Пул тикиш ва видео томоша қилиш орқали пул ишлашни тарғиб қилган Aif ва Whats “тўрва халтаси” пулга тўлгач, ғойиб бўлди. Уларга мулкини сотиб, бировдан қарз кўтариб, ҳатто банкдан кредит олиб пул тикканлар ҳар доимгидай куйиб қолаверишди.
Молиявий пирамида бўлган ҳар икки платформа ортидан алданган оломон ва бир олам муаммо қолди.
“Хотинини ўлдириб қўйишига сал қолди”
Aif’дан хоразмликлар кўпроқ зарар кўрди. Сабаби ушбу платформа бошқа ҳудудларга қараганда Хоразмда кўпроқ оммалашганди.
Aif ёпилгач ҳолат шу даражагача бордики, ҳатто унга алданганлар тўпланиб, Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармасини ўраб олишди. Уларнинг мурожаатлари асосида Хоразм вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Aif платформасига нисбатан жиноят иши қўзғатилган.
Қайд қилинишича, ушбу платформа айни пайтда «ўз фаолиятини номаълум сабабга кўра тўхтатганлиги» ва мурожаат қилувчи шахсларга жуда кўп миқдорда моддий зарар етказганлиги маълум бўлган. Хозирда тергов гуруҳи томонидан мазкур жиноят иши доирасида жабрланувчилар сони ва уларга етказилган зарар миқдорини аниқлашга киришилган.
Kun.uz журналисти билан суҳбатлашган хоразмлик кузатувчилардан бири шундай ҳикоя қилади:
“Aif’нинг ёпилиши вилоятда катта жанжалларни келтириб чиқарди, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари оёққа турди. Кўпчилик алданибди. Ҳатто қўшним ўз хотинини калтаклаб, ўлдириб қўяй деди: пулини Aif’га тикиб юборган экан. “Мелиса” чақириб, зўрға тинчитдик. Ҳозирда жиноят иши очилиб, тергов бошланган, дея эшитдик”.
“Келинимнинг олдида уятли бўлдим”
Aif билан бирга Whats’дан куйганлар ҳам оз эмас. Ҳатто вилоятларда филиалларини очиш орқали кўпроқ одамни жалб қилишга улгурган Whats платформаси бир неча ҳафта олдин пул бериш функциясини ёпиб қўйди. Бу аслида платформа ортида турган фирибгарлар “ғалвирни сувдан кўтарганини” англатади.
Яъни платформада етарлича одам йиғилди, миллиардлаб пул тикилди. Энди шунчаки тўпланган пулни олиб, ғойиб бўлиш қолганди. Ва шундай қилишди. Аслида барча молиявий пирамидаларда ишлатиладиган схема шундай: ишонтир, ваъда бер, тўпла ва ўғирла.
“Ўзи бу каби нарсаларга унчалик ишонмасдим. Лекин шу сафар нимадир бўлди, ишонганимни ўзим ҳам билмай қолдим: балки бирга ишлайдиган ҳамкасбларим ёппасига ўйнай бошлагани таъсир қилгандир.















