Жаҳон | 14:00 / 09.09.2024
1547
4 дақиқада ўқилади

ЕИ Венесуэлада мухолифатни таъқиб қилишни тўхтатишга чақирди

Европа дипломатияси раҳбари Боррел мухолифатдан президентликка номзод ўз мамлакатини тарк этиб Испанияга кетишга мажбур бўлганидан кейин «Венесуэлада демократия учун қора кун» ҳақида гапирди.

Фото: Getty Images

Европа Иттифоқи Венесуэла ҳукуматини мухолифатни репрессия қилишни тўхтатишга ва барча сиёсий маҳбусларни озод қилишга чақирди. Венесуэлада мухолифатдан президентликка номзод Эдмундо Гонсалес сиёсий таъқибларга учраган ва «ўз хавфсизлиги ва эркинлигига тўғридан тўғри таҳдидларга дуч келмоқда», деди якшанба куни Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррел.

Гонсалес ўз мамлакатини тарк этишга мажбур бўлганлиги хабар қилинганидан кейин у «Венесуэлада демократия учун қайғули кун» ҳақида эълон қилди. «Демократик мамлакатларда ҳеч бир сиёсий етакчи бошқа давлатдан бошпана излашга мажбурланмаслиги керак», деб тушунтирди у. Боррел Гонсалес «сайловда мутлақ кўпчилик овоз билан ғалаба қозонганини» эслатди.

«Европа Иттифоқи Венесуэла ҳукумати мухолифат ва фуқаролик жамияти вакилларини репрессия, ўзбошимчалик билан ҳибсга олиш ва таъқиб қилишни тўхтатиб, барча сиёсий маҳбусларни озод этишини талаб қилмоқда», — дейилади баёнотда.

Венесуэлада мухолифат етакчиси Гонсалесни ҳибсга олишга ордер берилди

Венесуэлада терроризм ишлари бўйича ваколатларга эга судя мухолифат президентлигига номзод Эдмундо Гонсалесни ҳокимиятни эгаллаб олиш, фитна уюштириш ва саботажда айблаб, ҳибсга олиш учун ордер берди. Ҳужжат сурати 2 сентябр куни Каракас прокуратураси томонидан эълон қилинди.

Аввалроқ Венесуэла бош прокурори Тарек Уилям Сааб Гонсалес ва мухолифат етакчиси Мария Корина Мачадога нисбатан тергов бошланганини маълум қилганди, дея эслатади dpa агентлиги.

Гонсалесни ҳибсга олишга ордер чиқарилиши, агентлик таъкидлаганидек, баҳсли сайловлардан кейин Николас Мадуро томонидан мухолифатга қарши репрессияларнинг жиддий кучайганидан далолат беради.

«Улар (ҳокимият) ҳақиқий ҳаётдан бутунлай узилиб қолган», — деб ёзади Мачадо X ижтимоий тармоғида. «Сайланган президентга (мухолифат уни Гонсалес деб ҳисоблайди) таҳдидлар фақат венесуэлаликлар ва бутун дунёда Эдмундо Гонсалес янада кўпроқ қўллаб-қувватланишига олиб келади», дея қўшимча қилди у. 

Мадуро Венесуэла раҳбари этиб қайта сайланди

Венесуэлада президентлик сайловлари 28 июл куни бўлиб ўтди. Мамлакат ҳукумати назоратидаги сайлов комиссиясининг маълум қилишича, аввалроқ мамлакатни икки муддат президентлик лавозимида бошқарган Мадурони сайловчилар 51,2 фоизи қўллаб-қувватлаган. Бироқ халқаро кузатувчиларга сайловларда иштирок этишига рухсат берилмаган.

Мухолифатга кўра, овозлар адолатли саналганда Гонсалес тахминан 67 фоиз овоз билан сайловда ғалаба қозониши керак эди. Мадуронинг рақиблари Венесуэла бўйлаб тўғридан тўғри сайлов участкаларидан олинган бюллетенларнинг 80 фоиздан ортиғини эълон қилди. Сайловдан олдинги сўровлар ҳам Мадуронинг мағлубиятини башорат этган эди. 

Сайлов натижалари эълон қилингач, Каракас ва Венесуэланинг бошқа шаҳарларида сохталаштиришга қарши намойишлар бошланди. Полиция ва ҳарбийлар намойишчиларга қарши кўздан ёш оқизувчи газ ва резина ўқлардан фойдаланган. Reuters агентлигига кўра, намойишлар чоғида камида икки киши ҳалок бўлган. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид