Жаҳон | 07:51 / 24.09.2024
8008
5 дақиқада ўқилади

Исроил бутун мамлакат бўйлаб махсус режим жорий қилмоқда

Исроил ва Ливан ўртасидаги зиддият кучаймоқда: ўтган кун давомида ЦАҲАЛ «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати билан боғлиқ мингдан ортиқ нишонларга зарбалар берди. Нетаняҳу Ливанда тинч аҳолини эвакуация қилишга чақирди.

Фото: Hussein Malla/dpa/AP/picture alliance

23 сентябр, душанба куни эрталабдан бери Исроил қирувчи самолётлари ва учувчисиз учоқлари 1400 дан ортиқ ўқ-дорилардан фойдаланган ҳолда Ливандаги «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати билан боғлиқ 1100 дан ортиқ нишонга зарба берди. Исроил мудофаа кучлари (ЦАҲАЛ) хабарига кўра, улар орасида ракеталар, учувчисиз учиш қурилмалари учун омборхоналар мавжуд. «Биз «Ҳизбуллоҳ» сўнгги 20 йил ичида жанговар ҳаракатлар учун қурган инфратузилмага ҳужум қилмоқдамиз», — дея Исроил Бош штаби раҳбари Герзи Ҳалеви сўзларини келтиради The Times of Israel газетаси.

Ҳалеви, шунингдек, Ливандаги ҳарбий операция «Шимолнинг ўқлари» шартли номини олганини маълум қилди, дея хабар беради ЦАҲАЛ матбуот хизмати. Ўз навбатида, Исроил мудофаа вазири Йоав Галант Ливан бўйлаб гуруҳ нишонларига қарши операция кенгайтирилганини маълум қилди.

Исроилда алоҳида вазият режими жорий этилди

Исроил ҳукумати мамлакат бўйлаб фавқулодда ҳолат жорий этди, бу камида 30 сентябргача давом этади.

Айни пайтда «Ҳизбуллоҳ» Исроилга ракета ва учувчисиз учоқлар билан ҳужум қилишда давом этмоқда. Исроил матбуоти хабарларига кўра, узоқ масофали ракеталар 2023 йил 7 октябрда жанговар ҳаракатлар бошланганидан бери биринчи марта қўлланмоқда. Исроил томонидан қурбонлар ҳақида маълумот йўқ. ЦАҲАЛ билдиришича, снарядларнинг аксарияти тутиб олинган.

Америка Қўшма Штатлари Яқин Шарқдаги навбатдаги кескинлашув муносабати билан минтақага янги ҳарбий кучлар ўтказилаётганини эълон қилди. Вашингтон тафсилотларни келтирмаган.

Ливан Исроилнинг «Ҳизбуллоҳ»га қарши авиазарбаларида 500 киши қурбон бўлганини хабар қилмоқда

23 сентябр куни Исроилнинг «Ҳизбуллоҳ» нишонларига берган кенг кўламли зарбалари натижасида, Байрутга кўра, 492 киши, жумладан, 35 бола ва 58 аёл ҳалок бўлган. Ливан давлат ахборот агентлиги NNA хабарига кўра, ҳалок бўлганлар орасида фавқулодда хизматлар ходимлари ҳам бор. Яна 1645 киши жароҳатланган.

Ливан Соғлиқни сақлаш вазири Фирас Абиаднинг сўзларига кўра, мамлакатнинг урушлар давом этаётган ҳудудларидан минглаб оилалар хавфсизроқ ҳудудларга қочишга мажбур бўлган. Шу билан бирга, «бир ҳафтадан камроқ вақт ичида» Исроилнинг ўққа тутиши натижасида 5 мингга яқин одам яраланган, дейди Ливан вазири. Биргина пейжерлар ва рацияларнинг катта портлаши пайтида 3 мингга яқин киши жароҳатланган. Ливан расмийлари ҳужумда Исроилни айбламоқда.

Ливан аҳолиси эвакуация қилишга чақирилмоқда

Ливан аҳолисининг стационар телефонларига Исроилдан эвакуация қилишга чақирувчи аудио-хабарлар келяпти. Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Ливан фуқароларини бу огоҳлантиришларни жиддий қабул қилишга чақирди. «Исроил сиз билан эмас, балки «Ҳизбуллоҳ» билан жанг қилмоқда, - деб таъкидлади у Telegramʼда чоп этилган видеомурожаатда. - «Ҳизбуллоҳ» жуда узоқ вақт давомида сизнинг яшаш хоналарингиз ва гаражларингизга ракеталарни жойлаштирди. Ҳудудимизга, фуқароларимизга қаратилган бўлса, уларни ҳимоя қилиш учун биз бу қуролларни йўқ қилишимиз керак».

Нетаняҳу, шунингдек, ҳарбий амалиётлар якунланганидан кейин аҳоли ўз уйларига қайтишлари мумкинлигига ваъда берди. Ливан ОАВ хабар қилишича, аҳоли мамлакат жанубидан шимолга оммавий равишда эвакуация қилинмоқда.

Яқин Шарқдаги кескинлашув

2023 йил 7 октябр куни эрталаб Ҳамаснинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.

Ҳамаснинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган. Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида Ҳамасга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди.

Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 41 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.

Мавзуга оид