Жаҳон | 11:39 / 12.09.2024
2644
3 дақиқада ўқилади

Ҳаррис ва Трамп 11 сентябр қурбонлари хотирасига ҳурмат бажо келтирди

Демократлар ва Республикачилар партияларидан номзодлар теледебатнинг эртасига Бутунжаҳон савдо маркази жойлашган Граунд-Зиро мажмуасидаги маросимда қўл бериб кўришди.

Фото: AP/TASS

Демократлар ва Республикачилар партиясидан номзодлар Камала Ҳаррис ва Доналд Трамп теледебатнинг эртасига, ҳужумларнинг 23 йиллиги муносабати билан Ню-Йоркда 11 сентябр воқеаларини ёдга олиш маросимида қўл бериб кўришди. 11 сентябр, чоршанба куни Қуйи Манхэттендаги тадбирда АҚШ президенти Жо Байден ва Ню-Йоркнинг собиқ мэри Майкл Блумберг иштирок этди. 

«Бугун биз 2001 йил 11 сентябрдаги даҳшатли терактда ҳалок бўлганлар учун мотам тутяпмиз. Биз уларнинг оилалари ва яқинлари билан бирдаммиз», - деди АҚШ вице-президенти Ҳаррис баёнотида. «Шунингдек, биз оддий америкаликлар ўша мудҳиш кунда ўз ватандошларига ёрдам бериш учун кўрсатган қаҳрамонликни ҳурмат қиламиз. Биз буни ҳеч қачон унутмаймиз», - дея давом этди у. 

Маросимда Трампнинг вице-президентлик лавозимига номзоди Жеймс Дэвид Вэнс ва Ҳаррис бир-бири билан мулоқот қилмади, дея аниқлик киритди CNN.

Граунд-Зирода хотира тадбирлари

Анъанага кўра, минораларига «Ал-Қоида» террорчилик гуруҳи аъзолари олиб қочган самолётлар келиб урилган Бутунжаҳон савдо маркази (БСМ) жойлашган Граунд-Зиро мажмуасида хотира тадбирлари бўлиб ўтди. Қурбонлар яқинлари ҳужумларда ҳалок бўлган 3000 га яқин кишининг исмларини ўқиб эшиттирди.

Шунингдек, Пентагонда ва Пенсилваниядаги самолёт қулаган жойда мотам тадбирлари бўлиб ўтди.

АҚШда 9/11 терактлари

2001 йил 11 сентябрдаги терактлар натижасида жами 2977 киши, жумладан Ню-Йоркда 2753, Вашингтондаги АҚШ Мудофаа вазирлигида 184 ва Пенсилванияда яна 40 киши ҳалок бўлди. 23 йил олдин террорчилар тўртта самолётни олиб қочганди. Улардан биринчиси Бутунжаҳон савдо марказининг шимолий минорасига келиб урилган, кўп ўтмай жанубий минорада ҳам худди шундай ҳужум содир бўлган, шундан сўнг иккала бино ҳам қулаган. Террорчилар учинчи самолётни Вашингтон яқинида жойлашган АҚШ Мудофаа вазирлиги биносига йўналтирган, тўртинчи самолёт эса йўловчилар қаршилик кўрсатганидан кейин Шанксвиллда (Пенсилвания) қулаган.

Ҳужумлар ташкилотчиси, «Ал-Қоида» етакчиси Усама бин Лодин 2011 йилда Америка махсус кучлари томонидан ўлдирилган.

Мавзуга оид