Жаҳон | 16:36 / 10.09.2024
9701
11 дақиқада ўқилади

ОАВ Россия Эрондан баллистик ракеталар олганини хабар қилди. Бу ҳақда нималар маълум ва Украина учун қанчалик хавфли?

Ғарбдаги бир неча нуфузли нашрлар Эрон Россияга баллистик ракеталар етказиб бергани ҳақида хабар берди, сўнгги икки йил мобайнида шундай келишув эҳтимоли ҳақида хабарлар чиқиб турганди. Расмий Вашингтон бу маълумотни тасдиқламаган, рад этмаган ҳам, Украина эса Эронга икки томонлама муносабатлардаги «ҳалокатли оқибатлар» билан таҳдид қилган.

Фото: Getty Images

BBC Украина хизмати маълумотига кўра, Украина ТИВ баёнотидаги бундай формулировка Украина ва Эрон ўртасидаги алоқалар узилиши эҳтимолини англатиши мумкин.

Нашр Эрон баллистик ракеталарини етказиб бериши Украина учун қанчалик хавфли экани ва бу қуроллар ҳақида нималар маълумлиги ҳақида ёзди.

ОАВ хабарида нима дейилган?

The Wall Street Journal нашри 6 сентябр куни европалик ва америкалик мулозимлар орасидаги аноним манбасига таянган ҳолда Эрон аллақачон РФга кичик масофада ҳаракатланувчи баллистик ракеталарини юборгани ҳақида ёзди.

Нашр маълумотига кўра, Европа ва АҚШ аллақачон Теҳроннинг ҳаракатларига жавобан санкциялар устида ишламоқда.

CNN эса разведкадаги икки манбасига таяниб, Эрон «Украинага қарши урушда қўллаши учун аллақачон Россияга яқин радиусда ҳаракатланувчи баллистик ракеталарни юборгани»ни хабар қилди.

Жорий йил февралида Reuters агентлиги олтита манбага асосланган ҳолда Эрон Россияга «ер-ер» классидаги 400 дона баллистик ракета бергани ҳақида хабар қилганди.

Ўшанда АҚШдагилар бундай турдаги қуроллар берилганига ҳеч қандай далил кўрмаётганини айтганди, Эрон вакиллари эса бундай баёнотларни «асоссиз» деб атаганди.

Қишда Украина мудофаа вазирлиги Бош разведка бошқармаси ҳам ракеталар етказилгани ҳақидаги маълумотни рад этганди.

Аммо август ойига келиб Reuters Европа разведкасидаги манбасига таяниб, Эрон барибир РФга сунъий йўлдош орқали бошқарилувчи, кичик масофага ҳаракатланадиган юзлаб Fath-360 баллистик ракеталар етказиб беришни режалаштираётганини ёзди.

Сентябр ойи бошида бу маълумотни Bloomberg ҳам тасдиқлади.

Британиянинг Times газетасига кўра, Россия Эрондан 200 дан ортиқ баллистик ракеталардан иборат илк партияни қабул қилиб олган.

Украина «ҳалокатли оқибатлар» билан таҳдид қилмоқда, Оқ уйдагилар эскалация ҳақида гапирмоқда

Украина ТИВ бу хабарлардан «чуқур хавотир» билдирди ва Эронни «БМТ Низоми ва халқаро ҳуқуққа кўра, тажовузкор давлат саналган Россияга ҳар қандай турдаги қурол-яроғ ва ҳарбий техникаларни беришдан тийилиш»га чақирди.

Эроннинг Кремл билан ҳамкорлигига қарши намойиш

Украина Россия икки йилдан ортиқ вақтдан буён Украинани, жумладан Эрон томонидан ишлаб чиқарилган дронлар билан ўққа тутаётганини эслатган ва жаҳон ҳамжамиятини «халқаро тинчлик ва хавфсизлик ҳимояси учун Теҳрон ва Москвага босимни кучайтириш»га чақирган.

«Расмий Теҳронни огоҳлантирамизки, Эрон Россия Федерациясига баллистик ракеталарини топширгани факти тасдиқлангудек бўлса, бу Украина-Эроннинг икки томонлама муносабатларида ҳалокатли оқибатларга олиб келади», — дейилган Украина ТИВ баёнотида.

BBC Украина хизматига кўра, гап икки давлат алоқалари узилиши ҳақида кетмоқда.

Оқ уй Эрон ракеталари Россияга юборилгани эҳтимолини «кескин эскалация» деб атади.

«Эрон баллистик ракеталарининг Россияга ҳар қандай ҳолатдаги етказилиши Эрон Россиянинг Украинага қарши тажовузкор урушини қўллаб-қувватлашидаги кескин эскалацияни англатади», — дея АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши раиси сўзларини келтирган Reuters.

Аммо Эроннинг БМТдаги миссияси амалда ракеталар етказиб берилганини рад этган. Мамлакат ваколатхонаси Теҳроннинг Украинадаги можаро бўйича позицияси «ўзгармай қолаётгани»ни билдирган.

«Эрон можаро иштирокчилари бўлган томонларга ҳарбий ёрдам кўрсатишни одамлар ҳалок бўлиши, инфратузилмалар вайрон бўлиши ортишига ва ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги музокаралардан йироқлашишга олиб келувчи ноинсонийлик деб ҳисоблайди, — дейилади ваколатхона хабарида. — Шу тариқа, Эрон нафақат ўзи бундай ҳаракатлардан тийилади, балки бошқа мамлакатларни ҳам можаро иштирокчиларига қурол етказишни тўхтатишга чақиради».

Аввал ҳам Теҳрон Москвага Украина бўйлаб зарбалар бериш учун «Shaheed» типидаги дронлар етказиб бераётганини бир неча бор рад этганди — ҳолбуки, журналистлар ва халқаро экспертлар бунинг аксини кўрсатувчи кўплаб далилларни келтиришган. 2022 йил кузидан буён Россия томонидан «Геран» дея қайта номланган бундай минглаб дронлар Украина ҳудудларига юборилган.

Дронларнинг бир қисми тўғридан тўғри Эронда, яна бир қисми — РФдаги заводларда Эрон технологиялари бўйича йиғилгани ҳақида рад этиб бўлмайдиган қатор далиллар мавжуд.

Американинг Урушларни ўрганиш институти (ISW) таҳлилчилари Эрон баллистик ракеталари Россияга юборилишини икки мамлакат ўртасидаги стратегик ҳамкорликнинг бир қисми деб ҳисобламоқда.

Уларнинг фикрича, Эрон режими РФга баллистика бериб, эвазига Москвадан энг янги Су-35 қирувчиларини олишни кўзлаган. ISW ҳисоботида ёзилишича, бу масала август ойида РФ Хавфсизлик кенгаши котиби Сергей Шойгунинг Теҳронга ташрифи чоғида муҳокама этилган.

Эрон кенгайтирилган ҳарбий ҳамкорлик доирасида кибер имкониятлар, шунингдек ракета-космик дастурларини такомиллаштириш масаласида Россиядан ёрдам сўраган.

Бу ракеталар нимаси билан хавфли?

Эрон баллистик ракеталарнинг бир неча турини ишлаб чиқаради

Россия Украинага қарши кенг кўламли урушнинг илк кунларидан буён Украинадаги нисбатан энг муҳим нишонларга баллистик ракеталар, биринчи навбатда — «Искандер М» тизими ракеталари билан зарбалар бериб келмоқда. Улар билан асосан ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари, ракета комплекслари, бошқарув пунктлари ҳамда энергетика объектлари ўққа тутилади.

Бу баллистик ракеталар қанотли ракеталардан фарқли ўлароқ ҳаддан ташқари юқори тезликда учиб, нишонга яқинлашганида тик траекторияда тушиши, шунингдек, кучли жанговар каллакка ҳамда юқори аниқликка эгалиги билан ажралиб туради.

Буларнинг барчаси ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини бундай ракеталар қаршисида амалда ожиз қолишига сабаб бўлади.

Украинада россияликларнинг баллистик ракеталарини фақат чекланган миқдордаги Patriot ва SAMP-T ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари билан уриб тушириш мумкин, бошқа ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари эса бунга қодир эмас.

Аммо «Искандер» ракеталаридан фаол қўлланиши Россияда уларнинг захиралари тугаб қолишига олиб келди.

Масалан, Украина мудофаа вазирлиги Бош разведка бошқармаси 2023 йил августида РФда «Искандер» тизимининг баллистик ва қанотли ракеталарини тахминан 270 тага баҳолаганди.

Аммо ўшанда бошқарма Россия корхоналари бир ойда ўртача 30 та баллистик ракета тайёрлаши мумкинлигини таъкидлаган.

Шу билан бирга, украин экспертлари ҳисоблашича, жорий йил август ойининг ўзида РФ Украина бўйлаб зарбалар учун «Искандер» русумли ёки унинг шимолий кореяликлар тайёрлаган муқобили ҳисобланган KN-23 ракеталардан 61 тасини учирган.

Россия армияси КХДРдан олинган KN-23 ракеталарини (расмий номланиши Hwasong-11) илк бор 2023 йил декабрида қўллаганди.

Бу ракеталар назарий жиҳатдан «Искандер»га қараганда узоқроқ масофага ҳаракатланади: уларнинг максимум масофаси 900 километрни ташкил этади. Аммо, украин нашрлари ёзишича, улар анча эскирган ва нишонга аниқ бормайди.

Defense Express портали маълумотига кўра, россияликлар учирган KN-23 ракеталарининг қарийб ярми шунчаки ҳавода портлаб кетган ва белгиланган нишонга етиб бормаган.

Шунинг учун Кремл Украина бўйлаб ракета зарбаларини давом эттириш учун янги ва нисбатан самаралироқ баллистик ракеталарга эҳтиёж сезаётганди.

Fath-360 қандай ракета?

Эронда ишлаб чиқилган «ер-ер» классидаги, қисқа масофали Fath-360 ракеталари 300 мм диаметрга эа, вазни — 850-1100 килограмм чиқади.

Defense Express порталига кўра, амалда россияликлар учирган KN-23 ракеталарининг ярми шунчаки ҳавода портлаб кетган ва нишонга етиб бормаган

Ракетанинг жанговар каллаги оғирлиги 150 килограмм, ҳаракатланиш радиуси — 75-120 километр.

Бу тутиб олиш мураккаб бўлган, тез ва аниқ борувчи анча хавфли қуролдир.

Аммо Эрон унданда кучлироқ ҳамда узоқроқ масофага борувчи Fateh-110 ракеталарига ҳам эгадир. Аввалроқ ОАВда Москвага айнан шундай ракеталар берилгани эҳтимоли ҳақида ҳам ёзилганди. Ҳозирча бу борада далиллар пайдо бўлмаган.

Халқаро стратегик тадқиқотлар институти (IISS) илмий ходими, Яқин Шарқ мамлакатларининг ракета қуролларини ўрганувчи Фабиан Ҳинц қайд этишича, эронликларнинг ракеталарини бошқариш ва учириш анча осон.

«Бу ракеталарнинг барчаси — юқори аниқликда, улар нишонга етарлича аниқ бориб, жуда вайронкор, жанговар каллаги оғирлиги 500 килограммдан ортиқ», — дея изоҳлайди Ҳинц.

Fateh-110 ракета 300 км, Fateh-313 — 500 км, Zolfaghar — 700 км масофагача учиб бориши мумкин.

Fateh-110 учиришга тайёрлаш учун камроқ вақт кетиши ҳамда узоқ муддатгача яроқли бўлиб қолиши билан фарқланади. Уни ноқулай об-ҳаво шароитида ҳам учириш мумкин.

Эроннинг собиқ мудофаа вазири Аҳмад Воҳидий ракета қуруқликдаги ва денгиздаги нишонлар, душман тўпланиб турган нуқталар, ракета қурилмалари, ўқ-дори омборлари ҳамда бошқа объектларга «100 фоиз аниқликда» зарба бера олишини айтганди.

Айрим маълумотларга кўра, ракета, кассетали ва кимёвий каллакдан ташқари, ядровий каллак олиб учиши ҳам мумкин.

АҚШ Эрон ушбу ракеталарни ишлаб чиқишда Хитой компанияларининг технологик кўмагидан фойдаланган деб ҳисоблайди.

Эрон қўшини бундай ракеталар билан рақиб, хусусан, Сурия ва Ироқда ИШИД жангарилари тўпланиб турган ҳудудларга бир неча бор зарбалар бергани маълум.

Фабиан Ҳинцнинг фикрича, «Fateh оиласи»га мансуб ракеталар Украинадаги урушнинг боришига сезиларли таъсир кўрсатиши мумкин.

«Бу ракеталар жиддий зарар етказа олади. Баллистик бўлгани туфайли уларни фақат Patriot каби айрим ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари билангина уриб тушириш мумкин. Украина бундай тизимларга эга, аммо бутун Украина ҳудудини қамраб оладиган миқдорда эмас, қолаверса, тутиб олувчи ракеталар ҳам етишмайди. Шунинг учун бу жиддий синов бўлади», — деб ҳисоблайди эксперт.

Шу билан бирга, бу ракеталардан самарали фойдаланиш учун яхши разведка маълумотларига эга бўлиш керак, айниқса, ҳаракатланиб юрувчи нишонларга зарба беришди.

«Агар гап стационар бўлмаган ва доимий ҳаракатда бўлувчи нишон ҳақида кетса, бу катта чақириқ бўлади, чунки россияликларда фронт чизиғидан анча ичкарида разведка билан шуғулланиш имкониятлари юқори эмас. Разведка маълумотлари етишмаслиги самарадорликни чеклайди», — деб изоҳлайди Фабиан Ҳинц.

Шу билан бирга, сўнгги ойларда россияликлар фронт чизиғидан юзлаб километрлар масофага разведкачи дронларни учира олмоқда ва фронт ортидаги базаларга баллистик ракеталар билан зарба бермоқда.

Эксперт фикрича, Fateh-110 ракеталари Американинг 300 км масофадаги нишонни ҳам ура олувчи ATACMS ракеталарининг баъзи версиялари билан беллаша олади.

Мавзуга оид