Жаҳон | 11:51 / 06.09.2024
1961
2 дақиқада ўқилади

Россияда турли даражадаги сайловларда овоз бериш бошланди

Россияда 21 минтақа губернаторлари, Москва шаҳар думаси депутатлари ва Давлат думаси депутатлари учта бир мандатли сайлов округида сайланади. Электрон овоз бериш биринчи марта олтита ҳудудда бўлиб ўтади.

Фото: РИА Новости

6 сентябр, жума куни Россиянинг қатор ҳудудларида турли даражадаги сайловлар учун уч кунлик овоз бериш бошланди.

«Интерфакс» агентлиги эслатганидек, мамлакатнинг 83 та ҳудудида жами 4 мингдан ортиқ сайлов кампанияси ўтказилади: «Турли даражадаги сайловлар, жумладан, Россия Федерациясининг 21 минтақаси губернаторларининг тўғридан тўғри сайловлари, Москва шаҳар думасига сайловлар режалаштирилган. Шунингдек, Давлат думаси депутатларининг қўшимча сайловлари мўлжалланган».

Таъкидланишича, сайловда овоз бериш уч кун ичида Россиянинг 30 та ҳудудида бўлиб ўтади; икки кун ичида - учта субъектда; бир кун ичида - республиканинг саккизта минтақасида.

Россияда электрон овоз бериш

Шу билан бирга, масофавий электрон овоз бериш Россия Федерациясининг 25 та субъектида ҳам минтақавий, ҳам муниципал сайловларида қўлланади. У биринчи марта Олтой Республикаси, Коми, Мари Эл, Чеченистон, Кострома ва Смоленск вилоятларида ўтказилади.

Охирги бир неча йил ичида бир қатор кузатувчилар Россияда онлайн овоз беришни ҳимояга эга бўлмаган ва сохталаштиришлар учун имконият берувчи тизим сифатида танқид қилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид