Жаҳон | 15:03 / 03.09.2024
3166
3 дақиқада ўқилади

«Энергоатом»: Россия қўшинлари Запорижжя АЭС электр таъминоти линиясига зарар етказди

Запорижжя атом электр станцияси яна «хавф юқори бўлган зонага» айланди, дейилади «Энергоатом» матбуот хизмати баёнотида. Украина мутахассислари ҳудуд қайта-қайта ўққа тутилиши хавфи туфайли зарар кўрган жойни текшира олмаяпти. 

Фото: Erik Romanenko/Tass/dpa/picture alliance

2 сентябр куни Россиянинг Украинани навбатдаги оммавий ўққа тутиши натижасида эгаллаб олинган Запорижжя атом электр станциясида (ЗАЭС) Украина энергетика тизимидан келувчи электр узатиш линияларидан бири шикастланган. Бу ҳақда 3 сентябр, сешанба куни «Энергоатом» Украина компанияси матбуот хизмати маълум қилди. «Иккинчи линия шикастланган тақдирда, Запорижжя АЭСининг реактор ядролари ва ёнилғи сақлаш ҳавзаларини совитадиган насосларга ташқи қувват йўқолиши сабабли фавқулодда вазият юзага келади», дейилади хабарда.

Компания матбуот хизматининг аниқлик киритишича, Россия қўшинлари томонидан объектни қайта-қайта ўққа тутиши таҳдиди туфайли украиналик мутахассислар ҳозирча шикастланган жойни кўздан кечириб, электр тармоғини таъмирлаш ишларини бошлай олмаяпти. «Мутахассисларга хавфсизлик кафолатлангандан сўнг, линия таъмирланади», - дея аниқлик киритди «Энергоатом» ва айни пайтда Запорижжяя АЭС Украина энергетика тизимига фақат битта электр линияси орқали уланганлигини таъкидлади, бу эса атом станцияси юқори хавф зонасида эканлигини билдиради.

Гросси «ядровий ҳодиса олдини олиш» учун Запорижжя АЭСга боради 

Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (АЭХА) бош директори Рафаэл Гросси «ядровий ҳодиса олдини олиш» учун Украинанинг Запорижжя атом электр станциясига (ЗАЭС) сафар қилади. АЭХА раҳбари сафар ҳақида 2 сентябр куни X ижтимоий тармоғида маълумот берди.

Гроссининг эслатишича, АЭХА ёрдам миссияси Европадаги энг йирик атом электр станциясида ядро хавфсизлигини таъминлаш учун тузилганидан бери икки йил ўтди. «Мен кўмак кўрсатишни давом эттириш ва ядровий ҳодисанинг олдини олишда ёрдам бериш учун Украинадаги Запорижжя атом электр станциясига кетяпман», деб ёзган у.

Запорижжя АЭС 2022 йилдан бери совуқ ўчириш режимида 
 
Запорожжя АЭС Европадаги энг йирик атом электр станциясидир. Россиянинг Украинага ҳарбий ҳужуми бошланганидан сўнг у рус қўшинлари томонидан эгаллаб олинди ва у бир неча марта учувчисиз учоқлардан ҳужумга дучор бўлди ҳамда ўққа тутилди. Москва ва Киев бунда бир-бирини айбламоқда. АЭХА Запорижжя АЭСда «ядро хавфсизлигининг барча устунлари» йўқ қилинаётганини бир неча бор таъкидлаган.

Россия қўлига ўтгандан бери Запорижжя атом электр станцияси ўз ҳудудидан ташқаридаги электр узатиш линиялари шикастлангани учун камида саккиз марта қувватини йўқотди. Ўчириш вақтида ядро ёқилғисининг реакторларда ва совитиш ҳавзаларида хавфсиз ҳолатда сақланишига таҳдид мавжуд. Станция 2022 йил 11 сентябрдан бери электр энергияси ишлаб чиқармайди. Олтита ЗАЭС реакторининг ҳаммаси совуқ ўчириш режимида.

Мавзуга оид