Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
G7 БМТда Киевга узоқ масофали ракеталарга рухсат бериш масаласини муҳокама қилади
Евроиттифоқ бош дипломати Жозеп Боррел БМТ Бош ассамблеяси чоғида G7 мамлакатлари ташқи ишлар вазирлари Украинага ракета етказиб бериш ва Россия ҳудудидаги ҳарбий нишонларга зарба йўллашга рухсат бериш мавзусини муҳокама этишини маълум қилди.
«Катта еттилик» мамлакатлари ташқи ишлар вазирлари яқин орада Ню-Йоркда Украинани Россия ҳудудига зарба беришда қўлланиши мумкин бўлган узоқ масофали ракеталар билан таъминлаш масаласини муҳокама қилади, деди Европа Иттифоқининг ташқи ишлар бўйича олий вакили Жозеп Боррел 23 сентябр, душанба куни.
Бу ҳақда Европа дипломатияси раҳбари БМТ Бош ассамблеяси доирасида журналистларнинг саволларига жавоб берар экан, баёнот берди, деб хабар қилади Reuters. Боррел таъкидлаганидек, Теҳроннинг бир неча бор рад этишига қарамай, Россия Эрондан янги қуроллар, жумладан Эроннинг узоқ масофали ракеталарини олаётгани аниқ.
Киев ўз иттифоқчиларидан узоқ масофага учувчи ракеталардан фойдаланишга, хусусан, Россия қирувчи самолётлари Украинага қараб учадиган ҳарбий аэродромларга зарба бериш учун рухсат сўрамоқда. Кутилганидек, Ню-Йоркка ташриф буюрган Украина президенти Володимир Зеленский ҳам Бош ассамблея йиғилишида нутқ сўзлайди.
ОАВ: Лондон ва АҚШ яширинча Киевга РФга чуқур зарба йўллашга рухсат бермоқчи
Британия ва АҚШ Украинага яширинча Россия ҳудудига узоқ масофали Storm Shadow ракеталари билан зарба йўллаш учун рухсат бериши мумкин, деб ёзади The Times газетаси 20 сентябр куни ғарб дипломатларига таяниб. Нашрнинг ёзишича, Лондон ва Вашингтон «ушбу қарорни имзолашга» тайёр, бироқ қанотли ракеталар Россия ҳудудига «биринчи марта учирилмагунича» очиқ эълон қилишдан тийилиши мумкин.
The Times таъкидлаганидек, Россия Федерациясига узоқ масофали зарбалар бериш бўйича чекловларни бекор қилиш тўғрисидаги қарорнинг дастлабки эълон қилиниши Москвани «огоҳлантириши» мумкин, шу билан бирга «ҳайратланиш элементини» сақлаб қолиш муҳим.
ОАВ: Эрон баллистик ракеталарни Россияга топширди
Украинанинг узоқ масофали қуроллардан фойдаланишига қўйилган чекловларни бекор қилиш бўйича мунозаралар Теҳрон гўёки сентябр ойи бошида Москвага қисқа масофага учувчи баллистик ракеталарни топширганидан кейин кучайди. Бунинг учун Франция, Германия ва Британия Эронга қарши янги санкциялар киритди. Эрон ҳукумати бу даъволарни рад этди.
Европарламент аъзолари 19 сентябр куни резолюцияни қабул қилдилар, унинг бандларидан бири Европа Иттифоқи давлатларини Украина томонидан Россия Федерацияси ҳудудида қонуний ҳарбий мақсадларда Ғарб қуролларидан фойдаланишга қўйилган чекловларни бекор қилишга чақириқ эди. Европарламент депутатларининг фикрича, жорий чекловлар Украинага ўзини ўзи ҳимоя қилиш ҳуқуқини тўлиқ амалга оширишга имкон бермайди ва мамлакатни аҳоли ва инфратузилмага ҳужумлар қаршисида заиф ҳолга келтиради.