Фан-техника | 22:42 / 13.09.2024
2674
3 дақиқада ўқилади

OpenAI фикрлашга қодир биринчи o1 моделини чиқарди

Ушбу сунъий интеллект модели фактларни мустақил текшириш ва хатоларни тўғрилашга қодир.

Фото: OpenAI

OpenAI ўзининг o1 деб номланган энг янги генератив моделини чиқарди. Бу мураккаб саволларга одамларга қараганда тезроқ жавоб беришга ўргатилган «тафаккурли» нейрон тармоқларининг «биринчи қалдирғочидир».

Компания o1 билан бирга кичикроқ ва арзонроқ o1-mini версиясини ҳам тақдим қилди. Кўринишидан, бу жуда шов-шувли Strawberry лойиҳаси бўлиб, у ҳатто компания ичида ҳам сир тутилган.

Бу ChatGPT асосчилари томонидан асосий мақсад — инсон онгига монанд сунъий интеллект яратиш сари яна бир қадамдир. Агар амалий инновациялар ҳақида гапирадиган бўлсак, янги маҳсулот аввалгиларига қараганда код ёзиш ва кўп босқичли муаммоларни ҳал қилишда яхшироқ ишлайди. Лекин у ҳам қимматроқ ва секинроқ.

Модел, шунингдек, ўрганиш техникаси (Reinforcement Learning, RL) асосида хатоларни мустақил равишда тузатишга қодир. У, шунингдек, сўровларни кўриб чиқиш учун «фикрлар занжирини» ишга тушириши мумкин, худди одамлар қийинчиликларни босқичма-босқич енгиб ўтиши каби. Бошқача қилиб айтганда, у ўзини текшириши ва келажак учун маълум хулосалар чиқариши, уларни хотирасида сақлаши мумкин. Буларнинг барчасига қарамай, ҳали галлюцинациялардан бутунлай халос бўлишнинг иложи йўқ, деб тан олди ишлаб чиқувчилар. Муаммо сақланиб қолмоқда, аммо камроқ даражада.

Аммо математикада у аллақачон сувдаги балиқ каби. Таққослаш учун, GPT-4o Халқаро математика олимпиадаси дастуридаги масалаларнинг атиги 13 фоизини тўғри ечди, o1 эса 83 фоиз балл тўплади.

o1 ортидаги таълим олдинги усуллардан тубдан фарқ қилади, деди Жерри Творек, компаниянинг тадқиқот директори. Улар модел учун турли хил алгоритмлар ва янги маълумотлар тўпламидан фойдаланган. Компания модел ҳали ёш эканини таъкидлаб, ушбу релизни «дастлабки кўрик» деб атамоқда.

ChatGPT Plus ва Team фойдаланувчилари 13 сентябрдан бошлаб o1 ва o1-mini имкониятларидан фойдаланиши мумкин. Enterprise ва Edu мижозлари кейинги ҳафта бошидан. Кейинчалик, OpenAI «mini» моделини оммага беғараз тақдим қилишни кўзламоқда.

Мавзуга оид