Жаҳон | 20:37 / 24.09.2024
10634
2 дақиқада ўқилади

Лукашенко: «Урушга тайёргарлик кўришимиз керак»

Беларус президенти мамлакат бундан кейин ҳам ўзининг мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаши ва ҳарбий босқин юз берганда душманга қарши шай туриши кераклигини айтди.

Фото: president.gov.by

Беларус бундан кейин ҳам ўзининг мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаши ва ҳарбий босқин юз берганда душманга қарши шай туриши керак. Бу ҳақда мамлакат президенти Александр Лукашенко ҳарбий полигонга ташрифи давомида маълум қилди.

«Эски формула: тинчлик хоҳласанг — урушга тайёрлан. Яна бир бор таъкидлашни истайман, урушга тайёрланмаяпмиз, урушишни хоҳламаймиз… Буларнинг барчаси айтиб бўлинган. Буларни эшитсалар ҳам душманларимиз, рақибларимиз ўз ишини давом эттирмоқда. Бизга қарши тайёрланаётганлар, очиқ гапирамиз, жанг қиламиз. Шунинг учун урушга тайёргарлик кўришимиз керак. Мазкур уруш содир бўлишидан Худо асрасин. Беларус атрофидаги вазият қанчалик кескин бўлмасин, бизга қарши урушни бошлаш тенденциясини кўрмаяпмиз», — дейди Беларус етакчиси.

Лукашенконинг таъкидлашича, қўшни давлат фронтида содир бўлаётган воқеалар, шунингдек, сўнгги йилларда дунёда юз бераётган ҳарбий можаролар инобатга олинган ҳолда Беларус армияси тўрт маротаба ислоҳ қилинган. «Бу, менимча, Қуролли кучларимизни модернизация қилишга бўлган бешинчи уринишимиз», — дейди у.

Қайд этилишича, Беларус президентининг ҳарбий полигонга ташрифи давомида янги турдаги учувчисиз бошқариладиган учиш аппаратлари намойиш этилган.

«Учувчисиз бошқариладиган учиш аппаратлари бу — жиддий янгилик. Ҳа, агарда уруш тўсатдан бошланиб қолса, эҳтимол, уни тўхтатмайди. Аммо жанговар ҳаракатларга сезиларли таъсир кўрсатади», — дея таъкидлайди Лукашенко.

Мавзуга оид