Жаҳон | 13:38 / 24.09.2024
29222
6 дақиқада ўқилади

Саудиянинг аср лойиҳасига айланиши кутилган Vision 2030 дастури қийинчиликларга дуч келди

Чўлдаги чанғи трассалари, кўзгусимон осмонўпар бинолардан иборат шаҳар... Ар-Риёднинг лойиҳаси дастлаб жуда қиммат эди. Аммо ҳатто нефтга бой мамлакат учун ҳам бу харажатлар кўплик қилди.

Фото: Neom

2015 йилда Ар-Риёд мамлакат иқтисодиётини тубдан диверсификация ва модернизация қилишга қаратилган Saudi Vision 2030 дастурини тақдим этганди. Ўшанда кўплаб кузатувчилар унинг кўлами ва шижоатидан ҳайратга тушган — режалар жуда баландпарвоз эди. Саудия Арабистонининг нефтга қарамлигини камайтириш мақсадида бошланган улкан лойиҳа чўлда тоғ-чанғи трассаси, фақат спорт ва кўнгилочар тадбирлар учун мўлжалланган шаҳар, автомобил ва углерод чиқиндиларидан ҳоли янги Неом мегаполисини қуришни назарда тутган.

Vision 2030 дастурига Саудия Арабистонининг халқаро майдондаги обрўйини ўзгартириш учун қўл урилган. Лойиҳанинг айрим қисмларида авторитар қироллик оиласи томонидан бошқариладиган диний-консерватив мамлакатнинг замонавийлашуви белгиларини кўриш мумкин эди.

Аммо 2015 йилдан буён вазият жиддий ўзгарди, шу боис сўнгги ойларда мамлакатнинг қатор амалдорлари дастур кўлами қисқартирилиши ҳақида гапира бошлади. Ўтган йилнинг декабр ойида молия вазири Муҳаммад ал-Жадоон айрим лойиҳаларни амалга ошириш кечиктирилаётганини эълон қилди. Кейинроқ, апрел ойида Ар-Риёдда бўлиб ўтган Жаҳон иқтисодий форуми конференциясида у Саудия Арабистони мавжуд шароитларга мослашаётганини тушунтирди.

Мисол учун, Неомнинг энг муҳим лойиҳаларидан бири — “Тhе Line” (“Чизиқ”) деб номланган кўзгусифат улкан иншоот, ғоят узун осмонўпар бино — дастлаб 170 километр узунликда қурилиши режалаштирилганди. Энди бўлса, у атиги икки километрдан сал узунроқ қилиб қуриладиган бўлди.

Фото: Neom

Бу Неомдаги биринчи ўзгариш эмас. Масалан, қурилиш муддатлари ўзгартирилди: дастлаб лойиҳани 2030 йилгача якунлаш мақсад қилинган бўлса, энди у яна 20 йилга чўзилиши эҳтимоли бор. Дастлабки ҳисоб-китобларга мувофиқ харажатлар тахминан 500 миллиард доллар бўлиши керак эди, бироқ кузатувчилар бюджет 2 триллион долларгача кўтарилиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.

Саудия Арабистони Vision 2030 учун инвесторларни қидирмоқда

Vision 2030 нинг бошқа жиҳатлари ҳам вақт ўтиши билан режадагидек кетмаяпти. Баландпарвоз лойиҳанинг айрим қисмлари Саудия Арабистонига хорижий инвесторларни жалб қилиши керак эди. Аммо бу кутилганидан анча мураккаб бўлиб чиқди: тўғридан тўғри хорижий инвестициялар ҳажми ҳозирча кутилганидан кам. Таҳлилчиларнинг фикрича, инвесторларнинг иккиланишига минтақадаги сиёсий беқарорлик, жумладан Ғазодаги уруш ҳамда Саудия қонунчилигининг шаффоф эмаслиги сабаб бўлмоқда.

Аслида, Ар-Риёд бошиданоқ Vision 2030 лойиҳасига киритилаётган сармояларнинг асосий қисмини ўз зиммасига олишга тайёр эди. Бироқ ҳозирги вазиятдан келиб чиқиб, афтидан, қироллик барча харажатларни деярли тўлиқ ўз ҳисобидан қоплашга мажбур бўлмоқда. Маблағларнинг катта қисми дунёдаги энг йирик суверен фондлардан бири бўлган Саудия Арабистони Суверен фондидан (PIF) олинади. Фонд Саудия нефтини сотишдан тушган даромадлар ҳисобидан молиялаштирилади.

Март ойида қироллик ҳукумати Aramco давлат нефт компаниясидаги акцияларининг саккиз фоизини PIF’га топширди. Энди фонд қиймати икки триллион доллар (дунёда қиймати бўйича тўртинчи ўринда) деб баҳоланаётган давлат концерни акцияларининг 16 фоизига эгалик қилмоқда. Аммо танқидчиларнинг таъкидлашича, PIF 940 миллиард доллар қийматидаги активлар портфелини бошқарса-да, унинг тасарруфида атиги 15 миллиард доллар миқдорида ликвид маблағлар мавжуд.

Таҳлилчилар Vision 2030 лойиҳасининг заифлигини унинг айнан нефт нархига кучли қарамлиги билан боғлашади. Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) маълумотларига кўра, саудияликлар ушбу дастурни амалга ошириши учун нефт нархи бир баррелга тахминан 96 доллар даражасида бўлиши керак. Шу билан бирга, январ ойида бир баррел хом нефт нархи тахминан 70 долларни ташкил этган бўлса, йил ўрталарига келиб у атиги 81 долларга кўтарилди.

Июн ойида Bloomberg агентлиги Саудия Арабистони ўн йилдан ортиқ вақт ичида биринчи марта Хитойни ортда қолдириб, ривожланаётган бозорлар орасида энг йирик облигациялар эмитентига айлангани ҳақида хабар берди. Давлат облигациялари давлат харажатларини молиялаштириш мақсадида чиқарилади. Улар қарз олишнинг бир тури ҳисобланиб, бунда облигация эгаларига эмитент давлат ҳукумати томонидан фоизлар тўланади. Тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар тақчиллигини қоплаш учун саудияликлар энди бундай қарзларни ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ олишмоқда, деб ёзади Bloomberg.

Vision 2030 хавф остидами?

“Бир қатор омилларни ҳисобга олиб, Саудия Арабистони ҳозирда маълум даражада ўзи учун мавжуд бўлган иқтисодий сиёсий воситаларидан фойдаланмоқда, деган хулосага келиш мумкин”, — дейди Вашингтондаги Форс кўрфази араб давлатлари институти ходими Роберт Могелнитский.

Эксперт Vision 2030 билан боғлиқ вазиятни у қадар ҳалокатли деб ҳисобламаяпти: “Реаллик қаердадир ўртада”.

Давлат дастурининг айрим қисмлари яхши кетяпти. Феврал ойида Американинг Citigroup молиявий институти томонидан эълон қилинган ҳисоботга кўра, масалан, ишлайдиган аёллар улуши, маҳаллий аҳолининг уй хўжалигидаги улуши ва иқтисодиётнинг нефт билан боғлиқ бўлмаган секторларидан келадиган даромадлари масаласида “сезиларли ютуқларга” эришилди.

Июн ойи ўрталарида ХВЖ тадқиқотчилари Саудия Арабистонига ташриф буюриб, мамлакатда “мисли кўрилмаган” иқтисодий ўзгаришлар муваффақиятли кечмоқда, деган хулосага келди. Шунингдек, улар Vision 2030 доирасида “харажатларда устувор қўйилаётган йўналишларнинг ўзгартирилишини” олқишлади.

Могелнитскийнинг сўзларига кўра, саудияликларнинг Vision 2030 дастурини амалга ошириш бўйича позицияси ҳозир жуда кучли бўлмаса-да, уларнинг захираси ҳали тугамаган:

“Лойиҳа Саудия Арабистонининг ижтимоий-иқтисодий траекториясида жиддий фундаментал ўзгаришларга асос солди. Аммо олдинда ҳали жуда кўп иш турибди”.

Мавзуга оид