Тошкент халқаро аэропортида янги учиб кетиш зали очилди – фото
Ислом Каримов номидаги халқаро аэропортни реконструкция қилиш лойиҳаси доирасида майдони 2,5 минг квадрат метрдан кўпроқ бўлган учиб кетиш терминали фойдаланишга топширилди. Терминал олдидан панжаралар олиб ташланган, энди автомобиллар аэропорт ёнигача кира олади.
Ислом Каримов номидаги халқаро аэропортни реконструкция қилиш лойиҳаси доирасида халқаро авиақатновлар терминалининг майдони 45 минг квадрат метрдан 65 минг квадрат метргача кенгайтирилди. Бу ҳақда “Uzbekistan Airports” АЖ ўтказган пресс-турда маълум қилинди.
Объектни автомобиллар турар жойи томон суриш орқали кенгайтиришга эришилган. Шу муносабат учиб кетиш терминали олдидан панжаралар олиб ташланиб, транспорт воситаларининг бино ёнигача кириш имконияти яратилган.
Маълумот учун, терминалга кириш йўлагига ЙҲХХ тизимлари билан интеграциялашган йўл камералари ўрнатилган бўлиб, тизим автоматик равишда ишлайди. Яъни кириш линиясида рухсат этилган тўхташ вақтидан ошиб кетган автомобил эгаларига автоматик равишда жарима билдиришномаси юборилади. Ҳозирда терминалда тўхтаб туриш вақти барча енгил автомобиллар, сайёҳлик автобуслари ва микроавтобуслар учун 10 дақиқагача деб белгиланган.
Учиб кетиш терминалининг ўзида майдони 2,5 минг квадрат метрдан ортиқ зал қурилиб, фойдаланишга топширилди. Унга кираверишда йўловчилар ва кузатувчилар учун дастлабки текширув ташкил этилган. Бунда одамлар багажларини сканерга жойлаштиришлари ва аркали металл детектордан ўтишлари керак бўлади.
Залда 40 та: умумий залда 37 та, SIP залида 2 та ва VIP залда 1 та рўйхатга олиш пештахтаси мавжуд. Баъзи хизматлардан, хусусан, багажни қадоқлаш, сим-карталарни сотиб олиш, банкомат хизматлари, зарядлаш станциялари ва вендинг автоматларидан фойдаланиш мумкин.
Рўйхатдан ўтиш жойига чиқиш учун ушбу зонада лифт, зина ва эскалатор (травалатор) ўрнатилган. Шулар орқали тепа қаватга чиқиб олиш мумкин.
Шунингдек, қурилиш доирасида рейсига кечикаётган йўловчиларни тезда топиш учун “Pax Track” тизими ўрнатилган. Ҳозирда синов тариқасида ишлаётган бу турникет рўйхатдан ўтиш жойидан сўнг ўрнатилган. Унда йўловчи бортга чиқиш талонини, ходим эса ўз рухсатномасини сканерлаши керак бўлади.
Бу орқали кечикаётган йўловчини бортга чақиришда аэропорт ходимлари тизимдан унинг қайси секторда эканини, рўйхатдан ўтгандан кейин “стерил” зонага кирган-кирмаганини билиши мумкин.
Яна нималар қилинади?
Масъулларга кўра, халқаро терминални кенгайтириш лойиҳаси 2025 йил охиригача давом этади. Ишлар давомида шу йил сентябрь ойида бошланадиган реконструкциянинг якуний босқичида учиб келиш ва учиб кетиш заллари битта терминалга бирлаштирилиши, майдони юқоридагининг ҳисоби билан 105 минг квадрат метр бўлиши, йўловчиларни ўтказиш қобилияти соатига ҳозирги 1 200 нафардан 2 400 нафарга ошиши кутилмоқда. Кутиб олувчилар учун эса 4 000 квадрат метрга яқин майдон ажратилиши ҳам мумкин.
Бундан ташқари, кейинчалик учиб кетиш терминалининг иккинчи қаватида шаҳарга қарайдиган салкам 2 200 квадрат метрли яна бир очиқ терасса бўлади. Реконструкция ишлари тугаллангач, рўйхатга олиш пештахталари сони 90 тага етади. 12 та гибрид Self check-in ва Baggage drop off бурчаклари ташкил этилади. Уларда йўловчилар рейсларга мустақил равишда рўйхатдан ўтишлари ва багажни топширишлари мумкин бўлади.
Учиб кетиш ҳудудидаги чегара назорати пунктлари сони ҳам 34 тадан 54 тага чиқарилади. Текширув ҳудуди 15 та йўлаккача кенгайтирилади. Шунингдек, учиб келиш залида 48 йўловчи ўтиш каналига эга янги паспорт назорати зонаси ташкил этилади, багаж олиш камарлари сони тўрттадан саккизтага кўпайтирилади.
Эслатиб ўтамиз, Тошкент халқаро аэропортининг реконструкция қилиниши ҳақидаги хабарлар 2022 йил июл ойида эълон қилинганди. Ўшанда объектнинг фақатгина олд қисми қайта таъмирланиши айтилганди.
Кейинроқ унинг кенгайиши ва реконструкциядан сўнг қандай кўринишга келиши очиқланганди.
Мавзуга оид
15:05 / 12.11.2024
Тошкент ҳавосини ифлослантириши мумкин бўлган барча объектлар назоратга олинди — ҳокимлик
22:45 / 10.11.2024
Тошкентда «закладчик»ни калтаклаган уч нафар шахс қўлга олинди
10:47 / 08.11.2024
Тошкентда айрим кўчалар ёпилиши ҳақидаги хабарлар рад этилди
16:17 / 07.11.2024