Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Попай операцияси” – АҚШ уруш пайтида иқлимга таъсир кўрсатиб Ветнамни тошқинлар остида қолдирганми?
1960-йилларда бошланган ва 1975 йилгача давом этган Ветнам урушида америкаликлар рақибларига қарши турли усуллардан фойдаланади. Жумладан, атмосферага таъсир кўрсатиб, душман аскарлари тепасида кучли ёмғир ёғдириш амалиёти ҳам бўлган. Бу амалиёт Шимолий Ветнам аскарлари ҳужумини қайтара олмаган. Ундан асосан оддий ветнамликлар жабрланган ва табиий офатлар оқибатида кўпчилик ўлиб кетган.
Сўнгги пайтларда айрим ОАВларда Эрон АҚШ ва БААнинг иқлимга таъсир этувчи қуролларини йўқ қилгани, натижада форс давлатида ёғингарчилик кўпайиб, қурғоқчилик ортга чекингани ҳақида хабарлар пайдо бўлди.
Аксарият соҳа мутахассислари, шу жумладан, ўзбекистонлик иқлимшунос Эркин Абдулаҳатов бу қарашларни рад этиб чиқди. Унинг айтишича, жорий йил баҳорда Эрон ва Марказий Осиёдаги ёғингарчиликларга АҚШнинг алоқаси йўқ. Ёмғирлар Ҳинд ва Атлантика океани шимолидаги тебранишлар туфайли юз бермоқда.
Яъни Ҳинд ҳамда Атлантика океанларида сув кўпроқ буғланмоқда, натижада ёғирли булутлар шаклланмоқда. Сўнг шамол оқими уларни Арабистон яримороли, Ироқ, Эрон орқали Марказий Осиёга олиб келмоқда.
Иқлимшунос атмосферага таъсир кўрсатиш технологиялари булутларни уруғлантириш орқали локал масштабда ёғин тақсимотини қисман ўзгартира олишини, жуда катта ҳудудларга бундай қилишнинг имкони йўқлигини айтади.
Бироқ омманинг АҚШдан гумон қилишга ҳаққи бор. Чунки атмосферага таъсир кўрсатиб ёғинни кўпайтириш, ёмғирларни жадаллаштириш ишлари АҚШ учун янгилик эмас.
Улар бундай ишларни Ветнамдаги урушда қилган. Ўшанда АҚШ ҳарбийлари атмосферага таъсир ўтказиб, ўзларига қарши жанг қилаётган Шимолий Ветнам армияси жойлашган позицияларда кучли ёмғирлар ёғдирган.
АҚШнинг Ветнам урушига қўшилиши
АҚШнинг Ветнамдаги вазиятга аралашуви 1950-йилларда бошланади. Ўша пайтларда Ҳиндихитойни назорат қилган Франция 1954 йилда Ветнам, Камбоджа ва Лаосни мустақил давлатлар сифатида тан олади.
Бироқ бу Ҳиндихитойга тинчлик олиб келмайди. Чунки энди минтақадаги ишларга АҚШ ҳамда СССР аралаша бошлайди ва улар Франциядан озод бўлган давлатларни ўз таъсир доирасига олишга бел боғлайди.
1954 йилда Ветнам Бенхай дарёсидан иккига бўлинади. Мамлакат шимолини СССР ва Хитойдан ёрдам олган коммунистлар эгаллайди. У ерда Ветнам демократик республикаси тузилади. Жанубда АҚШ ёрдамида Ветнам республикаси ташкил этилади. Шундан сўнг икки томон бир-бирига ҳудуд даъво қила бошлайди.
1959 йилда шимолликлар мамлакат жанубини босиб олиш учун ҳаракат бошлайди. Уларга жанубда яшовчи коммунистларга хайрихоҳ партизанлар ҳам ёрдам беради. Шу тариқа уруш бошланади.
1961 йил Жанубий Ветнамга АҚШ армиясининг иккита вертолёт ротаси киритилади. 1963 йилда шимолликлар жанубга ҳужумни кучайтиради. Бунга жавобан АҚШ Жанубий Ветнамга кўпроқ ҳарбийларини юбора бошлайди.
1965 йил охирига келиб Жанубий Ветнамда АҚШнинг 185 минг ҳарбий хизматчиси бор эди. 1968 йилда уларнинг сони 540 минг нафарга етади.
“Попай операцияси”
Ветнам уруши пайтида шимолликлар армиясини жангда енга олмаган америкаликлар уларга бошқа йўл билан зарар етказишга уринади. Яъни атмосферага таъсир кўрсатиб, шимолликлар армияси тепасида ёмғир ёғдиради.
Бу амалиёт “Попай операцияси” деб номланади. Попай бу АҚШда тайёрланган машҳур мултфилм қаҳрамони ҳисобланади. Америкаликлар Ветнамдаги амалиётга айнан шу образ номини беришади.
Маълумотларга кўра, “Попай операцияси” 1967 йил 20 мартда бошланади. Унинг моҳияти оддий, аммо оқибати даҳшатли эди. Америкаликлар кимёвий воситалардан, асосан кумуш йодиддан фойдаланиб, Ветнам устида кучли ёмғир ёғдиради.
Бу ёмғирлар шимолликлар армияси ва АҚШ ҳарбийларига қарши жанг қилаётган партизанлар ҳаракатланадиган йўлларни ювиб кетиши, далаларни сув босиши, душманни озиқ-овқат ҳамда қуролсиз қолдириши керак эди.
Амалиёт ёмғирли мавсумда – мартдан ноябргача давом этади. Транспорт ва қирувчи самолётлари булутларга кумуш йодид (Silver Iodide) пуркайди. Натижада сийрак ёмғирли булутлар намгарчиликка тўйиниб, ёғин миқдори уч баравар, баъзи жойларда эса етти баравар кўпаяди.
Амалиёт давомида хатолар ҳам бўлган ва бу америкаликларнинг зарарига ишлаган. Масалан, 1966 йил октябрда АҚШ ҳаво кучлари шимолликлар армияси тепасидаги булутларга кумуш йодид пуркайди.
Шунда кучли шамол ўша булутларни АҚШ ҳарбийлари жойлашган ҳудудга ҳайдаб келади ва кучли ёмғир америкаликлар тепасида ёғади. Тўрт соат ичида 23 сантиметр ёғин тушади ва АҚШ ҳарбийлари жойлашган позицияларни кучли сел ювиб кетади.
Ўшанда америкаликлар шимолликларга хайрихоҳ партизанлар жойлашган деб гумон қилинган қишлоқлар тепасидаги булутларга ҳам кўп марта таъсир ўтказади. Оқибатда уйларни сел босиб, кўплаб тинч аҳоли вакиллари ҳам ҳалок бўлади.
“Попай операцияси” 1967 йил сентябрдан 1972 йил июлгача давом этади ва у нисбатан муваффақиятли кечади. Ўшанда 5 йил давомида АҚШ самолётлари ҳавога 5 млн килограммдан ортиқ кумуш йодид пуркайди. Улар нафақат Ветнам, қўшни Лаос ва Камбоджа ҳудудида ҳам атмосферага таъсир кўрсатади.
Ўшанда маҳаллий аҳоли боши узра булутларга кимёвий дорилар пуркалаётганини билмайди. Улар АҚШ самолётларининг доимий парвозига ўрганиб қолган, агар бомба ташланмаса хавфли ҳеч нарса содир бўлмайди, деб ўйлайди.
“Попай операцияси”нинг салбий оқибатлари
Иқлим қуроли ветнамликлар учун кенг кўламли ҳалокатларни келтириб чиқаради. Ветнам ҳудудининг тахминан 10 фоизи кучли ёмғирлар туфайли сув остида қолади. Ҳалокат қўшни Лаосга ҳам акс таъсир кўрсатади.
Кучли ёмғирлар Ветнам ва Лаосда шоли майдонларининг лойқа босишига сабаб бўлади. Оқибатда ҳосил нобуд бўлиб, миллионлаб одамлар озиқ-овқатсиз қолади.
Селлар йўлларни ювиб кетади ва тошиб оқаётган дарёлар қишлоқларни вайрон қилади. Сув ювиб кетган йўллар таъминот йўналишларини қийинлаштиради. Кўчкилар ва тўсатдан юз берган тошқинлар минглаб одамлар ҳаётига зомин бўлади.
Америкаликлар қисман ўз мақсадига эришади, ёмғирлар Шимолий Ветнам қўшинлари фаол ҳаракатланган Хо Ши Мин йўлини ювиб кетади. Оқибатда шимолликлар армияси ва уларга хайрихоҳ бўлган партизанларнинг таъминот билан боғлиқ вазияти кескинлашади.
Айниқса, 1971 йил вазият издан чиқиб кетади ва ёз охирига келиб, ҳалокатли сув тошқинлари бошланади. Жуда катта ҳудудларда экинлар лойқа сел остида қолиб нобуд бўлади.
Юзлаб қишлоқлар кучли ёмғир туфайли бутунлай сув остида қолади. Тахминий ҳисоб-китобларга кўра, 1971 йилда америкаликларнинг атмосферага таъсир кўрсатиши туфайли содир бўлган табиий офатлар тахминан 100 000 кишининг ҳаётига зомин бўлади.
АҚШнинг Ветнамда атмосферага таъсир кўрсатиб, маҳаллий аҳолига офат келтираётганини, тинч аҳолининг ўлимига сабаб бўлаётганини ўша пайтда кўпчилик билмасди.
Америкаликларнинг бу ёвуз тажрибалари япониялик фотограф Кёичи Савада томонидан тасвирга олинган суратларда яққол кўринган. Унинг энг машҳур сурати “Қочиб жон сақлаш” деб номланади. Бу суратда жанубий ветнамлик икки аёл учта бола билан дарёдан сузиб ўтишга уринаётгани тасвирланган.
Кейинчалик Кёичи Савада бу сурат учун Пулицер мукофотига сазовор бўлади ва фотосуратдаги оилани топиб, мукофот учун олган пулининг ярмини уларга беради.
“Попай операцияси”нинг оммага ошкор бўлиши, АҚШ баҳоналари ва БМТ Конвенцияси
Аввалроқ айтиб ўтдик, “Попай операцияси” 1967 йилда бошланади ва бир неча йил давомида америкаликлар томонидан сир сақланади. 1971 йилда АҚШ таниқли журналисти Жек Андерсон “Вашингтон пост” газетасида “Попай операцияси” ҳақида мақола эълон қилади.
Дунё аҳли айнан Жек Андерсоннинг мақоласидан сўнг америкалик ҳарбийлар Ветнамда атмосферага таъсир кўрсатиб, 100 минглаб инсонлар ўлимига сабабчи бўлганидан хабар топади.
Шундан сўнг АҚШ танқидлар остида қолиб кетади. Бироқ Оқ уйдагилар Ветнамдаги кучли ёғинлар ва тошқинларга алоқадорлигини қатъиян рад этади.
Улар табиий офатларга “Ла-Ниня” табиат ҳодиса сабаб бўлган деб даъво қилади. Бироқ омма бунга ишонмайди. Чунки Жануби-Шарқий Осиёда об-ҳаво кузатуви бошланганидан сўнг тарихда даҳшатли сув тошқинлари ҳеч қачон кузатилмаганди.
Шу ўринда АҚШ ҳарбийларининг Ветнамда амалга оширган хунрезликлари ошкор бўлишида Америкада чоп этиладиган нашрларнинг роли ҳам катта бўлганини таъкидлаш жоиз.
Айнан АҚШ расмийлари барчасини рад этиб турганда “Ню Йорк Таймс” газетасида, кейин бошқа нашрларда Пентагон ҳужжатлари билан исботланган мақолалар берилади. Уларда АҚШ ҳарбийлари Ветнамда атмосферага таъсир кўрсатгани ва бу аянчли оқибатлар келтириб чиқаргани аниқ фактлар асосида айтиб ўтилганди.
Шунда АҚШ фуқаролари ўз ҳукумати Ветнамда уруш олиб бориш билан бирга табиий жараёнларга ҳам аралашаётганини билиб олади. 1972 йилда Пентагон жамоатчилик босими остида Ветнамда атмосферага таъсир кўрсатиш дастурини ёпади. 1977 йилда БМТ иқлим қуролларидан фойдаланишни тақиқловчи конвенцияни қабул қилади.
Бироқ аксарият мутахассислар БМТ конвенциясида бўшлиқлар мавжудлигини ва ҳанузгача айрим давлатлар бундай технологиялар бўйича жиддий тадқиқотлар олиб бораётганини айтади.
АҚШнинг Ветнамдаги экологик уруши
АҚШ Ветнамда биргина атмосферага таъсир ўтказиш билан чекланиб қолмайди. Америкаликлар қалин ўрмонларга ўт қўяди, дарахтларни қуритиш учун уларнинг устидан кимёвий дорилар пуркайди.
Аввалига АҚШ ҳарбийлари синов тариқасида Сайгон шаҳри яқинидаги ўрмон массивларини йўқ қилиш учун дарахтлар устидан дефолиант сепиб чиқади.
1963 йилда Камау провинциясида янада каттароқ ҳудудда ўрмонлар шу йўл билан йўқ қилинади. Илк тажрибалар муваффақиятли кечгач, АҚШ ҳарбийлари бутун Ветнам бўйлаб жуда катта ҳудудга дефолиант сепади.
Америкаликлар ўрмонлардан ташқари экин майдонларига, шолипояларга, каучик етиштириладиган жойларга кимёвий моддалар пуркайди.
1971 йилга келиб, президент Ричард Никсон Ветнам ерларига кимёвий дорилар сепишни тақиқлайди. Унгача америкаликлар Ветнам ва қисман Лаосда 72 млн литр (!) дефолиант, 44 млн литр тетрахлородибензодиоксин сепади.
Шунингдек, АҚШ ҳарбийлари экин далаларини яроқсиз ҳолга келтириш учун Ветнам бўйлаб 1965 йилдан 1973 йилгача 17 млн дона авиабомба ва 217 млн артиллерия снарядини ишлатади.
Бундан ташқари, америкаликлар Шимолий Ветнам армияси ва уларга ёрдам берган партизанларни заҳарлаш учун аҳоли сув ичадиган дарёлар, каналлар ва анҳорларга кимёвий дорилар пуркайди. Оқибатда ҳарбийлар ва партизанлар билан бирга тинч аҳоли вакиллари ҳам заҳарланади. Одамлар ҳалок бўлади, ногирон бўлиб қолади.
АҚШ ҳарбийларининг ветнамликларга қарши экологик уруши оқибатида Ветнамда 500 минг гектар манго дарахтидан иборат ўрмонлар, 1 млн гектар жунгли ўрмонлари, 100 минг гектар текисликдаги ўрмонлар йўқ қилинади.
Шунингдек, америкаликлар банан, кокос, каучик дарахти, қовун дарахти ва бошқа ўсимликлардан иборат плантацияларни йўқ қилади. Шоли, картошка, помидор каби ўсимликлар майдонлари оғир техникалар билан топтаб ташланади.
Кимёвий дорилар ишлатилиши ва ўрмон фондининг йўқ қилиниши оқибатида Ветнамда экологик мувозанат бузилади. Кўплаб жонзотлар ва қушлар йўқолиб кетади.
Масалан, урушгача Ветнам ўрмонларида бўлган 150 турдаги қушдан фақат 18 тур қолади. Ерда юрувчи жонзотлар ва балиқларнинг ҳам асосий қисми қирилиб кетади. Қисқаси, америкаликлар Ветнамни ҳар томонлама харобага айлантиради.
АҚШнинг шармандали мағлубияти
АҚШ ҳарбийлари ҳарчанд уринмасин, Ветнамда муваффақият қозона олмайди. Аксинча, уруш чўзилгани сайин уларнинг йўқотишлари ошиб боради. Охир-оқибат Қўшма Штатларда Ветнам урушига қаршилар кўпайиб боради.
1968 йил кузда АҚШда ўтказилган президентлик сайловида “Урушни сулҳ билан тезроқ тугатиш” режасини илгари сурган Ричард Никсон ғалаба қозонади. Бироқ Шимолий Ветнам америкаликлар билан сулҳга рози бўлмайди ва ҳужумни кучайтиради.
1972 йилда шимолликлар армияси жанубда кечган бир нечта йирик жангда мағлубиятга учрайди ва АҚШ таклиф этган тинчлик сулҳи учун музокараларга киришишга мажбур бўлади.
1973 йил 27 январ куни томонлар “Париж тинчлик келишуви”ни имзолайди. Келишувга кўра, АҚШ 1973 йил 29 мартгача Жанубий Ветнамдан барча ҳарбийларини олиб чиқиш мажбуриятини олади. Бироқ уруш яна икки йил давом этади.
1975 йил март ойида шимолликлар Жанубий Ветнам пойтахти Сайгон шаҳрини қўлга киритади. Шу тариқа уруш Жанубий Ветнам армияси ва АҚШнинг шармандали мағлубияти билан тугайди. Америкалик ҳарбийлар Ветнамдан тўлиқ олиб чиқилади.
Урушдан сўнг Ветнамдаги экологик ҳалокатни бартараф этиш учун анча йил керак бўлди. Ҳозирги пайтда Ветнамдаги америкаликлар йўқ қилган ўрмонларнинг асосий қисми қайта тикланган. Ветнам ва АҚШ ҳам дўстона муносабатлар ўрнатган.
Бироқ америкаликлар ўша урушдан етарлича хулоса чиқармади ва ундан кейин ҳам дунёнинг турли чеккаларида босқинчилик урушлари олиб борди. Ҳанузгача кимлар биландир уришмоқда. Ҳа, шундай, аксарият инсонлар хатолардан сабоқ олмайди.
Мавзуга оид
09:02
Нетаняҳу Трампга босим ўтказиши мумкин — АҚШ разведкаси
22:39 / 19.06.2026
Тушунарсиз келишув: Теҳрон уни «Америка устидан ғалаба» деб талқин қилмоқда
21:38 / 19.06.2026
АҚШ ва Эрон ўртасида Швейцариядаги музокаралар ўтказилмайдиган бўлди
20:51 / 19.06.2026