Жаҳон | 20:38 / 30.09.2024
3864
2 дақиқада ўқилади

Путин ҳарбий хизматга чақириш ҳақидаги қарорни имзолади. Армияга 133 минг россиялик олиб кетилади

Қуролли Кучлар масъулига кўра, кузги чақирувдаги муддатли ҳарбий хизматчилар «махсус операция зонасида вазифаларни бажаришга жалб этилмайди».

Фото: ТАСС

Владимир Путин Россия фуқароларини ҳарбий хизматга кузги чақирув тўғрисидаги қарорни имзолади.

Қайд этилишича, 2024 йилнинг 1 октябридан 31 декабрига қадар 18-30 ёш оралиғидаги, захирада бўлмаган 133 минг россияликни ҳарбий хизматга юбориш режалаштирилган. Шу билан бирга, мазкур қарор билан белгиланган ҳарбий хизматни ўтаб бўлган ҳарбий хизматчилар захирага бўшатилади.

Россия Қуролли Кучлари Бош штаби Ташкилий-сафарбарлик бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари вице-адмирал Владимир Цимлянскийнинг маълум қилишича, кузги чақирувдаги муддатли ҳарбий хизматчилар «махсус операция зонасида вазифаларни бажаришга жалб этилмайди».

Унинг қўшимча қилишича, ҳарбий хизматга чақирув тўғрисидаги огоҳлантириш электрон эмас, олдингидек қоғоз шаклида тарқатилади. 2024 йил апрелда 1 ноябрдан чақирув қоғозларини электрон кўринишда тарқатиш бошланиши тўғрисида хабар берилганди. Сентябр ўрталарида келиб Россиянинг учта областида (Сахалин, Рязан областлари, шунингдек, Марий Эл Республикаси) тест режимида Ҳарбий ҳисобни юритишнинг ягона реестри ишга тушди ва у орқали чақирув хабарномаси келган-келмаганини аниқлаш мумкин.

Цимлянскийнинг сўзларига кўра, чақирилувчилар чақирув комиссияси қарори устидан судгача шикоят киритишлари мумкин. Улар «Давлат хизматлари» орқали электрон кўринишда шикоят йўллай олади.

Россияда баҳорги чақириқ давомида 150 минг фуқаро муддатли ҳарбий хизматга чақирилган эди.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид