Жаҳон | 19:17 / 04.09.2024
32975
12 дақиқада ўқилади

Пилшчиков ва Мес — Украина F-16 самолётлари олишига ёрдам берган дўстлар. Уларнинг иккиси ҳам ҳалок бўлди

The Wall Street Journal ушбу учувчиларнинг тарихини ҳикоя қилди.

Олексий Меснинг дафн маросими, 29 август. Фото: Libkos / Getty Images

«Жус» (Juice) чақирув белгили Ондрий Пилшчиков ва «Мунфиш» (Moonfish) лақаби билан танилган Олексий Мес — икки яқин дўст, Украина қуролли кучлари ҳаво кучлари учувчилари бўлиб, Украина Россияга қарши урушда фойдаланиш учун Американинг F-16 қирувчиларини қўлга киритишда жонбозлик кўрсатишган. Пилшчиков 2023 йил августида, 30 ёшида жанговар топшириқни бажариш вақтидаги бахтсиз ҳодиса туфайли ҳалок бўлганди. Ундан бир ёш кичик бўлган Мес ҳам бир йил ўтиб, F-16 самолётида Россиянинг Украина ҳудудлари бўйлаб ракета зарбасини қайтариш чоғида ҳалокатга учради. The Wall Street Journal нашри уларнинг тарихини ҳикоя қилди.

Чапда Пилшчиков, ўнгда унинг ўлимидан роппа-роса бир йил ўтиб ҳалок бўлган Мес. Фото: Libkos/Getty Images

Олексий Мес Украина ғарбидаги Хмелницкий области Шепетовка шаҳрида, Ондрий Пилшчиков — Харкивда, мамлакат шарқидаги энг йирик мегаполисда туғилган. Уларнинг иккиси ҳам болаликдан учувчи бўлишни орзу қилишган. Олексий отасининг изидан армияга боришни режалаштирган. У ўсмирлик чоғидаёқ конкурсда ғолиб чиққан — Киевга сафар қилиш ва синовчи учувчи, мустақил Украина тарихидаги илк космонавт Леонид Каденюк билан учрашувга йўлланма ютиб олган. Ондрий эса ўсмирлигида доимо самолётларнинг моделларини йиғарди ва камера кўтариб Харкив аэродромларига борар, парвозларни кузатарди. Улар совет учувчиси Иван Кожедуб номидаги Харкив миллий ҳаво кучлари университетига ўқишга кирганидан кейин танишишган ва дўст бўлиб қолишган. 2016 йилда ўқишни тамомлаб, Мес ва Пилшчиков Украина қуролли кучлари ҳаво кучлари сафига қабул қилинган.

СССР парчалангач, советларнинг юзлаб жанговар самолётлари Украина қуролли кучлари ихтиёрига ўтади — қирувчилардан тортиб стратегик бомбардимончиларгача. Ҳаво флоти АҚШ молиялаштирган, совет республикаларини қуролсизлантириш дастури доирасида қисман утилизация қилинган. Техникаларнинг қолган қисми молиялаштириш етишмаслиги туфайли амалда яроқсиз ҳолатга келган. Уруш арафасида Украинада советлар давридан кейин модернизация қилинган атиги бир неча ўн жанговар самолёт қолганди.

2014 йилдан, Россия Қримни аннексия қилиб, россияпараст айирмачилар Донбассда ҳарбий ҳаракатлар бошлаганидан кейин АҚШ Украина билан ҳарбий ҳамкорликни фаоллаштиради, жумладан, қўшма ҳаво машғулотлари ташкиллаштирилади. 2018 йилда Пилшчиков Калифорния Миллий гвардияси билан украинлар учун машғулотлар ташкил этишда иштирок этган. У ўз чақирув белгиси «Жус»ни ўшанда олганди — ангардаги зиёфатлар вақтида алкоголли напиткалар ўрнига доимо шарбат буюртма қилгани туфайли. «Мунфиш» лақабининг келиб чиқиш тарихи эса номаълум.

Бир йил ўтиб Пилшчиков ва Мес алмашув дастури доирасида Калифорнияга боришганида илк бор Американинг F-15 қирувчиларида учиб кўришади. Миллий гвардия пилотлари машғулот парвозлари чоғида маълум вақтга қирувчилар бошқарувини украиналик ҳамкасбларига ҳам топширишади. Бу тажриба дўстлардаги Украина ҳаво кучларининг «шиширилган ва самарасиз» ҳолатидан норозилик ҳолатини янада кучайтирган, дея қайд этган The Wall Street Journal.

2021 йилда Пилшчиков шартномаси муддати тугаганида бюрократия, хизматдаги ёмон шароитлар ва жуда паст маош, шунингдек НАТО стандартларини жорий қилиш сиёсати йўқлиги туфайли армиядан бўшайди. Россиянинг Украинага кенг кўламли босқини бошланганидан кейин эса дарҳол қуролли кучлар сафига қайтади. У Олексий билан биргаликда МиГ-29 самолётларида осмонни қўриқлай бошайди, бу самолётлар Россиянинг замонавий қирувчилари билан солиштирганда жуда эскириб қолганди. Уларнинг иккиси ҳам Украина ҳаво флотини модернизация қилиш ҳаёт-мамот масаласи эканини тушуниб турарди. Уларнинг курсдошларидан бири, капитан Олександр Корпан уруш бошланганидан бир ҳафта ўтмасдан жанговар топшириқни бажариш чоғида ҳалок бўлади.

Дўстлар Америка жамоатчилигига таъсир кўрсатишга уриниб кўришга қарор қилишди. Пилшчиков CNN журналистига берган интервюсижа АҚШни Украинага ракеталар ва радарлар беришга чақириб, ўз самолётини намойиш этади ҳамда «бу болакай» билан у «россияликларнинг қирувчиси қарши самарасиз» эканини таъкидлайди. Бу вақтда эскадриляга қўмондонлик қила бошлаган Мес эса интервюда Украинадаги тайёр учувчилар сони самолётлар сонидан кўпроқ эканини айтади. У ҳаво кучларининг МиГ-29’дан F-16’га модернизация қилинишини тугмали мобил телефондан iPhone’га ўтишга қиёслайди.

Америкалик ёзувчи ва ҳарбий тарихчи Адам Макос пилотлар билан боғланади ва уларни ўз позицияларини ҳимоя қилиш учун АҚШга келишга таклиф этади. 2022 йил июнида учувчилар Вашингтонда америкалик сенаторлар билан учрашади ҳамда яна бир неча жойда интервю бериб, АҚШ ҳукуматини F-16 самолётларини Украинага етказиб беришга рухсат беришга чақиради.

Пилотлардан омма қаршисидаги чиқишлар ва сиёсий баёнотлар беришга кўникиш учун маълум вақт талаб қилинади. Улар илк телевизион интервюдан олдин бунинг ўрнига қирувчи самолёт штурвалига ўтириб, Россия чегарасига қадар учиб боришни афзал кўришларини айтиб ҳазиллашишади, дея ҳикоя қилади украиналик фаол, уларга Америка сафарида ҳамроҳлик қилган Татяна Шевчук. CNN учун интервюда пилотларга Американинг Киев учун ҳарбий ёрдами учун лоббист ҳисобланган актёр Шон Пенн қўшилади.

Сенатор Линдси Грэм WSJ нашри билан суҳбатда украиналик учувчилардаги эҳтирос ва харизма унда катта таассурот қолдирганини айтади. У бу ғояни Жо Байден маъмуриятига «олиб чиқиш» қийин бўлишини тан олса-да, ёрдам беришни ваъда қилади. Учувчилар билан учрашувдан кейин олти нафар сенатор АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остинга хат ёзиб, Украинага ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари, ракета қурилмалари, вертолётлар ва зирҳли техникалар етказиб беришга чақиради. Пилшчиков ва Мес Вашингтонда эканида, уларга яна бир курсдоши, Су-25 учувчиси Олександр Кукурба хат ёзади. У ўз штурмовики учун Zuni ракеталарини сўраганди. Учувчи бир неча ҳафта ўтиб жангда ҳалок бўлади. АҚШдагилар ракеталарни юборишни маъқуллайди.

F-16 самолётлари бўйича қарор эса узоқ кутилади. Байден Украинага қирувчилар юборилиши Россия томонидан можарони кескинлаштириш сифатида қабул қилинишидан чўчирди. Аввал ҳам, Вашингтон Киевга HIMARS баравар ўт очиш реактив тизимлари ҳамда M1 Abrams танкларини юборишга рухсат беришида ҳам шундай хавотирланишлар бўлганди. Қолаверса, америкалик ҳарбий мулозимларни украиналик учувчиларни ўқитиш учун жуда кўп вақт кетиши ва қирувчиларнинг жанг майдонидаги фойдаси катта бўлмаслигидан ҳам ташвишланарди.

2023 йил майида украиналик блогер Мелания Подоляк учун интервюсида (кейин улар учраша бошлайди, аммо ўз муносабатларини сир сақлашади) Пилшчиков F-16 урушда меҳригиё бўла олмаслиги тан олади, аммо ҳеч бўлмаганда Украинанинг ҳаво ҳужумидан мудофаасини сезиларли даражада мустаҳкамлашини айтади. Июн ойида жанговар топшириқни бажариш чоғида Пилшчиковнинг энг яқин дўстларидан бири — Владислав Савелев ҳалок бўлади. Унинг самолётини Россиянинг зенит ракетаси уриб туширганди.

Кейинги ойда АҚШ ниҳоят иттифоқчиларга ўзларидаги қирувчи самолётларни Украинага юборишга ва украиналик учувчиларни тайёрлашга рухсат беради. Дания ва Нидерландия биринчилардан бўлиб самолётларни юборишини тасдиқлайди. 20 август куни Украина президенти Володимир Зеленский Данияда F-16 кабинасига чиқиб кўради.

Ўша куни Адам Макос Пилшчиковга матнли хабар юборади: «У ердагилардан ҳеч ким буни билмайди… аммо биз буни уддаладик!» «Жин урсин, ҳа!», — дея жавоб қайтаради учувчи. У яқин орада F-16 самолётларида машғулотлар ўташ учун хорижга жўнаб кетиши керак бўлган дастлабки саккиз пилотдан бири эди.

25 август куни Пилшчиков Житомир областидаги авиаҳалокат қурбони бўлади. Жанговар топшириқни бажариш чоғида украинларнинг L-39 русумли икки самолёти тўқнашиб кетади. Капитан Пилшчиковдан ташқари, бошқа икки пилот — майорлар Вячеслав Минка ва Сергей Проказин ҳам ҳалок бўлади.

Олексий Мес ҳалок бўлган дўстисиз машғулотга жўнаб кетади. F-16 да учиш бўйича машқлар Данияда ва Аризона штатида ўтказилади. У интервюларидан бирида такомиллаштирилган қирувчида учишни ўрганиш осон вазифа эмаслиги, чунки Украина ҳаво кучлари ҳамон ўтган минг йилликдаги технологиялардан фойдаланишини тан олади.

11 мамлакатдан иборат ғарб коалицияси Украинага Американинг F-16 самолётларидан 80 га яқинини етказиб беришни ваъда қилади. Олти қирувчидан иборат илк партия 2024 йил август ойи бошида етиб келади. Володимир Зеленский 4 август куни Украина қуролли кучлари ҳаво кучлари кунида самолётларни намойиш этади.

Бу воқеа учувчиларнинг жанговар руҳини сезиларли даражада мустаҳкамлайди. «Тушуняпсанми, бу ҳаётимдаги энг катта иш бўлиши мумкин», — дейди Олексий Мес Даниядан қайтганида рафиқаси Юлияга. У бир неча кунни уйда ўтказади. «У менга жойида ўтира олмаслиги, чунки улар қачон парвоз қилишини барча кутаётгани, у эса бу ерда ҳеч нарса қилмасдан ўтирганини айтди», — дея ҳикоя қилади Юлия.

Ондрий Пилшчиковнинг ўлимига бир кун бўлганида Олексий Мес унинг онасига ёзиб, ўз дўстини соғинаётганини айтади. «Умид қиламанки, биз уни уялтириб қўймаймиз», — дея қўшимча қилади у.

Учувчи билан видолашишга юзлаб кишилар — қариндошлар ва дўстлар, қуролдошлар ҳамда қўмондонлик вакиллари келишди
Libkos / Getty Images

Кейинги тонгда, 26 август куни, у илк бор F-16 самолётида ҳавога кўтарилади, Украина қуролли кучлари бош штабида маълум қилишларича — зенит-ракета қўшинлари бўлинмалари билан биргаликда РФнинг Украина ҳудудлари бўйлаб ракета зарбаларини қайтариш учун. Ўшанда Америка қирувчилари пилотлари тўртта қанотли ракетани уриб туширган.

Кейинроқ самолётлардан бири ҳалокатга учрагани маълум бўлди. Украина қуролли кучлари илк F-16 йўқотилгани ва пилот Олексий Мес ҳалок бўлганини тасдиқлайди. Ҳодиса юзасидан текширув ишлари давом эттирилмоқда. «Америка овози» Украина хизматининг Украина қуролли кучларидаги аноним манбаси тергов ҳалокатнинг бир неча эҳтимолий версияларини кўриб чиқаётганини айтган: бу украин ҳаво ҳужумидан мудофаа кучларининг адашиб йўллаган зарбаси, техник носозлик ва учувчи хатоси.

30 август куни Володимир Зеленский Украина қуролли кучлари ҳаво кучлари қўмондони Микола Олешчукни истеъфога чиқарди. Кўп ўтмай Украина мудофаа вазири Рустем Умеров истеъфо F-16 ҳалокати билан боғлиқ экани тўғрисидаги хабарларни рад этиб чиқди. «Мен буни ротация деб атаган бўлардим. Бу иккиси алоҳида масалалар… Айни вақтда мен уларни бир-бирига боғламаган бўлардим», — деди у.

Олексий Меснинг ўғли дафн маросимида отаси портрети билан. Фото: Libkos / Getty Images

Вашингтондаги учрашувдан кейин учувчилар билан мулоқотни давом эттирган сенатор Грэм энди F-16 пилотларини тайёрлаш дастурини кенгайтириш устида ишламоқда ва ҳатто америкалик ҳамда НАТОнинг бошқа мамлакатларидан бўлган истеъфодаги учувчиларни Украинада жанг қилишга чорламоқда. «Биз ҳалок бўлган йигитларнинг хотирасини шарафлаш учун қилишимиз мумкин бўлган энг яхши иш — бу шунчаки саъй-ҳаракатларни каррасига ошириш ва уларнинг ўлими беҳуда бўлмаганига ишонч ҳосил қилишдир», — деган у WSJ журналистига.

Мавзуга оид