Жаҳон | 13:11 / 28.08.2024
2901
2 дақиқада ўқилади

Шимолий Корея янги реактив тизимни синовдан ўтказаётгани ҳақида хабар берди

Синовдан ўтказилаётган ракета учириш мосламаси янги бошқарув тизими билан жиҳозланган. Аввалроқ Шимолий Корея янги камикадзе-дронни синовдан ўтказгани ҳақида хабар берган эди.

Фото: KCNA VIA KNS/AFP

Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин янги ялпи ўт очиш реактив тизими синовдан ўтказилаётганини эълон қилди. 28 август, чоршанба куни Шимолий Корея давлат ОАВ хабар беришича, ракета учириш мосламаси 240 мм калибрга эга ҳамда янги бошқарув тизими билан жиҳозланган.

Икки кун аввал Пхенян янги камикадзе-дрон синовдан ўтказилгани ҳақида эълон қилган эди. Қўшма Штатлар Шимолий Кореянинг учувчисиз учоқларни яратиш дастурини яқиндан кузатиб бориш ниятида эканини билдирди.

Шимолий Корея ва Россия ўртасидаги ҳарбий ҳамкорлик

Халқаро миқёсда яккаланиб қолган Шимолий Корея яқинда Россия билан ҳарбий ҳамкорликни кенгайтирди. Кузатувчилар КХДР артиллерия ва қанотли ракеталарни Украинага қарши урушда қўллаш учун Россияга юбориш мақсадида синовдан ўтказаётганини истисно қилмаяпти.

АҚШ ва Жанубий Корея КХДРни Россияга ўқ-дорилар ва ракеталар етказиб беришда айбламоқда. Пхенян айбловларни рад этиб, уларни абсурд деб атади.

Шимолий ва Жанубий Корея муносабатлари айни дамда чуқур инқироз ҳолатида. Шимолий Корея етакчиси Ким Че Ин янги турдаги қуроллар, жумладан, тактик ядровий қуролларни ишлаб чиқиш жадаллашишини маълум қилди. Ўз навбатида, Жанубий Корея ва АҚШ мудофаа соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтирди.

Мавзуга оид