Жаҳон | 09:50 / 17.09.2024
1579
4 дақиқада ўқилади

Байден АҚШда сиёсий зўравонликка йўл қўймаслик ҳақида огоҳлантирди

АҚШ президентининг сўзларига кўра, сиёсий зўравонлик «ҳеч нарсани ҳал қилмайди», шунчаки «мамлакатни парчалаб ташлайди». Байден иккинчи суиқасддан кейин Трамп билан телефон орқали мулоқот қилган.

Фото: Оқ уй

АҚШ президенти Жо Байден июл ойи ўрталаридан бери Доналд Трампга иккинчи марта суиқасд уюштирилиши муносабати билан мамлакатда сиёсий зўравонликка йўл қўймаслик ҳақида огоҳлантирди. Америка етакчиси 16 сентябр, душанба куни Marine One президент вертолётида Оқ уйни тарк этишдан олдин журналистлар билан суҳбатлашди, сўнг Пенсилвания штатининг Филаделфия шаҳрида бўлиб ўтган анжуманда журналистлар олдида чиқиш қилди.

«Мен ҳар доим сиёсий зўравонликни қоралаганман ва қоралайман», - дея унинг сўзларини келтиради ABC News. «Америкада биз келишмовчиликларимизни қурол билан эмас, балки сайлов қутисида тинч йўл билан ҳал қиламиз. Америка қотилларнинг отишмасидан жуда кўп марта фожиаларга дуч келди. Бу ҳеч нарсани ҳал қилмайди. Бу шунчаки мамлакатни парчаламоқда. Биз зўравонликнинг олдини олиш учун қўлимиздан келганини қилишимиз керак», деб таъкидлади Байден.

Унга кўра, юқори даражадаги сиёсатчиларни ҳимоя қилувчи Махфий хизмат қўшимча ёрдамга муҳтож. «Менимча, Конгресс, агар улар ҳақиқатан ҳам кўпроқ ходимларга муҳтож бўлса, уларнинг эҳтиёжларига жавоб бериши керак», дея Байденнинг сўзларидан иқтибос келтирган Оқ уй.

Журналист молиялаштиришни ёки ходимлар сонини кўпайтириш ҳақида сўраганида, Байден АҚШ Ички хавфсизлик вазирлиги таркибидаги агентлик ҳозирда қўшимча ходимларга эҳтиёж бор-йўқлигини ҳал қилаётганини таъкидлади.

Байден Трамп билан гаплашди

АҚШ Конгрессидаги ҳар икки партия вакиллари юқори лавозимли сиёсатчиларни ҳимоя қилиш учун бюджетни оширишга тайёр эканликларини маълум қилди, деб хабар берди dpa.

Шу билан бирга, Оқ уй матбуот котибининг катта ўринбосари Эмили Саймонс 16 сентябр куни тушдан кейин Байден Трамп билан телефон орқали гаплашгани ва «хавфсиз эканини билдирганини» айтди. «Улар самимий суҳбат қуришди ва собиқ президент Трамп унга қўнғироқ учун миннатдорчилик билдирди», — деди Саймонс.

Республикачилар партиясидан президентликка номзод аввалроқ Байден ва вице-президент Камала Ҳаррисни воқеа учун қисман жавобгар деб ҳисоблаган. «Уларнинг риторикаси менга ўқ узилишига олиб келди», деди собиқ президент Fox News телеканалида.

АҚШ собиқ президентига суиқасд

Республикачилар партиясидан президентликка номзод Доналд Трампга «яқин масофада» отишма юз берди. Бу ҳақда сайловолди штаби 15 сентябр куни ижтимоий тармоқдаги аккаунтида ёзган. Америка Қўшма Штатларининг собиқ президенти хавфсиз жойда экани хабар қилинди.

Шу билан бирга, Трампнинг ўғли, кичик Доналд Трамп ўзининг Х аккаунтида воқеа содир бўлган жой яқинидаги буталар орасидан АК-47 автомати топилганини даъво қилди. «Гумонланувчи қўлга олинган», деб қўшимча қилди кичик Трамп.

New York Post газетасининг хавфсизлик манбаларига таяниб ёзишича, ўқ фақат АҚШ махфий хизмати агенти томонидан отилган. Гумонланувчи қўлга олинган, бироқ унинг бундай қилишига нима сабаб экани ҳақида ҳеч нарса маълум эмас. 

Мавзуга оид