Ижтимоий тармоқларда Самарқандда 220 та мулк зиёрат маркази учун тортиб олинаётгани ҳақидаги хабар тарқалди. Ҳолат юзасидан Маданий мерос агентлиги расмий муносабат билдирди. 

Маълум қилинишича, президентнинг 2021 йил 9 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ички ва зиёрат туризмини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармойиши билан Самарқанд шаҳрининг “Чокардиза” қабристонида жойлашган Имом Мотуридий ёдгорлик мажмуасини реконструкция қилиш, мажмуа атрофидаги буюк уламоларнинг қабрларни қайта тиклаш, ҳудудларни ободонлаштириш ва хизмат кўрсатиш инфратузилмасини яхшилаш орқали йирик зиёрат марказини ташкил этиш режалаштирилган.

Мазкур фармойишга асосан Имом Мотуридий ёдгорлик мажмуасининг атрофини кенгайтириш мақсадида фуқароларга тегишли бўлган 217 та тураржой биноси бузилиши қайд этилган. Ушбу бинолар Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4 октябрдаги “Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида”ги 846-сонли қарори билан маданий мерос объекти сифатида миллий рўйхатга киритилмаган.

Президентнинг 2021 йил 19 июндаги тегишли қарорида моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларида, алоҳида муҳофаза қилинадиган тарихий-маданий ҳудудларда, Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудларда ва уларнинг қўриқланадиган теграларида объектларни қуриш, бузиш ва ободонлаштириш ишларининг лойиҳаларини агентлик билан мажбурий тартибда келишиш белгиланган. Бунда Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудлар ва объектлар бўйича лойиҳалар агентлик томонидан ЮНEСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Миллий комиссияси орқали ЮНEСКОнинг Умумжаҳон мероси маркази билан келишган ҳолда амалга оширилиши белгилаб қўйилган.

2025 йилнинг 6 март куни агентлик ҳузуридаги Илмий-эксперт кенгашининг Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган 4-сонли йиғилишида ушбу масала атрофлича кўриб чиқилган ва якуний хулоса берилган. Кенгаш хулосасига кўра, Самарқанд шаҳрида жойлашган Имом Мотуридий мажмуасининг атрофини кенгайтириш ишлари юзасидан таклиф маъқулланган.

Шунингдек, Илмий-эксперт кенгаши баёнида Маданий мерос агентлиги Имом Мотуридий мажмуаси атрофини кенгаштириш ва ободонлаштириш лойиҳаси билан Умумжаҳон маданий ва табиий меросини муҳофаза қилиш тўғрисидаги конвенцияси талабларига мувофиқ ЮНEСКОнинг Умумжаҳон мероси марказини хабардор қилиш чораларини кўриш белгиланган.

Ҳужжатда ушбу ҳудудларда олиб бориладиган ҳар қандай қурилиш, ободонлаштириш ишларининг лойиҳалари ўрнатилган тартибда Маданий мерос агентлиги билан келишилган ҳолда амалга оширилиши қатъиян белгилаб қўйилган. Мазкур ҳудудда амалга ошириладиган кенгайтириш ва ободонлаштириш ишларининг назорати Самарқанд вилояти Маданий мерос бошқармасига юклатилган.