Спорт | 12:22 / 16.09.2024
7409
16 дақиқада ўқилади

«Арсенал» ва «Барса» дербиларда ғалаба қозонди, Италияда — тартибсизлик

Якшанба куни Европа футболида рўй берган асосий воқеалар.

Англия: Артета таркибдаги муаммоларга қарамай, принципиал рақибига қарши сафардаги ўйинда ғалабага эришди

«Тоттенҳэм»  «Арсенал» 0:1
Гол: Габриэл (64).
«Тоттенҳэм» – Викарио, Удожи, ван де Вен, Ромеро, Порро, Мэддисон (Вернер, 80), Бентанкур (Сарр, 68), Кулусевски, Сон, Соланке, Жонсон (Одобер, 68).
«Арсенал» – Райя, Тимбер, Габриэл, Салиба, Уайт, Мартинелли (Стерлинг, 80), Жоржинио, Парти, Ҳавертц, Троссар (Жезус, 80), Сака (Нванери, 86).
Огоҳлантиришлар: Салиба (15), Удожи (27), Бентанкур (32), Тимбер (35), Викарио (37), ван де Вен (45+2), Кулусевски (45+2), Жоржинио (49).

Дерби арафасида «Арсенал» яримҳимоя чизиғида жиддий муаммоларга дуч келди. Деклан Райс ўтган турда қизил карточка олинган ва битта ўйинга дисквалификация қилинганди. Мартин Эдегор Норвегия миллий жамоаси ўйинида оёғини қайириб олди. Бу Райс «Арсенал»га келганидан буён бу икки футболчидан бирортаси стартда бўлмаган илк ҳолат эди. Қолаверса, жамоанинг испаниялик янги яримҳимоячиси Мерино ҳам машғулот вақтида қўлини синдириб олгани туфайли лазаретда қолмоқда, ФИФА кунларида жароҳат олган яна бир футболчи Калафиори ҳамда анчадан буён жароҳатини даволаётган Томиясу ҳам ўша ерда.

Райснинг ўрнига кутилганидек Жоржинио туширилган ва сардорлик боғичида ҳаракатланган бўлса, Эдегорнинг позициясига Кай Ҳаверц тушиши мумкин эди, у ўтган мавсумда яримҳимояда ҳам ўйнаганди. Аммо шундай бўлдики, бу ўрин амалда бўш қолдирилди. «Арсенал» 4-4-2 схемасини танлади, унга кўра Ҳаверц ва Леандро Троссар кўпроқ олдинда ҳаракатланди.

«Тоттенҳэм» ўтган мавсумда тўпга эгалик қилишдаги ўртача кўрсаткич бўйича фақат «Сити»дан ортда қолганди, Ангелос Постекўғли жамоаси бу мавсумда эса яққол етакчилик қилмоқда – 68,3 фоиз. Жамоа асосий етакчиларисиз келган «Арсенал»ни майдоннинг учинчи қисмига қамаб қўйгани ажабланарли эмасди. Лекин, катта эҳтимол билан, меҳмонларнинг ўзи ҳам қарши ҳужумларда омадини излаш учун рақибдан айнан шундай ўйин кутганди.

Биринчи бўлимдаги энг хавфли вазият ҳам «Арсенал»да бўлди. Троссар тезда тўпни ўзига бўйсундирди ва уни катта тезлик олган Габриэл Мартинеллининг йўлига ташлаб берди. Унда етарлича кенглик бор эди, аммо бразилиялик вингер ўнг қанотдан жарима майдонига кириб борган Сакадан тўпни қизғанди ва амалда тўпни дарвозабоннинг қўлларига қарата тепди.

Бу ўйиндаги ёдда қоларли воқеалардан бири сариқ карточкалар бўлди. Дербидан бир кун олдин АПЛда бир ўйинда футболчиларнинг огоҳлантирилиши бўйича рекорд ўрнатилганди – Майкл Оливер «Челси» ва «Борнмут» футболчиларига 14 марта сариқ карточка кўрсатганди. «Тоттенҳэм» ва «Арсенал» футболчилари биринчи бўлимнинг ўзидаёқ етти бор огоҳлантириш олди (бештаси мезбонларга). Бунга Юрриен Тимбер ва Гулиелмо Викарионинг тўқнашувидан кейин бошланган жанжалнинг ҳам таъсири бўлди. Аммо иккинчи бўлимда фақат Жоржинио сариқ олди ва янги рекорд ўрнатилмай қолди.

«Тоттенҳэм» бир соат давомида нафақат ташаббусга эгалик қилди, балки мунтазам равишда хавфли вазиятлар яратиб турди. Бир неча бор Райя халоскор вазифасини бажарди. Аммо иккинчи бўлимда голни барибир «Арсенал» урди. Бундай учрашувларда барчасини деталлар ҳал қилади. Дербида бу — «канонир»ларнинг сабри эди. Ангелос Постекўғли ҳужумкор услуби уларга қўл келди, иккинчи бўлимда «шпорлар» босимни оширишга уриниб, кўпроқ кучларни олдинга ташлади, натижада рақиб қарши ҳужумлардан бири вақтида бурчак тўпи ишлади. Агар кимдир ўтган мавсумда «Арсенал»нинг корнерлари бутун лигани даҳшатга солганини ёддан чиқарган бўлса — АПЛдаги 15-голини урган Габриэл Магалянс буни эслатиб қўйди.

Айтиш мумкинки, «Тоттенҳэм» ўз хатоларидан сабоқ чиқармаган — «Арсенал»нинг дербилардаги сўнгги тўрт голидан учтаси бурчак зарбасидан кейин урилган. Бу сафар бурчакдан тўпни ошириб берган Сака принципиал рақибга қарши ўйинларда гол ва пас тизимидаги баллари сонини 6 тага етказди. Шунингдек, жорий мавсумда энг яхши ассистентлар рейтингида Палмерга етиб олди (4 тадан). 

«Тоттенҳэм» ўтказиб юборилган голдан кейин ҳам ташаббусга эгалик қилишда давом этди, аммо «Арсенал» ишончли ҳимояланди ва ғалабани сақлаб қолди. Бу натижадан кейин «Арсенал» иккинчи ўринга кўтарилди. «Тоттенҳэм» тўрт турдан кейин тўрт очкоси билан 13-поғонада қолди. Шу кунларда клуб билан шартномасини янгилаган Микел Артета қийин ҳолатдан чиқиб кетди ва «шпорлар»га қарши қаторасига учинчи сафар учрашувида ҳам ғалаба қозонди, бунақаси 1988 йилдан буён кузатилмаганди.

Испания: Месси давридаги каби

«Жирона» — «Барселона» 1:4
Голлар:
Стуани (80) — Ямал (30, 37), Олмо (47), Педри (64).
«Жирона» – Гассанига, Мигел Гутиеррес, Блинд, Давид Лопес, Франсес (Мартинес, 85), Солис, Мартин, Данжума (Порту, 55), Циганков (ван де Бек, 69), Хил (Асприля, 54), Абел Руис (Стуани, 69).
«Барселона» – тер Стеген, Балде, Мартинес, Кубарси (Форт, 61), Кунде, Педри (Виктор, 69), Касадо, Рафиня, Олмо (Эрик Гарсия, 61), Ямал (Мартин, 90+1), Левандовски (Ферран Торрес, 69).
Огоҳлантиришлар: Хил (36), Виктор (84), Порту (90+1), Стуани (90+4). 
Четлатиш: Торрес (86).

Сўнгги вақтларда «Жирона» Каталония дербиларида жиддий рақобат кўрсатаётганди. Ҳатто шундай пайтлар бўлдики, Жоан Лапорта «Барса»да соврин учун имконият қолмаган тақдирда, чемпион титулини айнан шу жамоа қўлга киритишини тилади. Лекин бу мавсумда олдинги «Жирона»дан кўп нарса қолмаган. Бир неча муҳим футболчилар кетишган ва бош мураббий Мичел Санчесдан чекланган ресурслар билан олдинги кучли жамоани қайтариш учун вақт талаб этилади.

Ёки камида Давид Лопес жарима майдонидан чиқишда ўзига ҳаддан ташқари ишониб юборганида бўлгани каби оддий хатоларга йўл қўймаслик. Унинг ўзига ишончи Ямални чўчита олмади ва у тўпни олиб қўйиб, ҳисобни очди. Барселоналик вундеркинд нафақат голлар уриб, голли паслар бермоқда, балки чемпионатда майдоннинг рақиб жарима майдони томонидаги учинчи қисмида тўп олиб қўйиш бўйича ҳам (20) етакчилик қилмоқда.

Кўп ўтмай Ямал Испаниядаги 100-ўйинини ўтказган Левандовски ёрдамида яна бир гол урди. Ушбу ўсмирнинг совуққонлиги анчадан буён ҳеч кимни ажаблантирмай қўйган, Дани Олмонинг самарадорлиги ҳам. Каталонияликларнинг ёздаги асосий хариди бўлган футболчи иккинчи бўлим бошидаёқ Кунденинг узун пасидан кейин ўткир бурчакдан йўллаган зарбаси билан дарвозабонни доғда қолдирди. Европа чемпиони кўк-анорранглилар сафидаги дастлабки уч ўйинида ҳам гол урди, бунгача бундай натижа билан фақат Ибрагимович ва Фабрегас мақтана оларди. Лекин Олмо жароҳат туфайли кейинги турни ўтказиб юборишига тўғри келади, Ҳанс Флик иккинчи бўлимда захирадан тушиб, қизил карточка олган Ферран Торреснинг хизматидан ҳам фойдалана олмайди.

Интригани йўқ қилган ва реванш олган «Барса» футболчилари ўйиннинг қолган қисмида ўз завқи учун ўйнай бошлади. Флик жамоаси вақти-вақти билан қарши ҳужумларда «Жирона»ни жазолашга ҳаракат қилди. Левандовски яккама-якка вазиятдан фойдалана олмаган бўлса, Педри Касадонинг ажойиб узатмасидан кейин жарима майдонига ёриб кириб, дарвозабонни ҳам совуққонлик билан алдаб ўтган ҳолда, ўз вазиятидан фойдаланди. Майдон маркази бўйлаб жуда чиройли, «барселонача» комбинацияда тўртинчи гол урилди. Бу ҳақиқий «Барса»ни эслатиб юбормоқда. 

«Барселона» беш турда беш ғалабага эришди. Энг яқин таъқибчиси «Реал»дан тўрт очкога ўзиб кетган ҳолда яккапешқадамлик қилмоқда. Жамоада аъло кайфият ҳукм сурмоқда. Беш турдан кейинги бундай самарадорлик (17 гол) кўк-анорранглиларда Месси ўйнаган даврдан буён (2017/18 йиллар мавсуми) кузатилмаганди. Бундан яхшироқ кўрсаткич (битта гол кўпроқ) билан бошлаш Йоҳан Кройф бошқарувидаги 1990-йиллар бошидаги жамоага насиб қилганди.

«Атлетико» — «Валенсия» 3:0
Голлар:
Галлаҳер (39), Гризманн (54), Алварес (90+4). 
«Атлетико» – Облак, Лоренте, Лино (Рикелме, 67), Аспиликуэта (Рейнилду, 77), Ҳименес, Ле Норман, Галлаҳер, Коке, Де Паул (Корреа, 61), Сёрлот (Алварес, 61), Гризманн (Симеоне, 76).
«Валенсия» – Мамардашвили, Терри Коррейя, Москера, Таррега, Фулке (Хесус Васкес, 71), Пепелу, Гилямон (Барренечеа, 46), Риоха (Канос, 70), Диего Лопес, Дани Гомес (Техон, 79), Герра (Валера, 79).
Огоҳлантиришлар: Таррега (10), Коке (25), Гилямон (32).

«Атлетико» қарийб бир бўлим давомида Мамардашвили дарвозасига калит топа олмади. У Серлотнинг уринишларини осонлик билан бартараф этди, аммо креатив қўшилганидан кейин мадридликлар дарвозабонга ҳеч қандай имкон қолдиришмади. Қарши ҳужумларнинг бир неча ижодкорлари бор эди, аммо асосийси — Де Паул бўлди, у ўз вақтида пауза ушлаб, тўпни Москеранинг оёқлари орасидан ўтказди ва Галлаҳерни бирга-бир вазиятга чиқариб юборди. Англиялик яримҳимоячи Диего Симеоненинг янгиланган тизимида муҳим фигурага айланмоқда.

«Валенсия»да ўйинни қутқариш учун имконият бўлмади. Иккинчи бўлим бошида Лиоренте шведка услубидаги пас билан жарима майдонига тўп узатди, Самуэл Линонинг муваффақиятсиз чиққан зарбаси Гризманнга голли узатмага айланди. Бу ушбу французнинг «Кўршапалаклар» дарвозасига урган 13-голи бўлди. У бундан кўпроқ марта (14) фақат «Атлетик» дарвозабонларини ранжитган. Антуаннинг ла лигадаги голлари сони 190 тага етди. У юбилейга яқинлашмоқда, турнир тарихида 200 талик довонни фақат ўн футболчи забт этган. «Матрасчилар»нинг ўйини чиққан кунда Галлаҳердан ташқари Англиядан келган яна бир футболчи Ҳулиан Алварес ҳам Испаниядаги илк голини нишонлади.

Италия: Трибунадаги тартибсизлик

«Каляри» — «Наполи» 0:4
Голлар:
Ди Лоренцо (18), Кварацхелия (66), Лукаку (70), Буонжорно (90+3). 
«Каляри» – Скуффет, Луперто, Мина, Дзаппа, Гаэтано (Мутандва, 59), Лувумбу, Аужелло, Ацци (Зортеа, 59), Дейола (Адопо, 46), Марин (Макумбу, 78), Пикколи (Паволетти, 78).
«Наполи» – Мерет, Буонжорно, Раҳмани, Ди Лоренцо, Кварацхелия (Мактоминей, 74), Политано (Нерес, 81), Спинаццола (Оливера, 64), Маццокки, Лоботка (Гилмур, 74), Замбо-Ангисса, Лукаку (Симеоне, 74).
Огоҳлантиришлар: Лоботка (42), Лукаку (57), Мина (75).

«Наполи» қаторасига учинчи ғалабага эришди, аммо ўйиндаги йирик ҳисоб алдамчи. Аслида ўйин ўта қийин кечди, жумладан, хавфсизлик нуқтайи назаридан ҳам. Чунки биринчи бўлим ўрталарида трибунада «Каляри» фанатлари провокацияли баннер кўтаришгач, қони қайноқ неаполитанликлар ҳиссиётларини тийиб тура олишмади. Қолаверса, мезбонлар қуйидаги сўзларни айтиб бақиришганди: «Везувий, уларни ёқиб юбор». Шундан кейин мезбонлар сектори томон қандайдир буюмлар учиб борди, майдонга эса машъалалар улоқтирилди. Ҳиссиётларни икки жамоа футболчилари ёрдамида сўндиришга эришилди, тартибсизлик туфайли юзага келган танаффус саккиз дақиқа давом этди.

Ҳодиса вақтида ҳисоб 1:0 кўринишида эди, ҳисобни очган Ди Лоренцога рикошет ҳам ёрдам берган, натижада дарвозабон иложсиз ҳолатда қолганди. Лекин бу оқшом Меретни ажаблантиришнинг имкони бўлмади ва жанубликлар дарвозабони ғалаба ижодкорларидан бири бўлди. Иккинчи бўлим бошида у ақлбовар қилмас сейв ижро этди, у Мариннинг зарбасидан кейин тўсин остига кириб кетаётган тўпга бармоқлари учи билан тегинишга улгурди, бу ҳолат тур ҳит-парадларини безаши тайин. Меретнинг қаҳрамонлиги туфайли меҳмонлар синиб қолишмади ва қарши ҳужумларда имкон излашди, Лукаку шведка услубида ажойиб пас ташлаб берганида, Кварацхелия ҳам дарвозани ишғол этиш учун худди шу усулдан фойдаланди.

Иккинчи гол «Каляри»ни синдирди. Кўп ўтмай Хвича рақиб жарима майдони яқинида тўпни рақибдан олиб қўйди ва Лукакуни зарба бериш вазиятига чиқарди. Бу тандем иш бермоқда, белгиялик тажрибали ҳужумчи Антонио Контенинг ишончини тўла оқламоқда. Жамоанинг ёздаги яна бир трансфери Давид Нерес ҳам ўзини оқламоқда. Уч уч ўйинда захирадан тушиб — уч голга ассистентлик қилди. Opta А серияда янги футболчиларда бундай бўлганини аввал қайд этмаган (компания 2004/05 йиллардан буён статистика юритиб келади).

«Монца» — «Интер» 1:1
Голлар:
Мота (81) — Думфрис (88).
«Монца» – Турати, Карбони, Мари, Иццо, Капрари (Мота, 62), Малдини (Бянко, 72), Кирякопулос, Педру Перейра, Бондо, Пессина, Журич.
«Интер» – Зоммер, Карлос Аугусто, де Врей, Павар, Димарко, Дармиан (Думфрис, 56), Мхитарян (Зелински, 56), Аслани (Корреа, 74), Фраттези, Мартинес (Торимий, 56), Тюрам (Арнаутович, 74).
Огоҳлантиришлар: Думфрис (62), Мота (85), Павар (90+5)

Сардиниядаги ёрқин учрашув фонида «Монца»нинг «Интер» билан ўйини у қадар воқеаларга бой бўлмади. Амалдаги чемпионлар ташаббусга эгалик қилишди, аммо катта эҳтимол билан бир неча кун кейин бошланадиган Чемпионлар лигаси учун куч тежашди, «нерадзуррилар»ни илк турда «Манчестер Сити» билан ўйин кутмоқда. Ўйин охирида эса меҳмонлар сергакланишга мажбур қилинди. «Монца» футболчиси Дани Мота Павардан баландроқ сакраб ҳисобни очди. Сенсация яқин эди, аммо бунга миланликларнинг латераллари йўл қўйишмади. Дюмфрисга узатмани «Монца»нинг собиқ футболчиси Карлос Аугусто етказиб берди. Симоне Индзаги жамоаси ҳозирча сафар ўйинларида қийналмоқда — бундан олдинроқ «Женоа» майдонида ғалабали ҳисоб бой берилганди.

Кун статистикаси

  • «Канонирлар» сафида дебют қилган Раҳим Стерлинг АПЛда «Ливерпул», «Челси», «Манчестер Сити» ва «Арсенал» клубларида ўйнаган Николя Анелкадан кейинги 2-футболчи бўлди.
  • «Рома» ўз тарихида 4-бор мавсум стартидаги бирор ўйинда ғалаба қозона олмади. Якшанба куни римликлар «Женоа» билан ўйиннинг қўшиб берилган дақиқаларида ғалабани бой берди (1:1).
  • «Реймс» ҳисобда ортда бораётган ўйинларида 7 очко тўплашга эришди.
  • «Нюкасл» Эдди Ҳау бош мураббийликка тайинланганидан кейинги даврда 185 очко тўплаган. Бу оралиқда фақат «Манчестер Сити» (262), «Арсенал» (232) ва «Ливерпул» (228)да кўпроқ очко бор.
Азиз Қаршиев
Муаллиф Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид