Жаҳон | 18:28 / 29.08.2024
2247
2 дақиқада ўқилади

АҚШда журналистни пичоқлаб ўлдирган собиқ сиёсатчи умрбод қамалди

Журналист сиёсатчининг ҳаракатлари тўғрисида танқидий мақолалар ёзганди. Сиёсатчи 2 йилдан бери ҳибсда қолаётганди.

Фото: Getty Images

АҚШнинг Невада штати собиқ сиёсатчиси 47 ёшли Роберт Теллес у ҳақида танқидий мақолалар ёзган журналистнинг ўлимида айбдор деб топилди ва умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

У Las Vegas Review-Journal тадқиқотчиси Жефф Ҳерманни пичоқлаб ўлдиришда гумонланиб, 2022 йилда ушланганди. 28 август куни 12 кишилик ҳакамлар ҳайъати уни биринчи даражали қотилликда айбдор деб топди ва жазо бўйича якуний хулосага келди.

Прокурорлар марҳум Ҳерманнинг тирноқлари остидан топилган ДНК далилларини судга тақдим этиб, улар Теллесга тегишли эканини айтган, аммо собиқ сиёсатчи айбини тан олмади.

Суд жараёни икки ҳафта давом этди. Айбланувчи умрбод қамоққа ҳукм қилинган бўлса-да, 20 йилдан кейин шартли равишда озод этилиши мумкин.

Судда ўнлаб гувоҳлар, жумладан, терговчилар, суд-тиббиёт экспертлари, собиқ сиёсатчини таниган одамлар ва Теллеснинг ўзи кўрсатма берди.

2022 йил сентябр ойида 69 ёшли Ҳерман Невада штатидаги уйи ёнидан бўйни ва танасига етти марта пичоқ урилган ҳолда ўлик топилган. Прокурорлар Ҳерманни ўлдиришда Теллесни айблади. Журналистнинг мақолалари “қотилликка сабаб бўлган” деб қаралди.

Теллес 2018 йилда Кларк округи штат бошқарувчиси этиб сайланганди. Журналист Ҳерман унинг хатти-ҳаракатларини танқид қилувчи мақолалар ёзган. Натижада демократ Теллес 2022 йилда иккинчи муддатга сайланиш учун праймеризда ютқазди.

Полиция томонидан топилган видеокузатув камераси тасвирларида Теллес журналистнинг уйи атрофида шляпада юргани кўринади. Кейинчалик уй атрофидаги буталар орасидан Теллеснинг кийимларидан парчалар топилган.

Тажрибали мухбир Ҳерман қирқ йилдан ортиқ вақтини шаҳар ҳаёти ва коррупцияни ёритишга сарфлаган. У Теллес ҳақида яна бир мақола нашр этмоқчи бўлган, бироқ бунга улгурмаган.

Мавзуга оид