Жаҳон | 11:50 / 29.08.2024
4218
2 дақиқада ўқилади

Россия 90 дан ортиқ ҳиндистонликни алдаб Украинага жўнатган - «Дождь»

Урушга жўнатилган 90 дан ортиқ ҳиндистонликдан саккиз нафари ҳалок бўлди, деб хабар берди «Дождь» телеканали. Украинага фронтга кетган Ҳиндистон фуқароларининг аксарияти иш билан таъминлаш баҳонасида Россияга таклиф қилинади.

Фото: Getty Images

28 август, чоршанба куни кечқурун «Дождь» телеканали хабарига кўра, 90 дан ортиқ ҳиндистонлик Украинада Россия томонида жанг қилиш масаласида алданиб қолган, улардан камида саккиз нафари ҳалок бўлган ва жасадлари ҳали ҳам ўз ватанларига қайтарилмаган. Телеканал бу ҳақда Ҳиндистон парламенти депутати Викрамжит Сингх Саҳнайбга таяниб маълум қилди.

Депутатнинг сўзларига кўра, Украина билан урушга бориб қолган Ҳиндистон фуқароларининг аксарияти иш билан таъминлаш баҳонасида Россияга таклиф қилиниб, кейин эса таржимонларсиз Россия Мудофаа вазирлиги билан шартнома имзолашга мажбур бўлмоқда. Шу билан бирга, одамлар кўпинча ўша жойга етиб борганидан кейингина фронтда эканини тушунади.

«Дождь» телеканали Украинада ўлдирилган ҳиндистонликлардан бири Рави Муннинг ота-онаси билан боғланди ва улар ўғлини Россия транспорт компанияларидан бирига жойлаштиришга ваъда берганликларини айтишди, бироқ Россияга келганидан сўнг Мун оиласи билан фронтдан туриб боғланган.

Июл ойида Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди Москвага ташрифи ва Россия президенти Владимир Путин билан учрашуви чоғида Россия Мудофаа вазирлиги билан шартнома имзолаган ҳиндистонликларни демобилизация қилиш ва янги ёллашларнинг олдини олиш борасида саволларни кўтарган эди. Путин иккала масалани ҳал қилишда ёрдам ҳақида ваъда берди, бироқ бу ҳали ҳам Украинада жанг қилаётган ҳиндларнинг ҳолатига таъсир қилмади, дея таъкидлайди «Дождь».

Мавзуга оид