Самарқанд шаҳрида яшовчи эркак Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилишда айбланиб, жиноий жазога тортилди. Kun.uz суд ҳукми билан танишди.
Суд ҳужжатида келтирилишича, Э.Х. Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилотида фаолият олиб бориб, 2011 йил нафақага чиққан. У Ўзбекистон ҳудудида СССРни қайта тиклаш бўйича тарғибот тадбирлари билан фаол тарзда шуғулланиб келган.
Жумладан, Telegram’даги “Узбекская ССР/СССР” гуруҳига аъзо бўлиб, у ерда ўзи томонидан тайёрланган “Ўзбекистон Республикаси мустақиллиги юзаки эканлиги, ҳозирги кунга қадар расман собиқ Совет иттифоқи тарқалмаганлиги, унинг таркибига кирган 15 та республика АҚШ ёрдамида ўзбошимчалик билан мустақиллигини эълон қилганлиги ва тез орада собиқ иттифоқ давлатлари қайтиб СССРга қўшилишлари” тўғрисидаги фикрлар келтирилган материалларни жойлаштирган.
2024 йил 6 март куни “Узбекская ССР/СССР” гуруҳи кўздан кечирилганида Э.Х. томонидан СССРни қайта тиклаш юзасидан кўплаб видео ва аудио материаллар жойлаштирилганлиги аниқланган. Комплекс суд-сиёсатшунослик лингвистик экспертизаси хулосасига кўра, Э.Х. томонидан жойлаштирилган материалларда Ўзбекистоннинг амалдаги давлат тузумини конституцияга хилоф тарзда ўзгартириш, бузишга очиқдан очиқ даъват қилувчи ғоялар мавжудлиги келтирилган.
Судланувчи ўз кўрсатмасида 2021 йил интернет тармоғида СССР фуқароларини рўйхатга олиш тўғрисида Россия фуқароси Олег Туришкиннинг маърузасини эшитиб қолганлигини айтади.
“Унинг гапларига ишониб, тез-тез эшитиб юрадиган бўлдим. Telegram орқали Олег Туришкин билан ўзаро суҳбатлашдим ҳам. Суҳбатимизда у “СССР фуқаролигидан чиқиш бўйича ариза билан мурожаат қилганмисиз”, дея сўради. Йўқ дедим. Шунда Олег Туришкин “Сиз ҳақингиздаги маълумотлар бизда бор” дея мени “Гос.реестр СССР” номли гуруҳга қўшиб қўйди. Орадан озроқ вақт ўтиб Олег Туришкин менга “СССР фуқароси” ҳақидаги гувоҳномани почта орқали жўнатиб юборди.
2022 йил YouТubе’да “Просвешения” номли гуруҳга аъзо бўлдим. У ерда гуруҳ аъзолари билан СССРни қайта тузиш бўйича ва СССР давридаги турли мунозарали, тарихий воқеалар тўғрисида гаплашиб турдим. Жараёнда Алексей Иванович исмли блогер билан танишдим”, деган судланувчи ўз кўрсатмасида.
Ушбу танишувдан сўнг Э.Х. Алексей Ивановичнинг таклифига кўра 2023 йил 3 январ куни самолётда Самарқанддан Москвага борган. 4 январ куни Москва шаҳри Царицина шаҳарчасидаги ресторанлардан бирида Алексей Иванович орқали танишган кишилар – “Генералный ЦК ВКПб”нинг секретари Щипков Юрий Алексеевич ва унинг ёрдамчиси билан кўришиб, гаплашган. Улар СССРни қайта тузмоқчилигини, бунинг учун тарафдорлар йиғаётганлигини, ушбу давлат ҳали қонунан тарқалмаганлигини, Иосиф Сталин давридаги Конституция ва қонунларга қайтишини, 15 давлатни қонуний йўллар орқали тез йилларда бирлаштиришларини айтган.
















