Жаҳон | 19:11 / 27.08.2024
3661
4 дақиқада ўқилади

Канада Хитой электромобилларига 100 фоиз бож жорий қилади

Бу қарор Хитойда ишлаб чиқарилган Tesla автомобилларига ҳам тааллуқли. Хитой Канадани Жаҳон савдо ташкилоти қоидаларини бузишда айблади.

Фото: Getty Images

АҚШ ортидан Канада ҳам Хитойда ишлаб чиқарилган электромобиллар импортига 100 фоизлик бож тўлови белгиланишини эълон қилди. Бундан ташқари Хитой пўлати ва алюминийсига 25 фоиз бож жорий этиш режалаштирилмоқда, деб ёзади BBC.

Қарор Канаданинг Янги Шотландия провинциясидаги Галифакс шаҳрида АҚШ миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан, Канада бош вазири Жастин Трюдо ва бошқа вазирлар билан уч кунлик ёпиқ учрашувдан сўнг қабул қилинди.

Хитой каби ўйинчилар глобал бозорда адолатсизлик билан устунликка эришиш йўлини танлаган, бу эса бизнинг муҳим тармоқларимизни хавф остига қўйиб, Канаданинг автомобил ва пўлат ишлаб чиқарувчи садоқатли компанияларини сиқиб чиқармоқда”, — деди Трюдо.

У, шунингдек, Оттава Хитой сингари мамлакатларнинг бозорга хос бўлмаган амалиётларидан бутун дунё истеъмолчиларини ҳимоя қилиш учун АҚШ ва бошқа иттифоқчилари билан ишлашда давом этишини таъкидлади.

Хитойда ишлаб чиқарилган барча электромобиллар ва қатор ҳибрид автомобилларга янги импорт божи 1 октябрдан кучга киради. Пўлат ва алюминий учун қўшимча божлар 15 октябрдан қўлланади.

Бош вазир ўринбосари Кристия Фриланд Канада бошқа тармоқлар, жумладан, батареялар, қуёш панеллари, чиплар ва муҳим минераллар бўйича потенциал бож тарифларини ўрганиш учун 30 кунлик маслаҳатлашув бошлаётганини эълон қилди.

Хитойда ишлаб чиқарилган Tesla автомобилларига ҳам 100 фоиз солиқ солинади

100 фоиз солиқ Хитойда ишлаб чиқарилган Tesla машиналарига ҳам таъсир қилади. Tesla акциялари 26 август куни 3 фоизга арзонлашди. Tesla Model 3 седани ва Model Y кроссоверларини Канадага Хитойдан жўнатишини кўрсатувчи маълумотлар бор, аммо компания аниқ рақамларни ошкор қилмаган. Канада ҳукумати ишлаб чиқарувчилар заводни Хитойдан бошқа мамлакатларга кўчирса, зарар кўрмаслигини билдирди.

Таъкидлаш керак, Хитой электромобиллари ҳали Канадада сезиларли бозор улушини эгаллай олмаган, асосий маҳсулот Хитойда ишлаб чиқарилган Tesla ҳисобланади. Маълумотларга кўра, Хитойдан Канадага импорт қилинган электромобилларининг қиймати 2023 йили 2,2 миллиард Канада долларига (1,97 млрд евро) етган. 2022 йилда эса бу кўрсаткич 100 млн Канада долларини (90 млн евро) ташкил қилган.

Ванкувер маълумотларида айтилишича, Tesla Шанхайда ишлаб чиқарилган электромобилларни Канадада сотишни бошласа Хитойдан импорт 460 фоизга ошади. Бироқ Канада ҳукуматининг асосий ташвиши 2025 йилда бозорга киришни режалаштираётган BYD каби бошқа Хитой электромобил компаниялари билан боғлиқ.

Хитой Канаданинг АҚШдан кейин иккинчи йирик савдо шериги ҳисобланади.

Май ойида АҚШ Хитой электромобиллари учун импорт божларини 4 бараварга — 100 фоизгача оширишини эълон қилди. Ундан сўнг Европа Иттифоқи Хитойда ишлаб чиқарилган электр транспорт воситаларига 36,3 фоизгача божхона тўлови жорий этиш режаларини маълум қилди.

Хитой Канаданинг ҳаракатларини “протекционизм” деб атади

Қарорга жавобан, Хитойнинг Канададаги элчихонаси Канадани Жаҳон савдо ташкилоти қоидаларини бузаётганликда айблаб, бу ҳаракатни “истеъмолчиларга, корхоналарга, қолаверса, яшил энергияга ўтиш орқали глобал иқлим ўзгаришига қарши курашишга зарар етказадиган протекционизм ва сиёсий ҳаракат” деб атади.

Баёнотда, шунингдек, Хитой электроника саноати ва бошқа тармоқлари жадал ривожланаётганига субсидиялар эмас, балки балки маҳсулотларнинг рақобатбардошлилик даражаси сабаб бўлаётгани таъкидланди.

Хитой ўз корхоналарининг қонуний ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун барча зарур чораларни кўради”, — деб огоҳлантирди элчихона.

Синҳуа агентлигига кўра, шу ҳафта Хитой ташқи ишлар вазири АҚШ расмийлари билан тариф масаласини муҳокама қилади.

Асрор Абдуназаров
Тайёрлаган Асрор Абдуназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид