Жаҳон | 22:59 / 04.09.2024
6822
2 дақиқада ўқилади

Мисрнинг янги пойтахтида водород ёнилғисида ишлайдиган осмонўпар бино қурилади

Magnom Properties компанияси томонидан қурилаётган 43 қаватли офис биноси соф водород энергияси билан таъминланади, қўшимча равишда унинг фасади қуёш панеллари билан қопланади.

Фото: Forbes International Tower

Мисрнинг Қоҳирадан ташқарида қурилаётган янги маъмурий пойтахтида тўлиқ водород ёнилғисида фаолият кўрсатадиган осмонўпар бино қурилади, деб хабар беради CNN.

Африкадаги энг баланд бино Ionic Tower ёнида қурилаётган 240 метрли Forbes International Tower аввалбошидан экологик хавфсиз бўлиши айтилган. Гордон Гилл томонидан лойиҳалаштирилган ва Magnom Properties компанияси қураётган бино атмосферага нол миқдорда углерод чиқариши айтилмоқда. Қайд этилишича, 43 қаватли офис биноси соф водород энергияси билан таъминланади, қўшимча равишда унинг фасади қуёш панеллари билан қопланади.

Magnom вакилларининг сўзларига кўра, янги бино анъанавий электр тармоғига боғлиқ бўлмайди. «Кам миқдорли углеродга» эга ёки қайта ишланадиган материаллардан фойдаланиш ҳисобига қурилишдаги углерод изи 58 фоизга қисқартирилади. Шу билан бирга, қурилиш жойида сувни қайта ишлаш ва тозалаш мамлакат учун муҳим бўлган чучук сувга бўлган талабни камайтиришга хизмат қилади.

Magnom компанияси ушбу усуллар орқали осмонўпар бинонинг атмосферага углерод чиқариш кўрсаткичини нолга тушириб, уни Zero Carbon сертификатини олган дунёдаги биринчи иншоотга айлантирмоқчи.

Сўнгги йилларда водород кўплаб ҳукуматлар эътиборини ўзига тортмоқда. Аммо танқидчилар энергияга бўлган талабни қондириш учун ишлаб чиқаришни қанчага ошириш кераклиги бўйича саволларни ўртага ташлаган.

Magnom Properties компанияси бинонинг энергия манбаи билан таъминлашда LOHC технологиясидан фойдаланиш имконияти устида ўрганишлар олиб бориш учун Schneider Electric ва H2 Enterprises билан шартнома имзолаган.

LOHC— суюқ органик водород ташувчилар — кимёвий реакциялар орқали водородни сўриб оладиган ёки чиқарадиган органик бирикмалар бўлиб, ишлаб чиқарилган водородни сақлаш ва уни барқарор шаклда манбадан охирги фойдаланувчигача етказишда ишлатилади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид