Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Дунёни босаётган тутун. Контрабандага қачон чек қўйилади?
Дунё бўйлаб ҳар йили тахминан 8 миллиондан ортиқ одам тамаки чекиш туфайли ҳаётдан кўз юмади. Бу ўлимларнинг 1,2 миллионга яқини ўзи чекмайдиган, аммо ён-атрофидагилар чекадиган тамаки тутунидан зарарланиш туфайли юз беради.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, дунё бўйича тамаки маҳсулотлари ноқонуний савдоси ортидан давлатларнинг иқтисодий йўқотишлари ҳар йили 1 триллион АҚШ долларидан ошади. Дунё тамаки бозорининг қарийб 10 фоиз улуши шу маҳсулотнинг ноқонуний савдосига тўғри келмоқда.
Ўзбекистон ҳам бундан мустасно эмас: божхона органлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар билан ҳамкорликда 2023 йилда аниқланган 291 та ҳолатда қиймати 92,2 млрд сўмлик 5,7 млн қути тамаки маҳсулотларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилган. 2024 йилнинг дастлабки 4 ойида эса 196 та ҳолатда қиймати 17,7 млрд сўмлик салкам 798 минг қути тамаки маҳсулотлари қўлга олинган.
Андижон вилояти божхона бошқармаси томонидан ҳам шундай маҳсулотларнинг олиб кирилишига уринишларлар аниқланган.

“Бошқармамиз томонидан Ўзбекистон республикасига ноқонуний маҳсулотларнинг олиб кирилишига бўлган уринишларни аниқлаш бўйича тезкор тадбирлар амалга оширилиб келиняпти. Статистик маълумотларга тўхталиб ўтадиган бўлсак, 2023 йил давомида 30 та ҳолатда умумий қиймати 1 млрд 600 млн сўмдан зиёд бўлган, жами 30410 қути тамаки маҳсулотларининг ноқонуний олиб кирилиши ва савдосига чек қўйилган.

Ўтган давр мобайнида умумий қиймати 200 млндан зиёд бўлган 24 та ҳолатда 18382 қути тамаки маҳсулотларининг ноқонуний олиб кирилиши олди олинди. Божхона органлари томонидан ўтказилган суриштирув ишлари жараёнида маълум бўлишича, фуқаролар томонидан ноқонуний олиб кириш, аввалдан тил бириктирилган ҳолда қўриқланиши заиф бўлган чегара ҳудуди орқали, қўшни Қирғизистон республикаси ҳудудидан олиб ўтган ҳолда яширин иқтисодиёт шаклланишига сабаб бўлмоқда.
Божхона идоралари томонидан бунга қарши курашиш борасида тизимли ишлар амалга ошириляпти” дея маълумот берди Андижон вилояти божхона бошқармаси божхона хизмати капитани Сарвар Усмонов.
Ёдингизда бўлса, жорий йилдан бошлаб ноқонуний тамаки маҳсулотлари ва унинг савдоси ҳақида хабар берганларни молиявий рағбатлантириш мақсадида Soliq.uz иловаси орқали хабар бериш йўлга қўйилди. Солиқ қўмитаси ахборот хизмати солиқ органлари орқали аниқланган контрабанда тамаки маҳсулотлари ҳақидаги статистикани очиқлади.

“Фуқаролар томонидан ноқонуний сотилаётган тамаки маҳсулотлари аниқланса, “SoliqUz” мобил иловасидаги “Soliq hamkor” бўлими орқали тамаки маҳсулотлари билан ноқонуний савдо қилиш турини танлаган ҳолда мурожаат юборишлари мумкин. Солиқ органлари ноқонуний тамаки айланмасига қарши қурашда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорликда ишлайди. “SoliqUz” иловаси орқали келиб тушган маълумотлар асосида назорат тадбирлари ташкил этилади ва бу сайёр солиқ текшируви 10 кундан кўп бўлмаган муддатда ўтказилади. Агар маълумот тасдиқланса, фуқаролар тегишли тартибда рағбанлантирилади.

Солиқ органлари томонидан Республика бўйича контрабанда тамаки маҳсулотлари тарқатилиши, сотилиши ва истеъмол бозорларига чиқиши бўйича 2020 йилда 14 та ҳолатда 13,4 млн сўмлик;
2021 йилда 84 та ҳолатда 112,3 млн сўмлик;
2022 йилда 673 та ҳолатда 719,4 млн сўмлик;
2023 йилда 632 та ҳолатда 1 602,3 млн сўмлик
2024 йилнинг ўтган даврида 49 та ҳолатда 439,2 млн сўмлик тамаки маҳсулотлари ноқонуний савдога қўйилгани аниқланиб, белгиланган тартибда олиб қўйилган” дейилади қўмита матбуот хизмати хабарида.

Жамиятни молиявий ва ижтимоий жиҳатдан заифлаштирадиган, одамлар саломатлигига хавф соладиган бу иллатга чек қўйиш масъул идора ва ташкилотлардан ўз фаолиятини янада кучайтиришни талаб қилади. Масалан шу ҳолат юзасидан Мажбурий ижро бюросининг Андижон шаҳар бўлимига шу йилнинг 6 ойида 11 та ижро ҳужжати келиб тушган. Бу эса 11 минг 362 қути контрабанда сигарет дегани.

“Мажбурий ижро бюроси Андижон вилояти бошқармаси туман-шаҳар бўлимлари иш юритувига 2023-2024 йиллар мобайнида жами 63 та ижро ҳужжати бўйича 366 млн 99 минг сўмлик 25635 қути тамаки маҳсулотларини йўқ қилиш тўғрисидаги ижро ҳужжатлари келиб тушган. Вазирлар Маҳкамасининг 200-сонли қарори талаблари асосида 7 кун муддатда йўқ қилиш тартиби белгиланган. Давлат ижрочилари томонидан мана шу белгиланган муддат мобайнида тегишли ташкилотлар ва холислар иштирокида бу тамаки маҳсулотлари йўқ қилинган.

Биргина мисолни оладиган бўлсак, бюронинг Андижон шаҳар бўлими иш юритувига жорий йилнинг 6 ойи мобайнида 11 та ижро ҳужжати бўйича 11 минг 362 қути тамаки маҳсулотларини йўқ қилиш тўғрисидаги ижро ҳужжатлари келиб тушган бўлиб, айни пайтда ижроси таъминланди”, деди МИБ Андижон вилояти бошқармаси катта инспектори Хуршидбек Қосимов.
Солиқ кодексининг 2271-моддасига мувофиқ, сигаретнинг ноқонуний сотилиши бизнес учун шу реализация амалга оширилган охирги ҳисобот чорагида олинган соф тушумнинг 2 фоизи миқдорида жарима солишга сабаб бўлади. Худди шундай ҳуқуқбузарлик жарима қўлланганидан кейин бир йил давомида такроран содир этилган бўлса, реализация амалга оширилган охирги ҳисобот чорагида олинган соф тушумнинг 20 фоизи миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 1861-моддасига кўра тамаки маҳсулотларини қонунга хилоф равишда муомалага киритиш ҳуқуқбузарлик ашёларини мусодара қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Жиноят кодексининг 1861-моддасига кўра тамаки маҳсулотини қонунга хилоф равишда муомалага киритиш ёки ишлаб чиқариш жинояти учун энг оғир ҳолатда 12 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.
Қонунда кўрсатилганидек, контрабанда мамлакат иқтисодиёти учун хавфли омил саналади. Ўзбекистонда нафақат тамаки маҳсулотлари, балки бошқа истеъмол товарлари, масалан, дори-дармонлар билан боғлиқ контрабанда ҳам юз бериши кузатилмоқда. Бунинг нафақат мамлакат иқтисодиётига, балки аҳоли соғлиғига ҳам хавф солишини жиддий ўйлаб кўриш лозим.
Мавзуга оид
21:26 / 05.05.2026
Давлат чегарасидаги ноқонуний туннел учун жиноий жавобгарлик жорий этилади
09:15 / 30.04.2026
Бухоро ва Сурхондарёда Афғонистондан контрабанда қилинган опийнинг катта партияси аниқланди
21:17 / 22.04.2026
Британия тамакини тақиқлайди ва «чекмайдиган авлод» механизмини ишга туширади
18:54 / 06.04.2026