Ўзбекистон | 19:35
570
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон авиаюк ташиш суръатлари бўйича Марказий Осиёда етакчига айланди - ОАВ

Маълумот берилишича, сўнгги беш йилда Марказий Осиёда авиаюк ташишнинг умумий ҳажми икки баробардан кўпроқ ошган.

Фото: Uzbekistan Airports

Сўнгги беш йил ичида Ўзбекистон Марказий Осиё мамлакатлари орасида ҳаво орқали юк ташиш ҳажми энг юқори суръатларда ўсган давлатга айланди.

Маълумот берилишича, охирги беш йилда Марказий Осиёда авиаюк ташишнинг умумий ҳажми икки баробардан кўпроқ ошган. Таққослаш учун, дунёдаги энг йирик авиаюк марказларидан бири ҳисобланган Ҳонгконгда мазкур кўрсаткич деярли ўзгармаган бўлса, Европанинг асосий юк авиацияси хаби Франкфуртда ташиш ҳажми қарийб 5 фоизга камайган.

Мутлақ кўрсаткичлар бўйича минтақада етакчилик Қозоғистонга тегишли бўлиб, 2019 йилга нисбатан ушбу мамлакатда қабул қилинган, жўнатилган ва тўғридан-тўғри транзит юклар ҳажми 149 фоизга кўпайган. Шу билан бирга, 182 фоизлик ўсишни қайд этган Ўзбекистон мазкур кўрсаткич бўйича Қирғизистонни ортда қолдирди.

Қайд этилишича, Марказий Осиёда авиаюк ташиш ҳажмининг ўсишида асосий омил тўғридан-тўғри транзит ҳисобланади. Бунда юклар аэропортлар орқали божхона расмийлаштирувисиз ташилади. Натижада тўғридан-тўғри транзитнинг умумий авиаюк ташиш ҳажмидаги улуши 59 фоиздан қарийб 65 фоизга етди.

 

Дилшодбек Асқаров
Тайёрлаган Дилшодбек Асқаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид