Жамият | 10:18 / 12.09.2024
2647
3 дақиқада ўқилади

Чиқиндиларни олиб кетиш бўйича оммавий оферта жорий этилди

Фото: Kun.uz

Тадбиркорлик фаолияти олиб бориладиган ҳар бир объектдан маълум бир миқдорда чиқинди ҳосил бўлиши табиий. Санитар тозалаш ишларини ташкил этиш марказига кўра, бугунги кунда республикада мавжуд тадбиркорлик субъектларининг аксарияти, яъни 90 фоизи чиқарадиган маиший чиқиндилари учун мажбурий тўловларни амалга оширмай келган.

Улардан ҳосил бўладиган чиқиндилар ҳеч қандай тўловларсиз, белгиланмаган жойларга ёки аҳоли учун мўлжалланган чиқинди йиғиш шохобчаларига олиб чиқиб ташланган. Энди бу каби «уддабуронлик» ҳолатларига чек қўйилади.

Ўзбекистон президентининг «Чиқиндиларни бошқариш тизимини такомиллаштириш ва уларнинг экологик вазиятга салбий таъсирини камайтириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида» 2024 йил 4 январдаги 5-сонли фармонига кўра, жорий йил 1 июлидан алоҳида кўчмас мулкдан фойдаланадиган юридик шахслар ҳамда якка тартибдаги тадбиркорлар учун қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича кўрсатиладиган хизматлар оммавий оферта асосида амалга оширилади. 

Фармонга кўра, оферта фақатгина фаолияти давомида алоҳида кўчмас мулкдан фойдаланадиган юридик шахслар ёки якка тартибдаги тадбиркорлар билан мазкур кўчмас мулк жойлашган ҳудудга бириктирилган санитар тозалаш корхонаси ўртасида тузилади. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ депутатлари Кенгашлари юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар учун уларнинг фаолият турлари ва хусусиятларидан келиб чиқиб, чиқинди тўплаш меъёрларини тасдиқлайди ҳамда оммавий офертадаги тўлов суммалари ушбу меъёрларга асосланган ҳолда белгиланади.

«Бу орқали тадбиркорлик объектидан мазкур ҳудудга бириктирилган санитар тозалаш корхонаси чиқиндиларни олиб кетади ва тадбиркор эса бунинг учун белгиланган тўловни автоматик тарзда амалга ошириши керак бўлади. Бу ўз ўрнида икки томон учун ҳам мақбул ечим ҳисобланади», дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, мазкур топшириқ давлат раҳбарининг жорий йил 29 март куни чиқиндилар билан ишлаш тизимини янги ёндашувлар асосида ташкил этиш ҳамда «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам қайд этилган эди.

Марказ тадбиркорлик субъектлари ушбу тартибга амал қилмаган тақдирда қонунчиликда белгиланган чоралар кўрилишидан огоҳлантирган.

Мавзуга оид