Жаҳон | 13:32 / 27.08.2024
3684
2 дақиқада ўқилади

ОАВ: Россия Германиядаги НАТО базасида диверсия уюштирмоқчи бўлган

Хорижий разведка Германия ҳукуматига НАТОнинг Гайленкирхендаги авиабазасида дрон ёрдамида диверсия уюштириш хавфи ҳақида хабар берди, деб ёзади dpa. Шу муносабат билан ҳарбий объектда хавфсизлик вақтинча «Чарли» даражасигача оширилди.

Фото: Reuters

Германия ғарбидаги Гайленкирхенда НАТО ҳарбий-ҳаво кучлари базасида хавфсизлик чораларининг вақтинча оширилишига Россиядан эҳтимолий диверсия таҳдиди ҳақидаги разведка маълумотлари сабаб бўлган. Бу ҳақда 26 август, душанба куни dpa агентлиги хавфсизлик тузилмаларидаги манбаларга таяниб хабар берди

Агентлик маълумотларига кўра, хорижий разведка немис ҳукуматини «НАТО базасига Россиядан учувчисиз учоқ ёрдамида диверсияга тайёргарлик кўриш эҳтимоли» ҳақида огоҳлантирган. Агентлик суҳбатдошларининг таъкидлашича, бу маълумот «жиддий огоҳлантириш» сифатида қабул қилинган.

23 август куни НАТОнинг Гайленкирхендаги ҳаво базасида хавфсизлик даражаси Шимолий Атлантика иттифоқи учун «потенциал таҳдид» туфайли иккинчи даражага - «Чарли»гача кўтарилди. Айрим ходимлар уйларига жўнатилган, ҳарбий база ҳудудида бир нечта полиция машиналари пайқалган. Гайленкирхенда НАТОнинг AWACS эрта огоҳлантириш тизими разведка самолётлари жойлашган. 14 та қайта жиҳозланган Boeing-707 самолёти эҳтимолий таҳдидларни эрта аниқлаш учун ҳаво бўшлиғини кузатиб боради. 

Германиядаги НАТО ҳарбий базаларида диверсияга уринишлар

Süddeutsche Zeitung газетаси 14 август куни НАТОнинг Гайленкирхендаги ҳарбий базасида эҳтимолий қўпорувчилик уриниши ҳақида хабар берди. Видеокамера шуни кўрсатдики, номаълум шахс базага кириш учун панжарадан ошиб ўтган.

Айни пайтда, Кёлндаги ҳарбий базада 14 августга ўтар кечаси сувни бошқариш датчиклари ишга туширилди. Кейинчалик ўтказилган кўплаб синовлар нормадан ҳеч қандай оғишларни кўрсатмади. Ҳарбий объект ҳудудини айланиб чиқиш натижасида панжарада тешик аниқланган.

Иккала объект ҳам кучайтирилган назорат остига олинди. Кёлн ва Гайленкирхендаги воқеалардан сўнг Германия мудофаа вазири Борис Писториус ҳушёрликни оширишга чақирди ва ҳарбий объектларга киришни ҳимоя қилиш режалари қайта кўриб чиқилишини эълон қилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид