Номи ҳар хил, лекин услуби бир фирибгарлар кундан кунга кўпаймоқда. Билимсиз, дангаса ва пул “осмондан тушиши”га ишониб яшайдиган одамлар эса осонгина уларнинг ҳийласи қурбонига айланмоқда. Kun.uz ушбу масалани экспертлар иштирокида таҳлил қилди. Билдирилган фикрларга кўра, зудлик билан тизимли ечим зарур. Содда, лекин пулга ўч одамлар фирибгарларга алданаверади, занжирнинг охири ҳалокат. Энг катта масъулиятни давлат бўйнига олиши лозим.
Деярли ҳар бир инсон тезда бойиб кетиш ҳақида ўйлайди. Бунинг ягона йўли ақл ва билим билан меҳнат қилиш эканини билса-да, барибир иккиламчи усулларга ҳам бош суқиб кўради. Одамларнинг истакларини яхши ўрганган “устаси фаранглар” эса бундан ўз фирибгарлиги учун фойдаланади. Бугун жамиятимизда молиявий пирамидалар жиддий, бироқ аниқ ечими йўқ муаммога айланди. Минглаб одамлар била туриб ўз пулларини фирибгарларга топширишда давом этмоқда.
Хорижий тажрибага эга молия эксперти Тамилла Қурбоновага кўра, молиявий саводхонлиги паст ва очкўз, тез бойишга мойиллиги ўта юқори одамлар йиғилган жамиятларда молиявий пирамида ташкилотлари гуллаб-яшнайди. Инсонларнинг ҳаракат ва меҳнатсиз бойиш ниятлари фирибгарлар томирига сув қуяди. Бироқ экспертнинг қўшимча қилишича, аслида риск ва даромад бирга юради. Даромад олишни истаган инсон хавф-хатарларни ҳам инобатга олиши керак. Даромад рисксизми, демак бу ёки ёлғон, ёки фирибгарлик.
Инсон ҳуқуқлари фаоли, «Эзгулик» жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов фикрича, бу муаммо бугун пайдо бўлгани йўқ. Ўзбекистонда молиявий пирамида ташкилотларининг бемалол ривожланишига менталитет, жамоавий қарашлар, халқ онги, дунёқараши, инсонларнинг ўз олдига қўйган мақсадлари ва энг асосийси коррупция сабаб бўлмоқда. Аввало, давлат кўра била туриб, бунга кўз юммаслиги керак, дейди Ташанов. Унинг қўшимча қилишича, молиявий пирамидаларни оддий одамлар тузолмайди. Уларнинг орқасида ишонгани бўлади, давлатда бундай ташкилотлар ривожланаверади ва охири ҳалокат билан тугайди. Жамиятнинг иқтисодий имкониятлари чекланган, одамларнинг маоши ўз эҳтиёжларига етмас экан, фирибгарларга алданадиганлар сони камаймайди, дейди инсон ҳуқуқлари фаоли.
Психотерапевт Зебинисо Аҳмедовага кўра, антисоциал, шахсияти бузилган инсонлар халқнинг соддалиги ва тез бойиб кетишга бўлган уринишларидан тезкорлик билан фойдаланиб, ҳаттоки, хориждаги худди шундай фирибгарлик стратегияларидан ўрганган ҳолда одамларни чув туширмоқда.
Хўш, одамлар нега худди шундай ҳолатларнинг гувоҳи бўла туриб ҳам ортга қайтмайди, пул тикишга уринади? Бунга асосий сабаб уларнинг улгуриб қолишга бўлган ишончлари. Чунки молиявий пирамидаларнинг биринчи иштирокчилари ростдан ҳам фойда кўради, бироқ кейинчалик иштирокчилар сони ортган сари ташкилотчилар бошқарувни бутунлай йўқотади.














