6 сентябрнинг асосий янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
Сурхондарёда йўқ қилиниши мўлжалланган дарахтлар, уч вилоят ўртасида ер алмашинуви, узум экспорти рейтингида пастлаш ва давлат бюджетига солиқ тушумларини кескин қисқартирган газчилар — кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.
Қарийб 10 минг дарахт кесиладими?
Сурхондарё вилоятида Денов туманининг Чим маҳалласидан бошланиб Олтинсой туманининг Шакарқамиш маҳалласигача бўлган йўлдаги барча дарахтларга қизил рангда махсус белгилар чизиб чиқилган.
Экология вазирлигининг Kun.uz’га маълум қилишича, 2024 йилнинг 2 июл кунида Автомобил йўллари қўмитасидан вазирликка “4Р105 “Дарбанд-Бойсун-Элбаён” ва 4Р100 “Мангузар-Жарқўрғон-Бандихон-Олтинсой-Денов” автомобил йўлларининг баъзи қисмларини реконструкция қилиш лойиҳасини амалга ошириш жараёнига тўсқинлик қилаётган 9405 туп дарахтни кўчириб ўтказишга доир тегишли кўрсатма сўралган хат йўлланган.
Вазирлик бунга жавобан Ўзбекистон Президентининг 2021 йилдаги 46-сон Фармонига мувофиқ давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларининг кесилишига мораторий жорий қилингани ҳамда ўсимлик ва ҳайвонот олами дунёси объектларини нобуд қилиш ёки уларга шикаст етказиш билан боғлиқ жиноятларни оғир жиноятлар тоифасига киритиш белгиланганини эслатган.
Ушбу ҳудуддаги дарахтларнинг кўп йиллик ёши ва ҳажмидан келиб чиқиб, Экология вазирлиги дарахтларни кўчиришга рад жавобини берган.
Мавзуга оид яна бир хабар. Самарқанд вилояти Пахтачи туманида кўчада ўсиб турган теракни кесган фуқаро БҲМнинг 25 баробари — 9 млн 375 минг сўм миқдорида жаримага тортилган. Шунингдек, фуқарога ўсимлик дунёсига етказган зарари учун 680 минг сўм жарима ҳам ҳисобланган.
Учта вилоят чегараси ўзгартирилади
Сирдарё вилоятидан 310 ва Наманган вилоятидан 38,8 гектар ер майдонлари Тошкент вилояти ҳудудига ўтказилади. Тошкент вилоятидан эса ушбу икки вилоятга 370 гектардан ортиқ ер берилади.
Бу вилоятлараро чегара чизиқларини бир чизиққа келтириш мақсадида амалга оширилмоқда.
Тошкент вилоятининг Сирдарё ва Наманган вилоятлари билан чегара ҳудудларига ўзгартиришлар киритилиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда халқ депутатлари Тошкент вилояти кенгашининг навбатдаги сессиясида Кадастр агентлигининг Тошкент вилояти бошқармаси томонидан таклиф этилган қарор лойиҳаси тақдимотида маълум қилинган.
Қарор лойиҳаси маҳаллий кенгаш депутатлари томонидан маъқулланган.
Ўзбекистон узум экспортчилари рейтингида пастлади
EastFruit таҳлилчиларига кўра, 2022 йилда Ўзбекистон узум экспорти бўйича дунёда 9-ўринда турган бўлса, 2023 йилда бирданига 11 ўринни йўқотиб, 20-ўринни зўрға эгаллади.
Экспорт ҳажми бир йилда 8 баробарга камайган, бунга ҳақиқий узум фалокати — ғайритабиий совуқлар туфайли катта майдонларда узумзорларнинг нобуд бўлиши сабаб бўлган.
Узумзорларнинг йўқотилиши мева-сабзавот саноати учун оғир зарба бўлди, чунки узум мамлакатнинг асосий экспорти ва Ўзбекистондаги кўплаб кичик фермерлар учун энг муҳим даромад манбаи эди.
Йўқотишлар нафақат янги мева экспортига, балки қуритилган меваларга ҳам таъсир кўрсатди. Чунки майиз ҳам мамлакат қишлоқ хўжалигининг асосий экспорт маҳсулотларидан биридир. Янги узум навлари мураккаб логистика туфайли асосан қўшни мамлакатларга сотилаётган бўлса, майиз экспорти чинакам диверсификация қилинган.
Вазият шу қадар оғирлашдики, Ўзбекистон ҳатто узумни четдан келтирди. Бироқ узумзорлар жуда тез тикланишга муваффақ бўлганга ўхшайди, чунки бу мавсумда узумнинг асосий навлари ва турларининг кўпчилиги учун нархлар аллақачон нормал даражага қайтган.
Газчилар солиқ тушумларини камайтирган
Жорий йилнинг биринчи ярмида билвосита солиқ тушумлари ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,4 фоизга камайган. Солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Мубин Мирзаевга кўра, бунга газ ишлаб чиқаришнинг пасайиши ва импорт қилишнинг ортиши сабаб бўлган.
Мирзаевга кўра, Ўзбекистон ҳар 1000 метр куб газни Россиядан 160 доллардан импорт қиляпти. Шунинг ҳисобига 1,3 трлн сўм акциз солиғи олинмаган.
Хусусан, жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида 5,2 млрд метр куб газ сотиб олинган. Аҳоли ва корхона ташкилотларига газнинг минг метр куби 480 минг сўмдан то 1,5 млн сўмгача сотиляпти. Натижада, ҳар 1000 метр кубга 60 сўмдан қайтариб берилмоқда.
UzGasTrade компаниясига эса 1 трлн сўм ҚҚС тўлови қайтариб берилган. Ўз навбатида, ички газ қазиб олишнинг камайиши ҳисобига ҳам акциз солиғи тушумлари 104 млрд сўмга қисқарган.
Иккинчиси, олти ойда 13,7 млрд метр куб газ ишлаб чиқарилган. Бу ўтган йилга нисбатан 1,4 млрд метр куб кам. Шунинг ҳисобига 104 млрд сўмлик акциз солиқлари кам тушган.
Аввалроқ “Uzbekistan GTL” МЧЖ йилнинг биринчи ярмида 112 млрд сўм солиқ тўлагани, бу – ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 56 фоизга камлиги хабар қилинган эди. Солиқ қўмитасига кўра, бу экспорт ҳажми ошгани билан боғлиқ. Иккинчи чоракда 2,7 трлн сўм даромад кўрган компания шу даврда 1,8 трлн сўмлик солиқ имтиёзларидан фойдаланган.
Мавзуга оид
21:41 / 22.11.2024
22 ноябр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
21:40 / 21.11.2024
20 ноябр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
19:49 / 20.11.2024
20 ноябр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
21:05 / 19.11.2024