Курск областидаги қарши ҳужум: Россия қўшини бирор муваффақиятга эришдими?
Россия қўшини бир ҳафтадан буён Курск областида қарши ҳужум амалга ошириб, Украина қуролли кучларини бу ҳудуддан сиқиб чиқаришга ҳаракат қилмоқда. Уларнинг эҳтимолий мақсади — қўшни давлат ҳудудига олиб кирилган ва бир ойдан буён қолаётган Украина гуруҳининг чап қанотини «кесиб қўйиш»дир. Бу вақтда Украина қуролли кучлари Курск областидаги яна бир участкада Россия чегарасини кесиб ўтишга уринишни бошлади.
13 сентябр куни кундузи россиялик ҳарбий мухбирлар Снагост қишлоғида РФ байроғи ўрнатилгани акс этган видеони тарқатди.
Россияликлар бир ҳафтача олдин айнан ушбу аҳоли яшаш манзили йўналишида қарши ҳужум бошлаганди. Зирҳли техникалар колоннаси Коренево райони марказидан ҳаракатланди ва дастлабки кунларда жануб томон 10-15 км масофага илгарилади.
Россиянинг асосан денгиз пиёдалари ва десантчилар бўлинмаларидан иборат гуруҳи бир вақтнинг ўзида бир неча йўналишда ҳужумга ўтган.
Хусусан, улар кўприклари вайрон қилинган Сейм дарёсидан кечиб ўтиб, украинларнинг позицияларига шимолдан ва шимоли-ғарбдан бостириб кела бошлаган.
12 сентябр куни РФ мудофаа вазирлиги юришнинг дастлабки икки кунида рус қўшини 10 та посёлка устидан назоратни қайтариб олгани ҳақида хабар берганди, булар: Апанасовка, Бяхово, Вишневка, Викторовка, Внезапное, Гордеевка, Краснооктябрское, Обуховка, Снагост ва 10-Октябр.
Агар бу маълумот рост бўлса, бу шуни англатадики, Россия гуруҳи Кореневодан жануб томон 20-23 км масофани босиб ўтган ва Украина чегарасига қадар етиб келган (Гордеевка қишлоғи айнан чегара бўйлаб жойлашган).
Шу билан бирга, Россия қўшини бу қишлоқларда бўлиб турганини исботловчи видео ёки фотодалиллар йўқ.
Америкадаги Урушларни тадқиқ қилиш институти (ISW) қайд этишича, ҳозирча РФ армияси юқоридаги рўйхатдаги Снагост ва Краснооктябрскоедан бошқа қишлоқларга кирганига далиллар кўрмаганини қайд этган.
РФ мудофаа вазирлиги 13 сентябр кунги ҳисоботида Россия қўшини «юриш ҳаракатларини давом эттираётгани», Украина қуролли кучларига Любимовка, Дарино, Николаево-Дарино ва Покровский аҳоли яшаш манзиллари ҳудудларида зарбалар бергани ҳақида маълум қилди.
Бу қишлоқларнинг барчаси шартли қарши ҳужум чизиғидан шарқда жойлашган.
Шунга кўра, бу ерда украин позицияларига ҳужум қилиниши Россия армияси Суджа шаҳри томон чегара ва Кореновога олиб борувчи трасса бўйлаб юриш орқали рақиб мудофаасини «олиб ташлаш»ни режалаштирганини тахмин қилишга асос беради.
Украина қуролли кучлари жавоби: янги участкада чегарадан ёриб ўтиш
Украина қуролли кучлари бош қўмондонлиги россияликларнинг Курск областида бошланган қарши ҳужуми юзасидан муносабат билдирмаяпти.
Фақат Украина президенти Володимир Зеленский РФ қуролли кучлари мазкур ҳудудда чиндан ҳам қарши ҳужум бошлаганини тасдиқлаган, аммо ҳозирча «барчаси бизнинг режа бўйича кетмоқда» деган.
Давлат раҳбари бу билан айнан нимани назарда тутганини очиқламаган.
Кейинроқ у россияликларда «жиддий ютуқлар» йўқлигини қўшимча қилди. «Бизнинг ҳарбийларимиз қаҳрамонлик кўрсатишмоқда ва бошқа ҳарбий-сиёсий қадамларимиз учун зарур бўлган барча ишни қилишмоқда», — деган Зеленский.
11-12 сентябр кунлари эса Украина қуролли кучлари Россиянинг Курск областидаги мудофаасида навбатдаги «кучсиз нуқталар»ни топишга уринаётгани ҳақида айтилган кадрлар тарқалди.
Ҳарбий мавзуга ихтисослашган телеграм-каналлар украин қўшини Курск областидаги Новий Пут қишлоғи ҳудудида чегарадан ўтгани акс этган видеони тарқатди. Бу Снагостдан 17 км жануби-ғарбда ва Глушково райони марказидан атиги 9 км масофадаги нуқтадир.
ISW экспертлари 13 сентябр кунги ҳисоботида украин қўшини Россия чегарасини Курск областидаги янги участкада кесиб ўтгани ҳақидаги маълумотни тасдиқлаган, аммо бу амалиёт кўлами, катта эҳтимол билан у қадар катта эмас.
ISW геолокация қилинган кадрларга таяниб берган маълумотга кўра, Украина қуролли кучлари Веселое қишлоғига жанубдан (Глушководан жануби-ғарбда, Украина билан чегарадан 3,5 километр масофада жойлашган) яқинлашиб келган.
Россиядаги манбалар эса Украина қуролли кучлари Веселое қишлоғидан шарқда — Новий Пут ва Медвеже қишлоқлари атрофида россиялик ҳарбийларга ҳужум қилгани ҳақида ёзган.
Россиялик ҳарбийлашган блогерлар ёзишича, Украина қуролли кучлари барибир Веселоега кира олмаган.
Бу шуни англатадики, украин қўшини Сейм дарёси ва давлат чегараси оралиғидаги ҳудудини мудофаа қилаётган рус қўшини ортидан чиқишга ҳаракат қилмоқда — ҳозирча бу уриниш нақадар муваффақиятли бўлаётгани номаълум.
Германиядаги Bild газетасининг рус тили таҳририяти ёзишича, дарёдаги кўприклар вайрон қилингач, бу ҳудудда РФ армиясининг 2-3 минг ҳарбийси қолиб кетган. Бу гуруҳга понтон кечув йўллари орқали таъминот етказиб берилмоқда, бу йўллар эса Украина қуролли кучлари томонидан мунтазам ўққа тутилади.
Аммо агар россияликларнинг қарши ҳужуми муваффақият қозонса, унда Россия ўз гуруҳини қутқариши ва таҳдидни аритиши мумкин.
Россия мудофаа вазирлиги 12 сентябр куни армия авиацияси ва артиллерия кўмагида Украина қуролли кучларининг Новий Пут, Веселое ва Медвеже қишлоқлари томон амалга оширилган уч ҳужуми қайтарилгани ҳақида хабар берганди.
ISW таҳлилчилари кўрсатишича, украин қўшини бу участкадан ташқари Теткинодан жануби-ғарбда ҳам Россия чегарасини кесиб ўтишга уринган. Сейм дарёси бўйидаги ушбу посёлка Курск областидаги фаол ҳарбий ҳаракатлар кечаётган ҳудуддан 40 км ғарброқда жойлашган.
ISW ҳисоблашича, РФ қарши ҳужуми истиқболлари муваффақиятли кўринмаяпти, чунки 11-12 сентябр кунлари Россия бўлинмалари Украина қуролли кучлари тўлиқ назорат қилмаган аҳоли яшаш манзилларига киришди, бундан буёғига эса россияликлар украинлар аллақачон мустаҳкам ўрнашиб олган ҳудудларда жанг қилишига тўғри келади.
Институт эксперти Жорж Барроснинг фикрича, Россия ҳукумати Украина қуролли кучларини Курск областидан қиш бошлангунича сиқиб чиқаришни кўзлаган. Аммо бу Москвадагилар бу участкага етарлича қўшин ташлаш бўйича қандай қарорга келишига боғлиқ.
ISW қайд этишича, ҳозирча Россия украин кучларини Курск областидан тўлиқ суриб ташлашга қаратилган кенг кўламли амалиёт ўтказмаяпти.
Урушларни ўрганиш институтидагилар ҳисоблашича, бундай амалиёт, катта эҳтимол билан, ҳозирда украинлар юришига қарши курашиш учун ташланганидан анча кўпроқ ресурслар ажратишни талаб этади.
Шу билан бирга, ISW экспертлари фикрича, Россия, катта эҳтимол билан, Украинадаги ҳарбийларининг яна бир қисмини олиб келишига тўғри келади, чунки Курск областига йўлланган ҳарбий бўлинмаларнинг катта қисмига жанговар тажриба етишмаяпти.
«Россия қарши ҳужумининг ҳажми, кўлами ва истиқболлари ноаниқ. Кремл украинларни 2024-25 йиллар қишига қадар сиқиб чиқаришга уриниб кўриши мумкин», — деган Баррос Украинадаги «Суспільне» телеканалига.
Шу билан бирга, Американинг Forbes нашри ўз манбасига асосланиб ёзишича, Владимир Путин Украина қуролли кучларини Курск областидан чиқариб юбориш учун 1 октябргача муҳлат берган.
Мавзуга оид
22:02 / 05.10.2024
Ғарб ва Украина урушни тугатиш схемасини муҳокама қилмоқда — ОАВ
10:50 / 05.10.2024
Суриштирув: БР украиналик болаларни ҳарбийлаштиришга алоқадор
09:50 / 05.10.2024
АҚШ Украина узра Россия ракеталарини уриб туширишдан бош тортганига изоҳ берди
08:30 / 05.10.2024