энг иссиқ давр бўлганини маълум қилган.
Мавзуга оид
13:38 / 24.12.2024
“Болалар совуқдан музлаяпти” – БМТ вакиллари қиш фаластинликлар ҳаётини янада оғирлаштираётганини маълум қилди
11:15 / 12.12.2024
Ўзбекистон халқаро мажбуриятларни бажариш доирасида 530 дан ортиқ фуқаросини Яқин Шарқдан қайтарди
18:38 / 11.12.2024
Марказий Осиёда одам савдоси кўрсаткичлари пасаймаяпти – БМТ
21:15 / 10.12.2024