Жаҳон | 22:51 / 15.09.2024
2678
2 дақиқада ўқилади

Ветнамда «Яги» супертайфуни етказган зарар 1,6 млрд долларга баҳоланди

Мамлакатда сув тошқинлари ва тайфун оқибатида 257 мингта уй, 1,3 мингдан ортиқ мактаб, юзлаб тўғонлар ва бошқа инфратузилма объектлари вайрон бўлган ёки сув остида қолган.

Фото: Reuters

Ветнамнинг шимолий ҳудудларига ёпирилган «Яги» супертайфуни мамлакатга 1,63 миллиард доллардан ортиқ зарар келтирди. Бу ҳақда Ветнам инвестиция ва режалаштириш вазири Нгуэн Чи Зунг 15 сентябр куни ўтказилган ҳукумат йиғилишида маълум қилди.

Қайд этилишича, мазкур супертайфун Ветнамда охирги 30 йилда кузатилган энг кучли табиий офатга айланган. Вазирнинг сўзларига кўра, ундан кейин бошланган ёғингарчилик ва сув тошқинлари 26 та провинция ва аҳоли пунктига зарар етказган бўлиб, ушбу ҳудудларга мамлакат ЯИМининг 41 фоизи тўғри келади.

Таъкидланишича, сув тошқинлари ва тайфун оқибатида 257 мингта уй, 1,3 мингдан ортиқ мактаб, юзлаб тўғонлар ва бошқа инфратузилма объектлари вайрон бўлган ёки сув остида қолган. Бундан ташқари, шоли ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экилган 262 минг гектар ер майдони ювилиб кетган, 2,3 миллион бошдан ортиқ қорамол ва парранда нобуд бўлган.

Чи Зунгнинг айтишича, табиий офат оқибатида мамлакатнинг кўплаб ҳудудларида 2024 йил иккинчи ярмида ЯИМнинг ўсиши секинлашади. «Бутун йил бўйича ЯИМ иккинчи чоракдаги 6,8-7 фоизли ўсишга нисбатан 0,15 фоизга тушиб кетади», — дейди идора раҳбари.

Аввалроқ Ветнамнинг шимолий қисмига ёпирилган «Яги» супертайфуни натижасида юзага келган сув тошқини оқибатида камида 324 киши ҳалок бўлди ва бедарак йўқолгани тўғрисида хабар берилганди. Шунингдек, «Яги» тайфуни Таиланд ва Мянмага етиб келиши натижасида ҳар икки давлатнинг шимолий штатларида сўнгги 80 йил ичидаги энг кучли сув тошқинлари кузатилган.

Мавзуга оид