Жаҳон | 08:14 / 27.08.2024
10878
2 дақиқада ўқилади

Зеленский: Украина Россияга қарши F-16'дан фойдаланишга тайёрланмоқда

Украина Ғарб томонидан етказиб берилган F-16 қирувчи самолётларини Россияга қарши ишлатишга тайёрланмоқда. Бу ҳақда президент Володимир Зеленский Россия қуролли кучларининг Украина инфратузилмасига берган оммавий ҳаво ҳужумига жавоб чоралари ҳақида гапирар экан, айтиб ўтди.

Фото: Piroschka van de Wouw / Reuters

Украина Ғарб томонидан етказиб берилган F-16 қирувчи самолётларини Россияга қарши ишлатишга тайёрланмоқда. Бу ҳақда Украина президенти Володимир Зеленский 26 август, душанба куни кечки видеомурожаатида маълум қилди

«Бугун мен кунни [Украина қуролли кучлари бош қўмондони Александр] Сирский билан алоҳида узоқ суҳбатдан бошладим: биз бу ракета ҳужуми учун Россияга жавоб беришга тайёрланяпмиз. F-16’дан фойдаланиш ва Курск вилоятидаги операция учун сўнгги 24 соат ичида назорат зонасини кенгайтирдик ва алмашиш фондини тўлдирдик».

Зеленскийнинг сўзларига кўра, бошқа фронтлардаги вазият, жумладан, Россия армияси аста-секин олға силжиб бораётган ва шиддатли жанглар кетаётган Покровский йўналиши ҳам муҳокама қилинган. Бундан ташқари, Украина раҳбари энергетика объектларини Россия ҳужумларидан ҳимоя қилиш бўйича «бир қанча муҳим қарорлар» ҳақида эълон қилди, аммо тафсилотларни келтирмади. 

Украинага кенг кўламли ҳужум

26 август куни тунда ва эрталаб Россия қуролли кучлари Украинага 236 та ракета ва ҳужумкор дронларни учирди, улардан 102 та ракета ва 99 та УУА уриб туширилди - бу рақамларни Украина Ҳаво кучлари қўмондони Николай Олешчук ўзининг Telegram-каналида келтирди. Ҳужумнинг асосий мақсади мамлакат энергетика инфратузилмаси эди. Натижада, Зеленскийнинг сўзларига кўра, ҳалок бўлганлар ва ўнлаб ярадорлар бор. Жумладан, Киев ГЭС зарар кўрди.

Украина президентининг «алмашиш фондини тўлдириш» ҳақидаги сўзлари, афтидан, Украина қуролли кучлари россиялик ҳарбийлар орасидан янги асирларни олганини англатади. Москва ва Киев ўртасида сўнгги ҳарбий асирлар алмашиш 24 август, Украина мустақиллик кунида бўлиб ўтди. Ўшанда 115 нафар украиналик ҳарбий хизматчилар ватанига қайтди. Россияга ҳам 115 нафар ҳарбий хизматчи топширилди. Қайд этилишича, улар орасида Украинанинг Курск вилоятидаги ҳужуми чоғида асирга олинган Россия қуролли кучларининг муддатли ҳарбий хизматчилари бор.

Мавзуга оид