Жаҳон | 09:15 / 10.09.2024
2840
3 дақиқада ўқилади

Белгия: чеченистонлик шахс терактга тайёргарлик кўргани учун 15 йилга қамалди

Брюгге суди ИШИД террорчилик гуруҳининг тўрт нафар тарафдорига ҳукм чиқарди. Гуруҳ бар, полиция бўлими ва НАТО биносига ҳужумлар режалаштирган.

Фото: VRT

Брюгге жиноий суди мамлакатда қатор терактлар уюштиришни режалаштирган чеченистонлик шахсларга ҳукм чиқарди. Бу ҳақда 9 сентябр, душанба куни Белгиянинг VRT телеканали хабар берди. Гуруҳ раҳбари Абубакар С. 15 йилга, унинг рафиқаси эса жиноятга шерикликда айбланиб, саккиз йилга қамалди. Яна икки айбланувчи, жумладан, раҳбарнинг укаси шартли қамоқ жазоси ва жаримага тортилди. Суд иш бўйича бешинчи айбланувчини оқлади. «Суд мажлиси чоғида Абубакар С. судяни бир неча марта ҳақорат қилган ва охир-оқибат уни камерасига қайтаришга тўғри келган», — дейилади телеканал хабарида.

Тергов шуни кўрсатдики, гуруҳ Антверпеннинг бир қанча, жумладан яҳудийлар яшайдиган мавзеларида, шунингдек, бар, полиция бўлими ва НАТО биносида ҳужумлар режалаштирган, деди Брюгге суди матбуот котиби Амели Ван Беллегем. Судда таъкидланганидек, айбланувчиларнинг «террорчилик ҳужуми учун жуда аниқ режалари» бўлган: хусусан, жиноятчилар қурол сақлаш учун гараж ижарага олган, полиция қўнғироқларига жавоб бериш вақтини ўрганган ва ҳужумлар режалаштирилган жойларга ташриф буюрган. Терговчилар, шунингдек, Абубакар С.нинг ИШИД террорчилик гуруҳига содиқлик келтиргани ва бомба йиғиш бўйича кўрсатмалари акс этган видеони ҳам топдилар.

Белгияда уч чеченистонлик теракт режалаштиришда айбланди 

Белгия ҳукумати Чеченистонда туғилган уч фуқарони қироллик ҳудудида терактни молиялаш ва тайёрлашда айблади. Белгия прокуратураси 26 июл куни гумонланувчилар ИШИД террорчилик гуруҳининг афғон бўлинмаси бўлмиш «Вилояти Хуросон»га алоқадор эканликларини маълум қилди.

Белгиянинг тўққизта шаҳри, жумладан Антверпен, Гент ва Лежда бир вақтнинг ўзида 14 манзилда ўтказилган кенг кўламли аксилтеррор операцияси давомида чеченистонликлар қўлга олинди. Прокуратура маълумотларига кўра, тинтувлар давомида етти киши ҳибсга олинган, улардан тўрт нафари сўроқдан кейин қўйиб юборилган. Ҳужумнинг потенциал нишони ҳақида тафсилотлар ошкор этилмаган.

Аввалроқ Германия Федерал прокуратураси ИШИДни қўллаб-қувватлаганликда гумон қилиниб, икки нафар Россия фуқароси қўлга олингани ҳақида хабар берган эди. Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг сўзларига кўра, бу шахслар Германия ва Европа бошқа давлатларида террорчилик гуруҳига маблағ тўплаган ташкилот аъзолари бўлган.

Европа мамлакатларида 200 мингдан ортиқ этник чеченлар яшайди - энг катта диаспоралар Франция, Германия ва Австрияда.

Мавзуга оид