Спорт | 10:20 / 04.09.2024
2484
18 дақиқада ўқилади

Рафа Бенитес — «Истанбул мўъжизаси», Алонсонинг «Арсенал»га трансфери барбод бўлиши ва «Реал»да ишлай олмагани сабаби ҳақида

Фото: Getty Images

«Ливерпул»нинг Юрген Клоппдан аввалги энг муваффақиятли мураббийи дея эътироф этиладиган Рафаэл Бенитес бир неча кун аввал «Sky Sports» каналида собиқ футболчилар Гери Невилл, Жейми Каррагер, Иан Райт, Рой Кин ва Жилл Скотт билан подкастда қатнашди ҳамда Мерсисайддаги шонли даврларини ёдга олди. Қуйида испаниялик мураббийнинг энг эътиборга молик фикрларини тақдим этилади.

Невилл: Евро-2024 финалидан сўнг Берлиндан қайтдик ва йўлда испан мураббийлик мактаби масаласида йигитлар билан суҳбатлашиб келгандик. Инглиз мураббийлик мактаби тактик билимларнинг асоси сифатида қараларди, аммо биз 70-90 йиллар оралиғида қолиб кетдик ва ўз услубимизни сайқалламадик. Бугун эса испан мураббийлик мактаби дунё футболини тўлиқ забт этди. Бунинг сабаби нима деб ўйлайсан?

 

— Сен фарқни мураббийлик курсларига боргандаёқ сезасан. Билишимча, Уэлсда яхши мураббийлик мактабингиз бор, у ерда бўлганман. Аммо Испанияда ёндашув бошқача. Тактик тайёргарлик жиҳатидан италян футбол мактаби доим биринчи рақамли бўлиб келган. Испаниянинг ўзига хослиги эса Италия даражасига яқин тактик тайёргарликка ҳамоҳанг юқори техник устуворлик, деган бўлардим.

Англиядаги ҳолат ҳақида эса ўзингиз ҳам яхши биласиз: сизлар қанотлар орқали ва тўғридан тўғри ҳужумлар орқали ўйнашни яхши кўрасиз. Мен «Ливерпул»га келганимда статистик кўрсаткичлардан ҳайратга тушганман. Дарвозабонлар доим ҳужумчилар учлигига тўп етказиб бериш мақсадида узоқ масофага тўп тепишарди. Ўз навбатида, айтиб ўтишим керакки, мен тики-такани ёқтирмайман, уни вақтни бекорга кетказиш, деб ҳисоблайман. Бироқ инглизча олисга узатмаларни ҳам қабул қилолмайман. Булар ўртасида балансни ушлашга ҳаракат қиламан.

Замонавий футболдаги таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, энг кўп голлар 6 тадан кам узатмалар натижасида урилган. Евро-2024да киритилган голларнинг қарийб 65 фоизи жамоа тўпни ютиб олгач, 6 та ёки ундан кам узатмалар алмашинуви орқали рақиб дарвозасига етиб борган. Замонавий футбол тезкор ва тартибли прессинг асосига қурилмоқда. Кучли жамоалар тўпни йўқотгач, дарҳол уни эгаллашга ҳаракат қилишмоқда ва бунинг учун рақиб майдонининг ўзида босим қилишга киришишмоқда. Янги давр футболининг яна бир жиҳати — тўп назорати, фақат бу ишни рақиб яриммайдонида амалга ошириш бўлиб қоляпти. «Ливерпул»даги дастлабки мавсумларимда кубок баҳсларида Чемпионшип жамоаларига ҳам ютқазиб қўярдик. Сабаби, биз ўз яриммайдонимизда кўп пас ўйнаб юборардик ва табиий равишда қайсидир нуқтада аҳмоқона хато билан тўпни рақибга бериб қўярдик.

Нега испан мураббийлик мактаби инглизларникидан ўтиб кетганига жавоб берадиган бўлсам, биз юқорида айтиб ўтганим — баланс устида ишлай бошладик. Италянлардан озроқ тактик тайёргарлик, инглизлардан кўпроқ пас билан ўйнаш ва техник жиҳатдан юқори даражали бўлиш бизни бугунги натижаларга олиб келди. Англия клубларидаги машғулотларни кўришга келганимда «Тоттенҳэм», «Вест Ҳэм» ва «Манчестер Юнайтед» футбол академияларида бўлгандим. «Вест Ҳэм»даги машғулотлар жараёни мени ҳайратга солганди: барча футболчилар тренажёр залида бир хил оғирликдаги тошлар билан машқ қилдирилаётганди: икки метрли дарвозабон ҳам, паст бўйли вингер ҳам… Испанияда эса ҳамманинг жисмоний кўрсаткичлари ва позицияси жиҳатидан талаб қилинадиган даражада юкламалар берилади. «Тоттенҳэм»даги машғулотлар эса янада эътиборимни тортган: уларнинг машғулотида бир соат давомида футболчиларнинг фақат ўнг қанотдан кросс узатишларини кузатганман. Улар бошқа машқларни мутлақо бажаришмаган. Испанияда эса бундай бўлиши имконсиз, биз жамоани комплекс тарзда тайёрлаймиз, биргина услубни машқ қилиш билан 1 соат вақт ўтказа олмаймиз.

Каррагер: Кел, Чемпионлар Лигаси ва Истанбул финали ҳақида гаплашамиз. Яримфинал ёдингдами? Биз Моуринио жамоасига қарши майдонга чиққандик ва улар билан жуда кўп бор тўқнаш келардик. Ушбу беллашув учун режанг қандай бўлганди?

— Тўғри айтдинг, мен мураббийлигим давомида нақ 16 марта Моуринио жамоасига қарши ўйнаганмиз. Ўша даврда «Челси»да даҳшатли таркиб бор эди. Улар биз билан ўйингача бўлган 2 йил ичида 300 млн евро харажат қилганди. Уларда ўзлари истаган барча футболчилар бор эди. Бизда ҳам Жеррард ва Каррагер бўлган ҳамда улар ҳам миллионларга баҳоланарди. Мен рост айтяпман, агар сен ўша пайтда Жеррард ва Каррагерни сотиб олмоқчи бўлсанг, 200 млн евро тўлашингга тўғри келарди: 180 млн Стивен учун, 20 млн Жейми учун (кулади). Ўйинга қайтадиган бўлсак, ўша «Челси»ни қандай қилиб ютиш мумкин эди? Мана шундай қилиб: иккала ўйинда уларда ҳаммаси бўлиб 2 та имконият бўлганди, атиги 2 та аниқ зарба. Дарвозабонсиз ўйнаганимизда ҳам финалга чиққан бўлардик. Биз ўша даврдаги Европанинг энг кучли жамоасини енггандик.

«Олимпиакос» билан гуруҳда анча қийин бўлганди, Жеррард барчасини ҳал қилгани сабаб плей-оффга чиқдик. «Ювентус» эса жуда катта жамоа эди, улар «Реал»ни енгиб қаршимиздан чиқаётган эди. Хаби Алонсо жароҳатдан энди қайтганди ва биз ҳимояда 3 нафар марказ вакили билан ўйинга чиққанмиз. Боиси, уларда икки нафар марказий ҳужумчи бор эди: Алессандро Дел Пиеро ва Златан Ибраҳимович. Иккинчи ўйинда Алонсони майдонга туширар эканман, ундан югурмасликни, шунчаки марказда тўпни қабул қилиб пас билан жамоани олдинга олиб чиқишни сўрагандим. Чунки бизда Антонио Нунйес, Луис Гарсия ва Милан Барош каби тезкор футболчилар бор эди. Ўшанда 5-3-1-1 тактикасида ҳаракатланганмиз, рақибга мослашишга мажбур эдик. Уларда биргина вазият бўлганди: жарима зарбаси, гол ура олишмаган ва биз иккинчи ўйинда 0:0 ҳисобини ушлаб кейинги босқичга йўл олгандик.

«Челси» ҳақида Арсен Венгер билан гаплашганимни яхши эслайман, улар биз билан ўйнашни ёқтирмас эди. Боиси — биз ҳимояда ўта тартибли эдик. Бу каби кучли жамоаларга қарши ўйинларда адаптация жуда муҳим рол ўйнайди. Сенга курашувчан, ғалабага чанқоқ, тажрибали ва доим янги нарсаларни ўрганишга тайёр футболчилар керак бўлади. Мен қандай бўлмасин, тўп биланми ёки тўпсизми, ўйинни назорат қилишни хоҳлайман. Лекин Жейми фикримни тасдиқлаши мумкин: ҳеч қачон жамоамга ҳимояга ётиб олинг, деб кўрсатма бермаганман.

Финалда марказда Жеррард ва Алонсо жуфтлиги билан бошлагандик. Сабаби, Луис Гарсия, Ҳарри Кюэлл ва Милан Барош каби футболчилар бор таркиб билан сен ҳужумкор футбол ўйнашни хоҳлайсан. Миланликлар эса яримҳимояда 3+1 шаклида ўйнамоқчи эди ва биз чизиқлар орасида ҳаракат қилишни мўлжаллагандик. Какани назорат қила олмаганимиз биринчи бўлимдаги хатомиз бўлди, чунки Жеррард ҳужумга тез-тез қўшилишга одатланиб қолганди. Танаффусда бу хатони тўғрилаганмиз, чунки Стив олдиндалигида Алонсо таянчда бир ўзи қолиб кетаётганди ва тезкор Кака унга қарши бўшлиқлар топаётганди. Мен ўйинга тайёрланар эканман, ўз ҳужумкор футболчиларимга катта ишонч билдиргандим. Иккинчи голни ўтказиб юборганимиздан сўнг, ёрдамчим Пакога айтдим: «Танаффусда мен футболчилар билан гаплашаман ва биз иккинчи бўлимда 3 нафар ҳимоячи билан ўйнаймиз. Мен айтишим билан Ҳаманни тайёрлашни бошлайсан». Шу гапни айтиб бўлишим билан биз 3-голни ҳам ўтказиб юбордик. Биз иккинчи бўлимда майдонга чиқиб, ҳисобни янада шармандали ҳолатга келтириб қўйишимиз ҳам мумкин эди. Барча футболчиларнинг боши қуйи эгилган, уларнинг ҳафсаласи пир бўлгани кўриниб турарди. Лекин уларни жонлантиришга ҳаракат қилардим, чунки бизнинг йўқотадиган нарсамиз йўқ эди. Битта гол уриб олсак, ҳаммасини ўзгартиришга имконимиз бўлади. Мен футболчиларга ғалабага нисбатан ишончни етказа олишим керак эди.

0:3 вақтида ўша финални ютишимизга ишонганмидим? Йўқ. Лекин танаффусда ўз ишимни қилишим кераклигини яхши тушуниб тургандим. Дитмар Ҳаманни туширишдан асосий мақсадимиз ўйин назоратини қўлга киритиш эди. Ва тан олишим керакки, ўшанда 3 та голни ақлбовар қилмас омад эвазига киритгандик.

Невилл: Футболчилик фаолиятим давомида «Ливерпул»нинг чемпионликка эришолмаётганидан заррача ҳам қайғурмаган бўлсам-да, сизларнинг доим титулдан бир қадам қолганда қоқилишингизни кузатиб, яқин қолганингизни ҳис қилардим. Аммо бирдан жамоада пасайиш бошланди: Алонсо ва Маскерано кетди. Ўшанда нима бўлганди?

— «Ливерпул»га келганимда 3 йил ичида титул учун курашга қўшилишни хоҳлашларини айтишганди. Мен трансферлар ойнаси давомида 20 млн фунт ишлатишим мумкин эди. Бунча пулни «Манчестер Юнайтед» битта футболчига сарфлаши мумкин бўлган. Мен трансферларга жамоа ичидан пул ишлаб топишга ҳаракат қилардим: футболчилар сотуви, ижарага бериш… Клуб раҳбарининг шахсан ўзи «МЮ» ёки «Челси» билан харажатлар борасида рақобатлаша олмаслигимизни айтганди. Чунки сизлар ҳар бир ўйинда 70 минг мухлис билан ўйнардингиз, биз эса 45 мингга яқин мухлисни стадионга сиғдира олардик, холос. Бу мавсумига 50 миллион фунт кўп ишлаб топганингизни англатади. Лекин биз чемпионлик учун курашишимиз керак эди.

Эсимда, мен Йоветични харид қилмоқчи эдим ва у 16 млн фунт турарди. Раҳбариятдан бу ҳақда сўраганимда, менга пул йўқлигини айтишганди. Ўша мавсумда «Фиорентина» билан ўйнаб, 0:2 ҳисобида ютқаздик ва у дубл қайд этди. Ўшанда клуб бошлиғига «сизга айтган футболчим мана шу эди», дегандим. Кейин эса Аарон Рэмзи билан ҳам шунга ўхшаш ҳолат бўлди. Ўша пайтда «Кардифф» билан 1,5 млн фунт ҳамда бонуслар эвазига келишиб қўйгандик ва Англия Кубоги доирасида уларнинг майдонида ўйнашимиз керак эди. Биратўла ўша 17 ёшли йигитчанинг трансферини ҳал қилиб қайтишни ният қилиб Уэлсга бордик, аммо Арсен Венгер унинг учун 5 млн фунт тўлади ва Рэмзини олиб кетди. Гарет Бейл билан ҳам шундай бўлган. 17 ёшлигида, «Саутҳэмптон»да ўйнаб юрганида уни 6 ой кузатдик ва якунда «Тоттенҳэм» 8 млн фунт тўлаб уни трансфер қилди, биз эса яна иқтидорли футболчи учун курашга кириша олмадик.

Жамоада юзага келадиган камчиликларни бартараф этиш учун сенда футболчи сотиб олиш ва уларга маош тўлаш учун пул керак бўлади. Бизда ўша пайтда пул бўлмаган. Мен Видич билан ҳам «Манчестер Юнайтед»га келишидан аввал гаплашганман. Эсимда, унинг қайлиғи инглизча яхши гапирарди ва у орқали гаплашгандик.

Нега Ливерпулга футболчиларни жалб қилиш қийин кечган? Чунки хориждан келадиган оилалар Лондон ёки Манчестерда яшашни маъқул кўради: у ерда халқаро аэропорт бор, савдо марказлари ҳам Ливерпулдагидан катта ва кўп. Бу — жуда муҳим фактор. Чунки бир пайтлар менинг бир футболчимнинг аёли бошқа бир футболчининг аёли билан доимий гаплашиб юриб, уни Ню-Йоркка кўчиб ўтишга ундаган ва мен икки ўртада футболчимдан айрилганман. Бундан ташқари, Лондон ва Манчестерда сен титуллар ютишинг мумкин эди, биз ўша даврда чемпионлик учун кураша олмасдик.

Каррагер: Эсимда, 2008/2009 йилги мавсумда чемпионликка жуда яқин келгандик ва бу фаолиятимдаги энг зўр мавсум бўлганди. Ўша мавсум аввалида Хаби Алонсо «Арсенал»га ўтишга яқин эди, кейин эса жамоада қолди ва мавсумнинг энг яхши футболчиси бўлди. Кетиш кайфиятидаги футболчи бу даражада кучли ўйнаб кетишининг сабаби нимада?

— Хаби — жуда ажойиб инсон, ақлли футболчи ва мени у билан ҳеч қандай муаммом бўлмаган. Гап шундаки, у аллақачон «Арсенал» билан келишиб қўйганди. Биз эса уни сотиб, ўрнига Гарет Бэррини олиб келмоқчи эдик, чунки у бир нечта позицияда яхши ўйнарди. Аммо Чемпионлар Лигасига ўтиш баҳсида иштирок этишимиз керак эди. Маскерано олимпия ўйинларида эди, Жеррарднинг белида оғриқ бор эди ва мавсумнинг энг муҳим ўйинида менда Хабидан бошқа вариант йўқ эди. У эса кетиш арафасида бўлгани учун майдонга тушмоқчимасди. Аммо якунда у биз билан қолган ва жамоамизнинг энг яхши футболчиси бўлганди. Ваҳоланки, мавсумолди сўнгги ўртоқлик ўйинимизда мухлислар Алонсони қарсаклар билан майдондан кузатиб, қайсидир маънода у билан хайрлашиб ҳам бўлган эди. Хўш, у нега ўша мавсум кетмади? Чунки мен клуб директори билан гаплашганимда барчасини аниқ қилиб айтганман: Хаби 40 млн фунтдан камига кетмайди, унинг яна 3 йиллик шартномаси бор.

Невилл: Англияда Жеррард-Лэмпард-Скоулз абадий савол бўлиб келади. Сен эса Жеррардни баъзида ҳужумчи ортида, баъзида қанотда ўйнатардинг ва бунинг сабаби нимада эди?

— Бунга юқорида ҳам жавоб бердим: тактик сабабларга кўра. Сиз айтган учала футболчи ҳам классик тўртбурчакдан тўртбурчаккача ўйнайдиган (box-to-box) яримҳимоячилар ҳисобланади. Ўша пайтда Англия миллий жамоаси ёрдамчи мураббийи Стив Макларен эди ва у бир кун олдимга келиб, бу учала футболчи масаласига ечим топа олмаётганликларини айтди. Стивни ўз позициясидан юқорироққа чиқаришга қарор қилганман ва бу унинг кучига шубҳа қилганимдан эмас. Стивен Жеррард — мен мураббийлик қилган энг зўр футболчи. У шу қадар зўр эдики, мен қўйган исталган позицияда юқори даражада ўйнай оларди. Шунинг учун, мен унинг натурал ўрни қаер эканини ҳам аниқ айтолмас эдим. Капелло Англияга мураббий бўлгач, уни чап қанотга ҳам қўйиб кўрган ва Стив у ерда ҳам ажойиб ўйнаганди.

«Ливерпул»да марказда Хаби Алонсони ўйнатардик, лекин у тезкор футболчи эмасди. Унинг бирмунча секин ҳаракатларини Жеррарднинг тезкорлиги билан компенсация қилардик.

Каррагер: Фаолиятингнинг кейинги босқичларида «Интер» ва «Реал» каби грандларда ишладинг. Айтиш керакки, ушбу клубларда ишларинг унча ўхшамади. Лекин биз билан, «Валенсия» ва «Наполи»да жуда яхши ишлаган эдинг. Бу сенинг мураббийлик фалсафанг иккинчи эшелон жамоаларига кўпроқ мос келиши билан боғлиқми?

— Қисман, бу фикрга қўшилиш мумкин. Чунки Анчелотти «Наполи»да муваффақиятга эриша олмаганди, аммо мен Неаполда бир неча мавсум яхши ишлай олдим. «Интер» ва «Реал»да трансферлар ҳамда бюджет билан боғлиқ муаммолар йўқ. Биргина муаммо шундаки, сен доим ғалаба қозонишинг керак. Бундай жамоалар билан ишлашдаги энг катта муаммо — юлдуз футболчиларни ўз услубингда ишлатишда юзага келадиган қийинчиликлар, десам бўлади. Италияда бундай футболчиларни «қорни тўйган» деган ибора билан аташади ва улар меҳнат қилишни исташмайди.

Каррагер: Нега «Эвертон»га боргандинг, Рафа? Бундай қилишинг мумкинмас-ку, ахир!

— Чунки оилам Ливерпулда яшашга ўрганган, менга бу шаҳар ёқади. Миланда яшаганимда, оилам даҳшатли даражада қийналганди. Қайсидир беллашувни бой берган кунимиз эртасига фарзандларимни мактабда ўртоқлари тинч қўйишмасди ва буни қабул қилиш оғир бўлган. Шундан сўнг оиламни Ливерпулга доимий кўчириб олиб келиб, ўзим қаерда ишласам, ўша ерда яшаб юрардим.

«Эвертон»да раҳбар менга трансферларга пул сарфлай олмаслигимни айтганди. Ўша ёзда жами 1,7 млн фунт ишлатдик ва 5 футболчи сотдик. Биргина харид Демарей Грей бўлганди. Биз клубни элитада сақлаб қолдик. Чунки биздан олдин 100-150 млн фунт сарфлаганларни деб жамоанинг молиявий ҳолати жуда ёмон ҳолатга келиб қолганди.

«Селта»да янги раҳбарият менга ҳақиқий лойиҳа тақдим этишганди ва ростдан ҳам уларнинг тикланишига ёрдам бермоқчи эдим. Аммо кўп ўтмай менга берилган ваъдаларга умуман мос келмайдиган ишлар бўлиб кетди. Улар менга 3 йиллик шартнома беришди ва бу вақт ичида клубни Европа майдонлари квотаси учун курашадиган даражага олиб чиқишни сўрашди. Бироқ клубдаги бюджет жуда кичиклиги боис юқоридаги клублар билан баҳслашишимиз имконсиз эди. Мисол учун, «Реал» трансферларга 600 млн евро ишлатиши мумкин, биз эса 60 млн. Бундай шароитда уларга қарши курашишни тасаввур қилиб ҳам бўлмайди. Мавсум ўртасида эса улар мендан буткул бошқа нарсаларни талаб қила бошлашди.

Абдулбасит Валихонов таржимаси

Мавзуга оид