Тадбиркор бўлиш учун ўқиш шартми? Агар ўқиш керак бўлса қаерда бизнес таълими олиш мумкин? Тошкентдаги TEAM илк тадбиркорлик университети асосчиларидан бири бўлган Ҳикмат Абдураҳмонов Kun.uz билан суҳбатда бу ОТМдаги таълим тизими, тадбиркорлик университетининг давлат иқтисодиётидаги аҳамияти ҳақида гапириб берди. 

Ҳақиқий тадбиркорлар тажрибаси

Ўзим кўп йилдан бери тадбиркорлик билан шуғулланганим учун Ўзбекистонда бу йўналишда таълим соҳасида чуқур инқироз бордай кўринарди. Аммо юртимизга бу йўналишдаги мутахассисларни тайёрлайдиган таълим муассасаси керак эди. Давлат раҳбари олий таълимдаги муаммони тан олиб, хусусий секторни шунга жалб қилиш кераклигини таъкидлади. Шерикларим билан Сколково бизнес университети, яъни бизнес мактабида ўқиш дастурида эдик. Бу сигнални эшитгач, 2018 йил бошида унинг устида изланишни бошладик. Бизда одатда жиддий бизнес ғоя пайдо бўлганида унга ишчи гуруҳ шакллантирамиз. Ушбу лойиҳа учун биз маълумот тўплашни бошладик. Бунда бизга аввалгидан кўпроқ билим ва тажриба кераклигини яхши билардик.

Фото: ТЕАМ университети

Таълим соҳасига киришни бошладик, жаҳон тажрибасини ўргандик. Мамлакатимизда хусусий олий таълим бўлмагани учун, маҳаллий ечим қидиришда кўп мазмун кўрмадик. Шу билан бирга, маҳаллий муаммоларни ҳам ўрганиш муҳим эди: хусусан таълим методларининг эскиргани, ўқитувчиларнинг маърузалар билан чекланиши, академик автономлик етишмаслиги, ОТМда корпоратив бошқарув йўқлиги, фанларнинг ўзлаштириш имкониятидан кўплиги, назария ва амалиётнинг бирга олиб борилмаслиги каби муаммолар мавжудлигини билдик. Университетларимизнинг халқаро даражадаги нуфузи пастлиги, инглиз тилида ўқитиш камлиги учун жаҳон аренасида бизнинг таълим рақобатлаша олмаслигига сабаб бўлаётгани ҳам кўз юмиб бўлмайдиган ҳолат эди. Бу муаммоларга дуч келар эканмиз, елкамизга катта масъулиятни олаётганимизни билардик.

Ҳаммаси осон бўлмади – пойдевор, халқаро тажриба ва ота-оналар фикри

Албатта, ҳар бир ишнинг бошланишида муаммолар юзага келиши табиий. Илк муаммо бизда бу борада хусусий таълим бўлмагани учун унга аниқ кириш механизмлари ва регламентининг йўқлиги билан кўзга ташланди. 2018 йилдан 2020 йилга қадар республика даражасидаги вакиллар, раҳбарлар – маслаҳат олмаган одамимиз қолмади. Ўнлаб учрашувлар ўтказилди.