«Реал» янги йилда учинчи ўйинини ўтказди. Ва навбатдаги соврин учун қадам ташлади.
«Реал» — «Малйорка» 3:0
Голлар: Беллингҳэм (63), Валент (90+2, автогол), Родриго (90+5).
«Реал» – Куртуа, Менди, Рюдигер, Тчуамени (Асенсио, 55), Васкес, Камавинга, Валверде (Себаллос, 75), Беллингҳэм, Винисиус (Диас, 88), Родриго, Мбаппе.
«Малйорка» – Грейф, Мохика, Раилло (Копете, 34), Валент, Маффео, Дардер (Асано, 71), Маскарел, Морланес (Саму Кошта, 70), Дани Родригес (Пратс, 81), Ларин (Наварро, 70), Мурики.
Огоҳлантиришлар: Беллингҳэм (66), Камавинга (74).
«Реал» рақибни илк дақиқаларданоқ кучли босим остида қолдирди. Тўпга эгалик қилиш бўйича тотал устунлик, кучли прессинг, рақиб дарвозаси атрофидаги кескинлик. «Малйорка» бу дақиқаларда фақат ҳимояланди ва ҳужумга чиқишни фақат орзу қила олди. Лукас Васкеснинг яхши позициядан йўллаган зарбаси ҳаддан ташқари кучлилик қилди ва юқоридан ўтиб кетди, Родригонинг зарбасидан кейин дарвозабон Доминик Грейф жамоасини голдан қутқариб қолди, Килиан Мбаппе ҳам тўпни тўсин юқорисидан ошириб тепди. Бу воқеаларнинг барчаси ҳакамнинг ўйин бошлангани ҳақидаги ҳуштаги чалинганидан кейинги саккиз дақиқа ичида бўлиб ўтди.
Кейинроқ ҳам Грейф Орелен Тчуамени ва Жуд Беллингҳемнинг зарбаларидан кейин ўзини кўрсатишига тўғри келди. Шундан кейингина «Малйорка» нисбатан дадилроқ ҳаракат қила бошлади. Ҳеч бўлмаганда майдоннинг рақиб дарвозаси томонидаги қисмига кўпроқ ўта бошлади. Ва хавфли вазият ҳам яратилди, аммо Кайл Ларин истиқболли қарши ҳужумни хато зарба билан якунлади.
Пабло Маффео ва Винисиус Жуниорнинг қарама-қаршилиги алоҳида эътиборга молик. «Малйорка» ҳимоячиси мунтазам равишда бразилияликка провокация қилди ва уни издан чиқаришга уринди. Ўйинга бир неча кун қолганида Пабло ҳазиллашиб, агар рингда боксга тушишса, Винисиусни 10 сония ичида нокаут қилишини айтганди. Ўйиннинг биринчи бўлимида Маффео ва Винисиус доимий равишда гап талашишди ва бармоқларини лабга қўйган ҳолда бир-бирини тилини тийишга чақирди.
Эпизодлардан бирида бразилиялик вингер рақибининг кўкрагига оҳиста тегиб қўйди, у эса дарҳол газонга юмалаб, даҳшатли оғриқ ҳис қилаётгандек кўрсатди. Бу ўйинда ҳакамлар бригадас VAR аралашувисиз ишлашди – Мбаппе «Малйорка» жарима майдонида йиқилганида ҳам.
Жамоалар танаффусга голсиз йўл олишди. «Реал» ўйиннинг 67 фоиз вақтида тўпга эгалик қилди, 15 бор зарба берди (бештаси — дарвоза соҳасига тўғри борди), беш марта бурчак зарбасини амалга оширди ва xG бўйича 1,12 кўрсаткичини қайд этди. «Малйорка» эса олти бор зарба берди, аммо бу зарбаларнинг бирортаси дарвоза соҳасига тўғри бормаган. Қолаверса, Антонио Раило жароҳат олиб, биринчи бўлимдаёқ алмаштирилди.















