Ўзбекистон | 07:28 / 31.08.2024
2244
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда чиқинди билан боғлиқ 2000 дан ортиқ ҳуқуқбузарлик содир этилди

Қонунбузарларга нисбатан жами 994 миллион 650 минг сўм миқдорида жарима белгиланган.

Фото: Экология вазирлиги

Тошкент шаҳрида йил бошидан буён чиқинди билан боғлиқ 2000 дан ортиқ ҳуқуқбузарлик содир этилди

Экология вазирлиги хабарига кўра, Тошкент шаҳар Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси туман инспекторлари томонидан белгиланмаган жойларга чиқинди ташлашга қарши доимий назорат тадбирлари олиб борилмоқда.

Хусусан, жорий йилда шу пайтга қадар бошқарма томонидан пойтахтда жами 2226 та қонун бузилиши ҳолати аниқланган. Булардан 2201 таси жисмоний шахслар, 25 таси эса юридик шахслар томонидан содир этилган. 

Ҳуқуқбузарликлар юзасидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддаларига кўра баённомалар расмийлаштирилган. Қонунбузарларга нисбатан жами 994 миллион 650 минг сўм миқдорида жарима белгиланган.

Фуқароларга белгиланмаган жойларга чиқинди ташламаслик кераклиги, бу атроф-муҳитнинг ифлосланишига сабаб бўлиши, чиқиндилар узоқ муддат чиримасдан экологияга зарар келтириши ва чиқиндини дуч келган жойга ташлаш қонунчиликка кўра жавобгарликка сабаб бўлиши борасида тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид