Жаҳон | 20:02 / 20.09.2024
4474
2 дақиқада ўқилади

Исроил Байрутга зарба берди, «Ҳизбуллоҳ» етакчиларидан бири ўлдирилди

Ливан Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳужум оқибатида уч киши ҳалок бўлгани ва 17 киши яралангани ҳақида хабар берди.

Фото: Reuters

Исроил армияси 20 сентябр куни Ливан пойтахти Байрут шаҳрига «юқори аниқликдаги» зарбаларни берди. Ракета зарбалари дронлар ёрдамида амалга оширилгани айтилмоқда.

Reuters хабарига кўра, ҳужум нишони «Ҳизбуллоҳ»нинг юқори мартабали вакили бўлган.

Times of Israel гуруҳнинг сара бўлими катта қўмондони Иброҳим Оқил ўлдирилгани ҳақида хабар берди. Аввалроқ АҚШ расмийлари у ҳақидаги маълумот учун 7 миллион доллар мукофот эълон қилган эди, чунки Вашингтонга кўра, у 1980-йилларда Ливандаги америкалик асирларни гаровга олиш ва Байрутдаги АҚШ элчихонасини портлатишда иштирок этган.

Ливан Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳужум оқибатида уч киши ҳалок бўлгани ва 17 киши яралангани ҳақида хабар берди.

Исроил армияси 19 сентябрдан «Ҳизбуллоҳ» гуруҳи ўрнашган Ливаннинг чегара ҳудудларига зарбалар бериб келмоқда. Исроил армияси бир кун ичида гуруҳнинг «яқин келажакда Исроил ҳудудини ўққа тутиш учун фойдаланишга тайёр бўлган» юзга яқин ракета ва объектлари йўқ қилингани ҳақида хабар берди. «Ҳизбуллоҳ» етакчиси Ҳасан Насруллоҳ пейжер портлашларини террорчилик ҳаракати ва уруш эълон қилиш деб атади.

Мавзуга оид