Жаҳон | 10:21 / 28.08.2024
5859
2 дақиқада ўқилади

Politico: Киев Украинанинг Россиядаги эҳтимолий нишонлари рўйхатини Байденга топширади

Украина Россия Федерацияси ҳудудидаги эҳтимолий нишонлар рўйхатини тайёрлади, уларга қарши узоқ масофали қуроллардан фойдаланишни режалаштирмоқда, деб ёзади Politico. Рўйхат шу ҳафтада Рустем Умеров ва Андрей Ермак томонидан АҚШ маъмуриятига топширилади.

Фото: Gabrielle Quire/abaca/picture alliance

Politico нашрининг ёзишича, агар Вашингтон Америка қуролларидан фойдаланиш бўйича тегишли чекловларни бекор қилса, Украина АҚШ юқори мартабали амалдорларига Россияда узоқ масофали ракета зарбалари нишонига айланиши мумкин бўлган объектлар рўйхатини тақдим этади. Нашр 26 август, душанба куни манбаларга таяниб ёзишича, Киев ушбу рўйхатдан АҚШ расмийларини Россия ҳудудида қуроллардан фойдаланишга қўйилган чекловларни бекор қилишга ишонтиришнинг сўнгги уриниши сифатида фойдаланмоқда. 

Украина Россиядаги эҳтимолий нишонларнинг бир қисмини аввалроқ АҚШга топширган, аммо тайёрланаётган рўйхат янада батафсилроқ бўлади, дея таъкидланади хабарда. Ушбу маълумотларга кўра, узоқ масофали қуролларга чекловларни олиб ташлашдан ташқари, Киев ўқ-дориларни етказиб беришни тезлаштиришга ва Украина қуролли кучларининг Россия ҳудудига чуқур ҳужуми ривожига умид қилмоқда. 

Россиядаги нишонлар рўйхатини Умеров ва Ермак топширади 

Вазиятдан хабардор уч манбанинг Politico нашрига билдиришича, шу ҳафта Украина мудофаа вазири Рустем Умеров ва Украина президенти маслаҳатчиси Андрей Ермак Вашингтонга ташриф буюриб, тайёрланган рўйхатни АҚШ президенти Жо Байден маъмуриятига тақдим этади. Ташрифнинг айнан қачон амалга ошиши ҳозирча аниқ эмас. 

Шу билан бирга, Вашингтон ҳанузгача АҚШнинг Россия ҳудудига узоқ масофали қуроллар билан зарба беришга рухсати Россия ҳукуматини янада агрессив ҳаракатларга ундаши мумкинлигидан хавотирда, деб ёзади нашр. 

Баҳор охирида Вашингтон Россия Харкив вилоятига ҳужумларини кучайтираётган бир пайтда Киевга Россиядаги нишонларга зарба беришга сукут билан рухсат берди. Бундан ташқари, рухсат рус армиясининг олдинга силжиши олдини олиш учун фақат маълум бир радиусга тегишли. Украина бир неча ойдан бери АҚШдан Россия ҳудудида узоқ масофага учувчи қуроллардан фойдаланишга рухсат беришни сўраб келади. 26 август куни Европа дипломатияси раҳбари Жозеп Боррел бу каби чекловларни бекор қилишга чақирди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид