Жамият | 21:05 / 06.09.2024
58450
6 дақиқада ўқилади

Вазият критик нуқтага яқин: молиявий пирамидаларни телевидение, газета ва маҳалла еттилиги тарғиб қилмоқда

Молиявий пирамидалардан огоҳлантиришда давом этамиз. Навбатдаги ёлғонлар “HNK медиа компанияси”, “Cter” ва “TAKORP” номлари остида ишламоқда. “HNK медиа компанияси”ни телеканал ва газета, ҳатто маҳалла раиси ҳамда еттилиги ҳам фаол тарғиб қиляпти.

Aif ва Whats платформаларининг “изи совимай” туриб, одамлар янги молиявий пирамидаларга алданишда давом этмоқда. Ўзбекистонни чирмовуқ сингари ўраб олаётган ҳар хил шубҳали платформалар янги усулларда “қурбонлар” топишга ҳаракат қиляпти ва бу мақсадга эришишларида уларнинг тегирмонига ҳудудлардаги газета ва телеканаллар ҳам сув қуйишни бошлади.

Ўзбекистонда молиявий пирамидалар сони кун сайин кўпайиб бормоқда. Бири жабрланувчиларнинг пулини “йиғиб-териб” ёпилиб кетса, ўрнига бошқаси пайдо бўляпти. Гарчи одамлар орасига кириб бориш усули турлича бўлса-да, уларнинг ишлаш схемаси бир хил: депозитга пул қўй ва ишламасдан шунчаки даромад ол.

Қўй терисига ёпинган тулки

HNK медиа компаниясини шунақа атаса бўлади. Негаки, ушбу платформа одамларнинг “тилига тушиш” учун эҳтиёжмандларга озиқ-овқатлар тарқатмоқда.

HNK медиа компанияси ўзи нима?

Ижтимоий тармоқлардаги гуруҳларида келтирилишича, Heineken (HNK) медиа компанияси 2016 йилда ташкил этилган ва бош қароргоҳи Лондон шаҳрида жойлашган. У глобал кино реклама ва медиа компанияси ҳисобланар экан. Мақсади кино ва телевидение асарларини глобал тарғиб қилиш. Компания таъсисчилари Kevin Torn ва Barri Jons исмли шахслар экани айтилади.

“Эпидемиядан азият чеккан Ўзбекистонда бандлик даражаси пасайишда давом этмоқда. Ўзбекистонда иқтисодий тикланишни тезлаштириш ва барқарор ўсиш суръатларини таъминлаш мақсадида Heineken медиа компанияси Ўзбекистон ҳукумати томонидан халқни иш билан таъминлаш учун таклиф қилинган эди”, дейилади гуруҳда берилган хабарлардан бирида.

Ушбу жумланинг ўзиёқ HNKнинг ёлғонлари фош этишга етарли аслида. Аммо давлат ва жамият ҳаётидаги янгиликлардан хабардор бўлиб бормайдиган инсонлар тоифаси бу гапга ишониб қўяқолади.

Қайд этилишича, HNK Ўзбекистонда филиалини ташкил этгандан буён 100 минг кишини иш билан таъминлабди. Компания шунча одамга барқарор даромад келтириб, уларнинг “оилавий бахт кўрсаткичини оширган” эмиш.

HNKнинг ишлаш схемаси яқиндагина юзлаб одамларни чув тушириб кетган Aif ва Whats’ники билан бир хил: депозитга пул қўясиз, кунлик вазифани бажарасиз (вазифа видео ва филмларни томоша қилиш) ва даромад оласиз.

Бунда даражалар ҳам белгиланган. Масалан, М1 даражасида 837 минг сўм пул тикиб, кунлик 9 вазифани бажарган ҳолда ойига 810 минг сўм, йилига 9 млн 855 минг сўм даромад олиш таклиф этилган. Даража ўсишига қараб кунлик вазифалар ҳамда даромад миқдори ошириб борилган. Шунингдек, бошқа одамларни таклиф қилиш орқали қўшимча даромадлар ҳам олиш айтилган.

Бошқа молиявий пирамидалар сингари HNKнинг ҳам вилоятларда филиаллари очилган. Шунингдек, лойиҳа “бир пиёла чой устида” одам йиғишнинг ҳам уддасидан чиқмоқда.

Эътиборлиси, ушбу молиявий пирамиданинг тегирмонига нодавлат телеканаллар ва маҳаллий газеталар ҳам сув қуйишни бошлаган.

Масалан, Бухородаги “Истиқлол” телевидениеси HNK фаолияти ҳақида тижорат материаллари тайёрлаб, эфирга берган. “Бухорои шариф” газетаси эса мақола чоп этган.

HNK медиа компанияси номи остидаги фирибгарларга ҳатто маҳалла раислари ҳам кўмаклашмоқда.

Масалан, Бухоро шаҳридаги Тўқимачи маҳалласи раиси Шерзод Жумаев “Истиқлол” телевидениесига берган интервюсида HNKга маҳалла еттилиги томонидан миннатдорчилик ҳам билдирган.

Heineken компанияси томонидан Тўқимачи маҳалласи фуқароларининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламига озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди. Шахсан ўзим ва маҳалла еттилиги томонидан Heineken компаниясига миннатдорчилик билдирамиз”, деган у.

Kun.uz Шерзод Жумаев билан боғланди. Бухоро шаҳридаги Тўқимачи маҳалласига 2,5 йилдан бери раислик қилиб келаётган Жумаев ўзи ҳам ушбу ўйинга қўшилганини маълум қилди.

Текшириб кўрдим, бу ишончли экан, Ўзбекистон билан 2021-2031 йилларга шартнома қилган экан. Гувоҳномаларини кўрдим. Ўзим ҳам 360 минг сўм билан кирдим. Ҳали биринчи босқичдаман”, дейди маҳалла раиси.

Cter ва TAKORP

Ушбу платформалар ҳам пул тикиш эвазига даромад олишни фаол тарғиб қилмоқда. Ижтимоий тармоқларда очилган гуруҳларда юзлаб одамлар турли ёлғонларга ишонтириляпти.

Масалан, Cter кўпроқ жамоавий ишлаш ниқоби остида фаолият юритмоқда (бу орқали аслида кўпроқ одамни чув тушириш мақсад қилинган). Жамоа яратган одамга турли совғалар улашишни ҳам маълум қилган.

TAKORP ҳам шу усулда ишламоқда.

“Онлайн иш” ниқоби остида фаолият юритаётган бу каби молиявий пирамидаларнинг асосий нуқтаси пул тикиш орқали даромад олишни таклиф қилишида. Биргина шу жиҳатнинг ўзи лойиҳа ёлғонлигини ва унинг ортида фирибгарлар турганини кўрсатади.

Kun.uz яна бир бор барчани бундай платформаларга пул тикмасликка ва алданиб қолмасликка чақириб қолади.

Руслан Сабуров,
Kun.uz

Мавзуга оид