Жаҳон | 20:38 / 29.09.2024
21997
8 дақиқада ўқилади

Ҳасан Насруллоҳ ўлдирилди. Усиз «Ҳизбуллоҳ»ни нима кутмоқда?

Фото: AFP

Исроилликларнинг шанбага ўтар кечаси йўллаган авиазарбаси оқибатида Ҳасан Насруллоҳ ҳалок бўлиши билан «Ҳизбуллоҳ» нафақат ўзининг кўп йиллик етакчисидан, балки оёқлари остидаги заминдан ҳам маҳрум бўлди, деб ҳисобламоқда кўплаб таҳлилчилар. BBC мухбири Анастасия Успенская айни вақтда гуруҳ ичида юзага келган вазиятни таҳлил қилди

«У шунчаки рамз эмас, у гуруҳнинг стратегик ва ҳарбий тафаккури ортида турган инсон эди. Унинг ўлими жиддий оқибатларга эга бўлиши шубҳасиз», — дейди байрутлик шарҳловчи Зейна Ҳодр.

Насруллоҳнинг ўлими таъсири «Ҳизбуллоҳ» билан чекланмайди. Исроил ва Ғарбдаги мухолифлари ҳам у Яқин Шарқ сиёсатида фавқулодда муҳим фигура бўлганини тан олишади.

Насруллоҳ «Ҳизбуллоҳ»га 32 йил мобайнида раҳбарлик қилиб келган, унинг сиёсати ва ҳарбий стратегиясини белгилаб берган, Теҳрондан маълум даражада автономияни сақлаб қолган ҳолда гуруҳни Эрон ёрдамида мустаҳкамлаганди.

Бошқа вақтда ҳам унга ўринбосар топиш мушкул бўларди, Исроил сўнгги ҳафталарда амалга оширган амалиётлар натижасида гуруҳ кўплаб юқори мартабали қўмондонларидан айрилган ва ички хавфсизлик тизимига сезиларли даражада путур етказган шароитда эса бу амалда имконсиз.

«У тез ўсаётган ташкилотни бирлаштирган елим бўлганди», — деб ҳисоблайди Карнеги институтининг Яқин Шарқ маркази катта ходими Моҳанад Хаги Али.

Унинг фикрича, Насруллоҳнинг ўлими билан вазият барча даражаларда — гуруҳнинг ўзидан тортиб Эрон ҳомийлиги остидаги бутун Исроилга қарши коалицияда ҳам ўзгаради.

«Ҳизбуллоҳ»даги руҳият синдирилди, аммо бу қанча вақтга?

«Ҳизбуллоҳ» — дунёдаги давлатники бўлмаган энг қудратли армия деб ҳам аталади. Кўплаб экспертлар фикрича, айни вақтда унинг энг катта муаммоси — руҳиятига путур етганидир. Фото: AFP

Ҳасан Насруллоҳ «Ҳизбуллоҳ»га 1992 йилда, олдинги етакчи, исроилликлар ракета зарбасига йўлиққан Аббос Мусавийнинг ўлимидан кейин раҳбар бўлганди.

Мусавий ҳам ўша вақтларда алмаштириб бўлмас етакчи деб кўриларди, лекин бундай ташкилотлар тизимида кун келиб раҳбарликни эгаллаши учун етиштириладиган номзодларни осон топиш мумкин.

Умуман олганда, одатда шундай бўлади ва «Ҳизбуллоҳ» ҳам истаса-истамаса, янги етакчиси номини эълон қилишига тўғри келади. Унинг биринчи қадами қандай бўлиши кўп жиҳатдан гуруҳ Насруллоҳнинг ўлимидан қанчалик тез ўзига келишига боғлиқ.

Кейинги кунларда «Ҳизбуллоҳ» сафларидаги асосий муаммо тўлиқ тушкунликка тушиш бўлади, деб ҳисоблайди экспертлар.

Узоқ вақт давомида ўзининг жойлашувини моҳирлик билан махфий тута олган Ҳасан Насруллоҳнинг ўлдирилиши Исроилнинг ҳарбий куч ва разведка борасидаги мутлақо устунлигини намойиш этди.

Байрутга йўлланган ва унинг ўлими билан якунланган зарбадан кейин «Ҳизбуллоҳ» Исроил томон бир неча бор ракета учирди, катта эҳтимол билан буни синиб қолмаганини кўрсатиш учун амалга оширди, аммо, таҳлилчилар фикрича, гуруҳдагилар нақадар қаттиқ зарбага учраганини англаб турибди.

«Бу кенг кўламли уруш ва Исроил бу имкониятдан тузилма раҳбариятини йўқ қилиш ҳамда „Ҳизбуллоҳ“ инфратузилмасини вайрон қилиш учун фойдаланмоқда», — дейди Лондон иқтисодиёт мактабининг халқаро муносабатлар бўйича профессори Фаваз Гергес.

Унинг фикрича, Ҳасан Насруллоҳнинг ўлимидан кейин «Ҳизбуллоҳ»нинг минтақадаги таъсири камаяди.

«Бу шоҳ ва мот! Биз босимни сусайтирмаймиз, биз шимолий чегара ҳудудидан қочишга мажбур бўлган одамларимизни уйларига қайтаришимиз лозим, биз шу йўналишда ҳаракатланамиз. Аммо «Ҳизбуллоҳ» эртами кечми бу зарбадан ўзига келиши мумкин ва биз бунга тайёр туришимиз лозим», — дейди исроиллик ҳарбийлар орасидаги манба BBC рус хизмати билан суҳбатда.

Ҳарбий салоҳият ва сиёсий келажак

Ҳасан Насруллоҳнинг ўлими «Ҳизбуллоҳ»нинг ҳарбий салоҳиятига зарар етказиши даргумон.

Насруллоҳнинг имкониятлари кўп жиҳатдан унинг Эрондаги шахсий алоқалари ҳамда эронлик ҳомийлар назаридаги обрўсига боғлиқ эди.

Аммо Теҳрондагилар унинг ўлими — Эроннинг Ливандаги таъсир доирасига ҳамда умуман Яқин Шарқдаги стратегик позициясига жиддий зарба эканини тушунади.

Шу туфайли, Эрон катта эҳтимол билан статус-квони тиклаш учун ўзига боғлиқ барча ишни қилишга шошилади, бу эса қурол-яроғ етказиб беришни ҳам ўз ичига олади.

Сўнгги йилларда «Ҳизбуллоҳ»нинг ливанликлар орасидаги обрўси сезиларли даражада пасайди, аммо унинг тарафдорлари ҳамон етарлича топилади. Фото: Anadolu

«Ҳизбуллоҳ» — нафақат радикал ҳарбийлашган гуруҳ, балки 2005 йилдан буён Ливан ҳукумати таркибига кирадиган сиёсий партия бўлиб, айни вақтда парламентда 15 вакилига эга.

2022 йилга қадар иттифоқчилар билан коалицияда (жумладан, бошқа бир радикал партия бўлмиш «Амал» билан) «Ҳизбуллоҳ» парламентдаги кўпчиликни ташкил этарди, аммо мамлакатдаги чуқур иқтисодий инқироз фонида бу устунлик бой берилди.

Шунга қарамай, унинг мамлакатдаги сиёсий таъсири ҳамон юқорилигича қолмоқда.

Исроил ва Ғарбдагилар фикрича, Ливан моҳиятан радикаллар қўлида гаровда қолмоқда ва ливанлик кўплаб сиёсатчилар ҳам бу фикрга қўшилади ва очиқчасига «Ҳизбуллоҳ»ни террорчилик ташкилоти деб атайди.

Ливанликлар ўртасида 2019 йилдан буён ўтказилган сўровларда ҳам «Ҳизбуллоҳ»нинг ҳаракатларидан норозилар миқдори ортиб борганини кўрсатади — уни коррупция схемаларига алоқадорликда, аҳолини қўрқувда ушлаб туришда ҳамда оғир иқтисодий инқирозга бефарқлик билан қарашда айблашади.

Энди Ливан ҳукуматидаги суннийлар ва христианлар заифлашган ва саросимага тушган «Ҳизбуллоҳ»ни сиёсатдан сиқиб чиқаришга ҳаракат қилиши мумкин, аммо бунинг учун қандай механизмлар борлиги ҳозирча номаълум.

Эҳтимолий ворис

Ҳошим Сафиуддин «Ҳизбуллоҳ»нинг юқори мартабали аъзоси Фуад Шукрнинг дафн маросимида, у жорий йил августида Исроил авиацияси зарбаси қурбони бўлганди. Фото: AFP

«Ҳизбуллоҳ»нинг янги етакчиси нафақат ташкилот ичидаги барча даражаларда, балки Эрондаги ҳамкорлар томонидан ҳам маъқулланиши керак бўлади.

Кўплаб экспертлар Насруллоҳнинг ўрнини эгаллаши эҳтимоли юқори бўлган номзод сифатида Ҳошим Сафиуддинни келтиришмоқда.

«Ҳизбуллоҳ»га яқин бўлган манбаларга кўра, у ҳам жума кунги зарба берилган ҳудудда бўлган ва омон қолган.

Ҳозирча у Исроил зарбаси вақтида Насруллоҳ билан бирга штаб-квартирада бўлгани ёки зарбага учраган бошқа бир иншоотда бўлгани аниқ эмас.

Сафиуддин — Ҳасан Насруллоҳнинг амакиваччаси ҳисобланади. У «Ҳизбуллоҳ»нинг сиёсий қанотини бошқарган ва гуруҳнинг «Жиҳод кенгаши» аъзоси бўлган.

2017 йилда АҚШ Давлат департаменти Сафиуддинни қидирувдаги террорчилар рўйхатига киритганди.

У бир неча бор Исроилга эскалация билан таҳдид қилиб, душманларни «йиғлаш ва кўз ёш тўкишга тайёр туриш»га чақирганди.

Мавзуга оид