Жаҳон | 20:41 / 01.10.2024
4895
2 дақиқада ўқилади

АҚШнинг собиқ президенти Жимми Картер 100 ёшга тўлди

Картер туғилган кунини рафиқаси Розалин билан бирга 1960 йиллар бошида қурган бир қаватли уйида нишонлаган.

Фото: AP

АҚШнинг 39-президенти Жимми Картер бугун, 1 октябр куни 100 ёшга тўлди — у Америка раҳбарлари орасида бу ёшга етган биринчи президент бўлди, деб хабар беради Associated Press.

Қайд этилишича, Картер туғилган кунини рафиқаси Розалин билан бирга 1960 йиллар бошида қурган бир қаватли уйида нишонлаган.

Охирги 19 йилдан бери Картер Жоржия штати Плейнс шаҳридаги хосписда яшаб келади. Шаҳар маъмурияти 1 октябр куни собиқ президент шарафига концерт ташкил этишни режалаштирган.

«Ер юзидаги барча инсонга ҳам 100 ёшга тўлиш насиб этмайди. Кимдир бу ёшгача яшаб, ўтган умрини яхши инсонларга яхшилик улашишга сарфлар экан — буни нишонлаш керак», — дейди собиқ президентнинг набираси Жейсон Картер.

Жейсоннинг таъкидлашича, унинг оиласи Жимми Картер 100 ёшини нишонлашини кутмаган.

17 сентябр куни Атлантадаги «Картер маркази»да собиқ президент шарафига турли артистлар, жумладан, 1976 йилда унинг сайловолди кампаниясида иштирок этганлар иштирокида катта байрам концерти бўлиб ўтганди. Тадбирда марказ дастурини молиялаштиришга 1,2 миллион доллардан ортиқ маблағ тўпланган.

Жимми Картернинг ўзи охирги марта қарийб бир йил олдин — рафиқасининг дафн маросимида оммага кўриниш берганди. Ўшанда у ногиронлар аравачасида ҳаракатланган. Картернинг набирасига кўра, унинг бобоси президентлик сайловида ўз овозини демократлардан номзодини илгари сураётган Камала Ҳаррисга бермоқчи.

Картер 1976 йилда Демократик партиядан президентликка сайланган ва 1981 йилга қадар Оқ уйни бир муддат бошқарган, у сайловларда республикачи Роналд Рейганга ютқазган. Истеъфога чиққанидан кейин Картер сўнгги йилларда соғлиғи ёмонлашгунча гуманитар лойиҳалар билан шуғулланишда ва дарс беришда давом этди. 2002 йилда у дунё бўйлаб можароларни тинч йўл билан ҳал қилиш ва инсон ҳуқуқлари учун курашга қаратилган саъй-ҳаракатлари учун Нобел тинчлик мукофотига сазовор бўлди.

Мавзуга оид