Исроил Ливанда қуруқликда операция ўтказишини эълон қилди
Исроил армияси бош штаб раҳбари Герци Ҳалеви «Ҳизбуллоҳ»га қарши қуруқликдаги операцияга тайёргарлик кўрилаётганини маълум қилди. Вашингтон бундай операцияни ўта муҳим деб ҳисобламаяпти.
Исроил мудофаа кучлари (ЦАҲАЛ) Ливаннинг «Ҳизбуллоҳ» гуруҳига қарши қуруқликдаги операцияни тайёрламоқда, деди бош штаб раҳбари Герци Ҳалеви. 25 сентябр, чоршанба куни 7-зирҳли танк бригадаси аскарларига мурожаат қилиб, у «уларнинг этиклари душман ҳудудига кириб боради», деди.
«Тепада самолётлар эшитиляпти, биз кун бўйи ҳужум қилдик, ҳам ҳудудни босқин эҳтимолига тайёрлаш, ҳам «Ҳизбуллоҳ»га қарши зарбаларимизни давом эттириш учун», — дея Ҳалевининг машғулотларда айтган сўзларини келтирган The Times of Israel.
Исроил бош штаби қўмондони, шунингдек, Ливандан Тел-Авивга баллистик ракета учирилишига «жуда кучли жавоб» ваъда қилди, бу кун охиригача амалга оширилади.
Нетаняҳу: «Ҳизбуллоҳ» кутилганидан ҳам кўпроқ зарар кўрди
Ўз навбатида, Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Исроил шимолида Ливан билан чегарага туташ ҳудудлардан эвакуация қилинган ўн минглаб исроилликлар ўз уйларига қайтишлари мумкинлигига ваъда берди. «Мен қилаётган ишларимиз ҳақида батафсил маълумот бера олмайман, лекин сизга бир нарсани айта оламан: биз шимолдаги халқимизни ўз уйларига хавфсиз тарзда қайтаришга қарор қилдик», деди у.
Қисқа видеомурожаатида Нетаняҳу, шунингдек, «Ҳизбуллоҳ»нинг Исроил ҳужумлари натижасида тасаввур қилганидан ҳам кўпроқ зарар кўрганига эътибор қаратди.
Айни пайтда, Вашингтон Исроилнинг Ливанда қуруқликдаги операциясини ҳалигача олдини олиш мумкин, деб ҳисоблайди. Пентагон матбуот котиби ўринбосари Сабрина Сингх журналистлар билан бўлиб ўтган учрашувда Исроил баёнотларини шарҳлар экан: «Бу муқаррар нарса эмас», деди.
Байден можарони ҳал қилиш имкониятига ишора қилди
АҚШ президенти Жо Байден Яқин Шарқдаги уруш кенг кўламли авж олишини истисно қилмади. Минтақада кенг кўламли уруш бўлиши мумкин, бироқ Исроилнинг «Ҳизбуллоҳ» ва Ҳамас гуруҳи билан можароларини ҳал қилиш имконияти ҳам бор», — деди у ABC телеканалида.
У, шунингдек, Нетаняҳунинг фаластинликлар билан можарони икки давлат асосида ҳал қилиш бўйича позициясига қўшилмаслигини билдирди. «Бу мумкин ва мен буни амалга ошириш учун бор кучимни сарфлаяпман. Ўзгаришларни кўриш истаги бор», — дея қўшимча қилди у.
Мавзуга оид
16:38 / 12.11.2024
Амстердамдаги можаро: аслида нималар бўлди?
09:46 / 12.11.2024
АДЛ ва ИҲТ Исроилни Ғазодан чиқиб кетишга чақирди
12:00 / 11.11.2024
Исроилнинг янги мудофаа вазири: «Ҳизбуллоҳ» мағлуб этиб бўлинди
10:45 / 09.11.2024