Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Vingroup Ўзбекистонда шаҳарсозлик ва туризм лойиҳаларини ўрганмоқда
Ханой шаҳрида Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда Ветнамнинг Vingroup корпорацияси ўртасида англашув меморандуми имзоланди. Бу ҳақда “Дунё” АА мухбири хабар берди.
Фото: "Дунё" АА
Маълум қилинишича, Vingroup корпорацияси 1993 йилда таъсис этилган бўлиб, саноат, технологиялар, автомобилсозлик ва инфратузилма қурилишига ихтисослашган Ветнамнинг етакчи компанияларидан бири ҳисобланади. Компаниянинг мамлакат ялпи ички маҳсулотидаги улуши 2 фоизни ташкил этади.
Имзоланган меморандум доирасида томонлар Ўзбекистоннинг ривожланиш устувор йўналишларига мос инвестиция лойиҳаларини биргаликда ўрганиш ва ривожлантириш бўйича келишиб олган. Хусусан, компания шаҳарсозлик соҳасида замонавий турар-жой бинолари, меҳмонхоналар, бизнес марказлар ҳамда савдо-кўнгилочар мажмуаларни барпо этишда ҳамкорлик қилишга тайёр эканини билдирган.
Шунингдек, учрашувда яшил трансформация, барқарор транспорт ва хизматлар тизимини ривожлантириш соҳасидаги имкониятларни ўрганиш ва амалга ошириш масалалари муҳокама қилинган. Қайд этилишича, меморандум Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини кенгайтириш, мамлакатни халқаро сайёҳлар учун янада жозибадор қилиш мақсадида рекреация марказлари ҳамда инвестиция лойиҳаларини ривожлантириш учун замин яратади.
Мазкур ҳужжат икки мамлакат инвестициявий ҳамкорлигида янги босқич очиш ва стратегик лойиҳаларни амалга ошириш учун муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда.
Vingroup корпорацияси вице-президенти ва бош директори Нгуен Вьет Куанг Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасидаги салоҳиятли ва нуфузли давлат эканини таъкидлаб, мамлакатда ислоҳотлар амалга оширилаётгани ҳамда қулай инвестиция муҳити яратилгани компанияга истиқболли лойиҳаларни босқичма-босқич амалга ошириш имконини беришига ишонч билдирган.
Мавзуга оид
21:06 / 21.03.2026
Ўзбекистоннинг Иқтисодий эркинлик индексидаги ўрни қандай ўзгарди?
13:10 / 21.03.2026
Венчур ва хусусий инвестиция фондлари учун ҳуқуқий асос яратилади
14:29 / 20.03.2026
Чет эл инвестицияси иштирокидаги корхоналар сони бўйича Хитой биринчи ўринда
11:55 / 19.03.2026