Жаҳон | 08:27 / 30.08.2024
5313
3 дақиқада ўқилади

Макрон Дуровнинг Францияга келишини олдиндан билмаганини айтди

Франция президенти Павел Дуровга «таклифнома» расмийлаштирмаганини айтди. Шу билан бирга, у тадбиркорга Франция фуқаролиги берилишини асосли деб атади.

Фото: AP

Франция президенти Эммануэл Макрон 29 август, пайшанба куни Сербияга ташрифи чоғида Telegram асосчиси Павел Дуровнинг Францияга «таклиф этилгани ҳақидаги» маълумотни рад этди. Бу ҳақда Франция ОАВ, жумладан, Le Figaro газетаси ва BFMTV телеканали хабар берди.

«Мамлакатимизда ҳокимият бўлиниши бор, мен унинг келишидан бехабар эдим. Бу оддий ҳол. Таклифнома расмийлаштирганим ёлғон», - дея Макроннинг сўзларини келтиради BFMTV.

Аввалроқ, 27 август куни Le Canard enchaîné сатирик газетаси 24 август куни Париждаги Ле Бурже аэропортида қўлга олинганида Павел Дуров Макрон билан кечки овқатга бориши кераклигини айтганини ёзган эди.

Макрон Дуровнинг Франция фуқаролиги ҳақида

29 август куни Белградда ўтказилган матбуот анжуманида Макрон Дуровга Франция фуқаролигини беришни «мутлақо мақбул» деб билишини ҳам таъкидлади. Le Figaro президентнинг сўзларидан иқтибос келтиришича, фуқароликка қабул қилиш қарори «француз тилини ўрганишга ҳаракат қиладиган» ва «дунёда порлаётган» «аёллар ва эркаклар» учун «тўлиқ қабул қилинган стратегия»нинг бир қисмидир.

ЕИ Telegram фойдаланувчилар сонини камайтириб кўрсатгани эҳтимолини текширмоқда

Еврокомиссиянинг фан ва ахборот хизмати - Қўшма тадқиқот маркази Telegram мессенжери раҳбарияти Европа тартиб-қоидаларига тушиб қолмаслик учун Европа Иттифоқидаги ўз фойдаланувчилари сонини кам кўрсатиши эҳтимолини текширмоқда. Бу ҳақда 28 август, чоршанба куни Financial Times нашри хабар берди. 

Феврал ойида Telegram Европа Иттифоқида 41 миллион ойлик фойдаланувчига эга эканлигини маълум қилганди. Европа Иттифоқи қонунларига кўра, мессенжер август ойида янгиланган маълумотларни тақдим этиши керак, бироқ буни қилмади ва Европа Иттифоқидаги ойлик аудиторияси «45 миллиондан сезиларли даражада кам» деган баёнот билан чекланди. Бироқ, Брюссел бундай эмас деб гумон қилмоқда ва текширув белгиланган чегарадан ошиб кетганлигини кўрсатиши мумкин. 

Феврал ойида кучга кирган янги Европа Иттифоқининг рақамли хизматлар тўғрисидаги қонунига (Digital Services Act, DSA) кўра, Европа Иттифоқида ойлик 45 миллиондан ортиқ фойдаланувчиси бўлган онлайн платформалар ва ижтимоий тармоқлар, биринчи навбатда, фойдаланувчилар учун хавфли бўлган ноқонуний контентни модерация қилиши керак, шунингдек, сўров бўйича Европа комиссиясига ўз маълумотларини тақдим этишга мажбур. Мутахассисларнинг тахминича, Telegram раҳбарияти ушбу қоидаларга тушиб қолмаслик учун Европа Иттифоқидаги фойдаланувчилари сонини атайлаб кам кўрсатган, деб ёзади Financial Times. 

Мавзуга оид